Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Нажот фақат илмдадир, ҳалокат эса жаҳолатда

02.03.2022   1818   5 min.
Нажот фақат илмдадир, ҳалокат эса жаҳолатда

Илм олиш динимизда фарз қилиниб бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Ҳамда Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга буюрган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бор “Ўқи” деб нозил бўлган оят сўзимизга далил бўла олади. Илмнинг калити ўқишдир.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни иймонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган ҳадисда: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, — деганлар. Ибн Можа ривоят қилган.

Ислом дини диний ва дунёвий илмга умумий даъват қилган. Масалан, Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, — дедилар”. Аммо  динда фақиҳ бўлишга алоҳида урғу берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, — дедилар. Бу ҳадис Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят бўлган. Муттафақун алайҳ. Ушбу ҳадисга биноан илм эгалари улуғ фазилат эгаси эканликлари маълум бўлади.

Улуғ зотлардан бири: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”, — дедилар.

Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир. Дунёвий илмлар фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига боғлиқдир. Ислом динидаги  бу ҳукмлар аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.

Ривоятларда келишича, бир киши бир улуғ зотнинг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, — деб сўрабди. Шунда у улуғ зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, — деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.

 Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олишнинг ибодат эканини билдиришимиз керак. Устоз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ўзларига юклатилган бурч ва масъулиятни яхши англаб, таълим ва тарбияни пухта олиб боришлари керак бўлади. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Жаҳолат бу – зулм ва хавф-хатар экан. Бундан қутилишнинг ягона йўли эса, илм олишдир. Демак, инсон Фақат илм билан жаҳолатдан нажот топади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур сўзларидан бирида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, — деганлар. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, — деганлар. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсон илм орқали охирати ва дунёсини обод қилади. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳада китоблар нашрдан чиққан ва чиқмоқда. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик.

Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик!

Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган устоз ва мураббийларимизни паноҳида асрасин!

 

Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жаннатнинг мисоли

26.08.2026   24881   3 min.
Жаннатнинг мисоли

“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли шуки, унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир” (Раъд сураси, 35-оят).


Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бир­бирига ўхшаш эмас.


Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).


Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.


Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.


Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.


Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.


Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.


Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.


Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан

Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ибратли ҳикоялар