Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Ёшларимизни ёт ғоялардан асрайлик! ­

05.03.2022   1629   4 min.
Ёшларимизни ёт ғоялардан асрайлик! ­

Ақида масаласида ёшлар тафаккурини шаклантириш ва ёшларни ҳамда бутун жамиятнинг маънавиятини нотўғри ақидалардан ҳимоялаш, бугунги кунда барчамизнинг долзарб вазифамиз ҳисобланади. Ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясида бунга катта эътибор беришлари керак. Лекин айрим ота-оналар бола тарбиясида бепарволик қиладилар. Улар шахсий юмушлари, кўча-кўйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплашни биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланишни иккинчи даражали иш ўрнига қўйишади.


Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Расулуллоҳ (с.а.в) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди. Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли низо ва қонли тўқнашувлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар.


Афсуски, сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.


“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага боришига қиёсан қўлланилиб, диний экстремизм оқим етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта  иддаолар билан алдамоқда.


Абу Усмон Мужошиъ ибн Маъсуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам): “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, деганлар. “Ҳижрат” ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган кишидир”, деганлар. Ибн Умар (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васалам) ҳузурларига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот (соллаллоҳу алайҳи васалам) эса, “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар. (Абу Довуд ривояти).


Сайидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васалам) ва у зотдан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашини рад этмаганлар.


Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни ҳифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин.

Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

24.08.2026   10234   1 min.
“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

Иорданиянинг  нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.

Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари