Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).
Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган (Туҳфатул аҳвазий. 3-жуз, 365-бет).
Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси” (Манба: Ал-Умм. 1-жуз, 264-бет).
Қуйида бу борада келган баъзи ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз: Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).
Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Рамазон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб бундай деганлар: “Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).
Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида бундай деганлар: “Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади” (Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).
Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду салавотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас
Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.
Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» ояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.
2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:
Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.
Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.
3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.
Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.
4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, “бу очиқ-ойдин сеҳрдир” дедилар» [Соф сураси, 6-оят].
Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.
5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.
6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].
Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].
Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.
Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.
Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.
Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.
7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.
1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].
Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].
Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.
Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].
Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.
2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].
Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].
Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!
Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.
3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.
Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.
Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага
.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган