Ислом тарихига назар солар эканмиз, шу кунга қадар эътиқодий муҳим масалаларда тўғри йўлдан оғиб адашган, бошқаларни ҳам домига тортиб кетган кўплаб тоифа ва оқимларга гувоҳ бўламиз. Хавориж, шиа, жаҳмия, мўътазила, азориқа, қадария ва ҳоказо номларни келтириш мумкин. Дин душманлари тарафдан ҳар бир даврда турлича фитна иғво йўллари билан бу каби оқимлар ўртага чиқаверган, аҳли ҳақ олимлар томондан эса оммани уларнинг залолатларидан огоҳлантириш, уларга қарши илмий раддиялар ҳам изчил амалга ошириб борилаверган. Шулардан бири “Ҳизбут-таҳрир” оқимидир!
Ҳизбут-таҳрирчиларнинг бидъий қарашларидан бири “инсон амаллари (ҳар қандай ҳатти-ҳаракатлари)нинг яралиши масаласи”га доир бўлиб, уларнинг иддаосича инсоният ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ эмас. Бу ақиданинг асли эгаси тарихда қолиб кетган “уммат мажусийлари” деган жирканч лақабга ҳақли равишда эга бўлган жаҳмийлар бўлиб, улардан Восил ибн Ато бошлиқ мўътазилийларга мерос қолган эди.
Бу гуруҳлар – экстремистик гуруҳлардир. Экстремизм — ўта мутаассиб гуруҳларнинг ашаддий реакцион фаолияти бўлиб, ҳатто диннинг ўзига ҳам зарар келтиради. Уларнинг асосий мақсади – динни ниқоб қилиб, ҳокимиятни қўлга олиш, диний талабларнинг илк даражасига хос “софлиги”ни қайта тиклаш, диний талабларга мос сиёсий тузумни барпо этишдан иборат.
Экстремизм ва терроризм одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончига путур етказиб, халқаро миқёсдаги муаммоларни, жумладан турли диний эътиқод вакиллари бўлган халқлар, тамаддунлар (цивилизация) орасидаги ўзаро ишончга соя ташламоқда, жаҳон тараққиётининг тамал тоши бўлган халқаро иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда. Экстремизм, муқаддас динимиз, хусусан, энг мўътадил мазҳаб бўлмиш ҳанафий мазҳаби ақидаларига зид келади. Қуръони каримда таъкидланади: “Шундай қилиб, Биз сизларни ўрта уммат қилдик!” (Бақара сураси: 143-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ишларнинг энг яхшиси ўртача (мўътадил) бўлганидир” дея марҳамат қилганлар. Набий алайҳиссаломнинг ҳаётларига ибрат назари билан қарайдиган бўлсак, у зотнинг нақадар мўътадил, бағрикенг инсон бўлганларини кўрамиз.
Бугунги кунда динни ўзига ниқоб қилиб, ҳокимиятни қўлга олишга интилаётган турли оқим ва ташкилотлар ўз чиркин ғояларни тарғиб этишда ҳар қандай илғор услуллардан, хусусан интернет сайтларидан, турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланётгани ҳеч биримизга сир эмас.
“Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, унга (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди”.
Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик бўлади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.
Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин.
Охунжон домла Восиев.
Сайхунобот тумани“Абдуолим ота”
жоме масжиди имом хатиби:
Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.
Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!
"Имом Бухорий" ордени:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;
Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!
Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!
Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати