Саудия Aрабистони Молия вазирлигининг Лойиҳа бошқаруви бошқармаси раҳбарлигида қуйи давлат ташкилотлари билан келишилган ҳолда Каъбани даврий таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари ўтган шанба кунидан бошланди. Бу ҳақда “ИҚНA” сайти “ал-Явма-7” нашрига таяниб хабар берди.
Мазкур таъмирлаш Каъбани доимий парвариш қилиш ва уни энг яхши ҳолатда сақлашни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Саудия Арабистони ОAВларининг ёзишича, Каъбада даврий техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари Саудиянинг юқори мартабали мутасаддилари назорати остида амалга оширилади.
Мамлакат Молия вазирлигининг Лойиҳа бошқаруви бошқармаси масжид-муассаса ривожига масъул бўлган элита ходимлари иштирокида энг сўнгги технология ва юқори халқаро стандартлардан фойдаланган ҳолда Каъбани даврий таъмирлаш ишларини олиб боради.
Мазкур идора “Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий” нинг ривожланиш режаларини назорат қилиш учун масъул. Олдинги таъмирлаш ишлари 2019 йилда амалга оширилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Ислом Каримов мамлакатимиз тарихининг ғоят мураккаб ва масъулиятли даврида Ўзбекистонга раҳбарлик қилди. Унинг номи мустақилликнинг қўлга киритилиши, миллий давлатчилигимизнинг тикланиши ва юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлига чиқиши билан узвий боғлиқ.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Шу маънода, мустақиллигимизнинг пойдеворини яратишга, мамлакатимиз тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашга, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишга катта ҳисса қўшган инсонлар хотирасини эъзозлаш муҳим маънавий қадриятдир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътибори билан Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди.
Самарқандга ташрифлар чоғида унинг мақбарасини зиёрат қилиш эзгу анъанага айланди.
Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди.
Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.