Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Комил мусулмон – Исломнинг фарзларига тўлиқ амал қилувчи кишидир. Зеро, динимиз бешта асос устига бино қилинган. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда намоз ва Рамазон рўзаси бир қаторда зикр қилинмоқда.
Умуман олганда намоз ва рўза алоҳида-алоҳида ибодатлар бўлганидан намоз ўқимаган киши ҳам рўза тутиши мумкин. Лекин, ўрни келганда намозни қадри жуда юксак эканини, уни тарк қилиш катта гуноҳлигини эслатиб ўтамиз. Намоз ҳар бир балоғатга етган, ақлли кишига фарзи айндир. Қиёматда ҳам биринчи сўраладиган амалдир. Ҳар куни беш марта такрорлангани сабабли, намозни тарк қилган киши бир кунда беш марта катта гуноҳ иш қилган бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz