Ислом – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қиладиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Бироқ турли экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, ўз манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.
Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда бузғунчи тоифалардан огоҳлагнтириб шундай марҳамат қилади:
«Уларга: «Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!» - дейилса, улар: «Албатта, биз чин ислоҳчилармиз», - дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара, 11-12).
«Биз ислоҳотчилармиз» дея иддао қилаётган бундай оқимлар ўзларининг қарашлари ва амалиётига қўшилмаганларни «адашганлар»га чиқармоқда. Бундай ёндашув ва талқинлар замарида жамиятдаги ижтимоий бирликка таҳдид солиш ва ички парокандаликни келтириб чиқариш мақсади мавжудлигини англаш қийин эмас, балки уларнинг асл мақсади ҳам айнан шудир! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 60 оятида: «Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!», деган хитобига эътибор қаратадиган бўлсак, Имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида: «Аллоҳ тартиб ўрнатилгандан кейинги ҳар қандай бузғунчи ва вайронакорликни унинг катта ё кичиклигидан қатъи назар, ҳаром қилди», деб, таъкидлаб келтирадилар.
Экстремистик оқимлар ўзларининг манфур ниятлари ва амалиётларини оқлаш мақсадида муқаддас ислом номи билан турли «фатволар» бериб келмоқда. Масалан, улар бунинг учун мутлақо асоси бўлмаган воқеани ўзларига далил қилиб олишган. Унга кўра, гўёки, Тоифга қоронғуда ҳужум қилинган, оқибатда аёллар ва ёш болалар ҳам ҳалок бўлган, саҳобалар бунинг ҳукмини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўраганларида «Сизларнинг мақсадингиз мушриклар эди, қоронғуда ажратиш мураккаб бўлгани боис улар ҳам мушриклардандир» деган сохта ҳадисни асос қилиб, жамоат транспорт воситалари (автобус, поезд ва самолёт)ни олиб қочиш ва бегуноҳ одамларни гаровга олиш мумкинлигини уқтиришмоқда. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Дарҳақиқат, сиздан олдингиларни ўзаро қон тўкишга ва тақиқланган ишларни мумкин деб олишларига уларнинг динда чуқур кетишлари сабаб бўлди», дейдилар.
Афсуски, динда чуқур кетиш оқибати ислом уламоларининг кўрсатмаларини инкор қилишдан тап тортмайдиган, диний бирлик, ақидавий якдиллика очиқдан-очиқ таҳдид туғдирувчи, ўзаро низоларга кўмилиб кетган гуруҳларнинг пайдо бўлишига ғоявий замин яратмоқда. Аллоҳ бузғунчиликни севмаслигини, бундай ҳаракатлар ислом дини таълимотига мутлақо зид эканини Қуръони каримнинг «...Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай» (Юнус, 81), оятидан ҳам кўришимиз мумкин.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (хорижийлар ҳақида огоҳлантириб): «Улар Қуръонни ўқиганда ўзларининг фойдасига деб ўйлайдилар, аслида эса у уларнинг зарарига юради», - дедилар».
Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Кимки раҳмли бўлмаса, у раҳм қилинишдан маҳрумдир».
Бузғунчилик ишларини дин номидан амалга ошириб, ўзларининг мудҳиш қилмишлари ва жиноятлари билан ном қозонган хорижийларнинг «Ҳукм фақат Аллоҳникидир», деган даъволарига қарши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ҳақ сўз билан ботил ирода қилинибди», деганлари эса, бугунги кундаги бузғунчи тоифаларнинг қилмишларига ва унинг асоси ҳамда оқибатларига ҳам кучли раддиядир.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Мўмин яхши ишлар қилса ҳам, Аллоҳдан қўрқиб туради, мунофиқ эса ёмон иш қилиб туриб, хотиржам юради», деганлари ҳам мўмин-мусулмонларга, инсониятга бесабаб зарар ва зулм қилиш кишининг ким экани ҳақида хулоса беради.
Имом Ғаззолий ҳазратлари эса: «мутаассиблар диндан фойдаланган ҳолда кишиларга ҳужум қиладиган катта йўлдаги қароқчилардир», деб таъкидлайдилар.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, бугунги кунда ҳам ҳар бир шахс таассубдан узоқ бўлиши, бузғунчилик ва вайронкор ғоялардан огоҳ бўлиши, Ислом дини ақидаларини яхши билиши, уларга амал қилиши ва улар асосида маънавий ҳимояланиши ҳар доимгидек долзарб бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Акмалхон Аҳмедов
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати