Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Миссионерлик лотинча «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миесионер эса "вазифани бажарувчи" деган маъноларни англатади. Умумий маънода белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Миссионерлик билан бир қаторда прозелитизм ҳақида ҳам гапиришади? Унинг моҳияти нимада?
Прозелитизм тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда.
Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса, ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.
Христиан ёки бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Оилада қизнинг ота-онаси мусулмон. Албатта, улар ўз қизларини мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо христианликни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши амри маҳол.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерликнинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низолар ва жанжалларнинг авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради.
Христиан миссионерлиги қандай ғоявий-ақидавий асосларга таянади?
Маълумки, христианликнинг айрим йўналишларида "Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт", – деб ҳисобланади. Ийсо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани ҳақида Марқдан ривоят қилинган "Инжил"да келтирилган қуйидаги сўзлар бундай қарашлар учун асос қилиб олинади:
"... 15. Ийсо шогардларига деди: «Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар".
Бундай даъват Маттодан ривоят қилинган «Инжил»да ҳам мавжуд. Унда Ийсо ҳаворийларга яқинлашиб, шундай дегани қайд қилинади:
"19. ...барча халкдардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўқинтиринглар.
20. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсаларга амал қилишни уларга ўргатинглар...".
Юқоридаги каби чақириқларни «Инжил»дан яна кўплаб топиш мумкин. Аммо миссионерлар ўз фаолиятини ташкил этишда асосан қайд этилган далилларга таянадилар.
Шу ўринда адолат юзасидан бир фикрни алоҳида қайд этиш лозим. Кўпчилик ҳолларда муайян дин доирасида шаклланган у ёки бу кўрсатмалар, ақидалар конкрет тарихий шарт-шароит билан боғлиқ бўлади ва ўз даври учун тўғри ҳисобланади, Вақт, шароит ўзгариши билан ўзининг бирламчи аҳамиятини йўқотган бундай кўрсатмалар ўша даврдаги тарихий вазиятни тушуниш ва баҳолашда қимматдорлик касб этади. Миссионерлар ўз фаолияти учун асос сифатида "Инжил"дан келтирадиган юқоридаги сўзлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Зеро, Ийсо Масиҳ томонидан қилинган бундай даъватлар кўп худолилик ўрнига якка худоликни тарғиб қилиш билан боғлиқ эди. Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги яккахудоликка асосланган ўз динларига эътиқод қилади. Шундай экан, қайд этилган кўрсатмаларни миссионерлик билан шуғулланиш учун ғоявий асос қилиб олиш тарих ҳақиқатига зид эканини таъкидлаш зарур.
Миссионерлар бундай фаолиятни Исонинг ўзи бошлаб берган эди, деб таъкидлашни хуш кўрадилар. Уларнинг бундай даъволари нечоғлик тўғри?
Бундай қарашлар қачонлардир содир бўлган тарихий воқеаларни ғараз мақсадларда бузиб талқин қилиш ҳосиласидир. Миссионерлар, одатда ўз қарашларини асослаш учун Лукодан ривоят қилинган "Инжил"да Ийсо Масиҳнинг ўз шогирдларини турли қишлоқларга юборгани ҳақидаги қуйидаги сўзларни келтирадилар:
"6. Шогирдлар жўнадилар. Кишлоқдан-қишлоққа ўтиб бориб, ҳаммаёқда Хушхабарни тарғиб қилар... эдилар".
Айнан ушбу сатрларни миссионерлар турли жойларга миссионерларни жўнатишни Ийсонинг ўзи бошлаб берган ва илк миссионерлар ҳаворийлар бўлишган эди, деб талқин қилишади. Аммо Ийсо Масиҳнинг бу даврдаги фаолияти фақат яҳудийларгагина қаратилган эди. Бу инкор этиб бўлмайдиган тарихий ҳақиқат эканини "Инжил"даги қуйидаги сўзларда ҳам кўришимиз мумкин:
"...5. Ийсо бу ўн икковини жўнатиб, буйруқ берди: «Мажусийлар йўлига оёқ босманглар ва самарияликларнинг бирон шаҳрига кирманглар.
6. Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи оддига боринглар".
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Ийсо ва унинг шогирдлари томонидан амалга оширилган даъватлар Иерусалим (Қуддус) шаҳри чегарасидан чиқмаганини кўзга кўринган христиан тарихчилари ҳам эътироф этадилар. Аммо замонавий миссионерлар, уларнинг мақсадларига хизмат қилмагани учун, бундай фикрларни билиб билмасликка олишга, тарихий ҳақиқатдан кўз юмишга ҳаракат қиладилар.
Миссионерлар христианликнинг Исроил ҳудудидан ташқарига ёйилишини ҳам илк миссионерлар фаолияти билан боғлашади. Шу тўғрими?
Нотўғри. Тарихчилар христианликнинг Қуддус шаҳри чегарасидан ташқарига чиқишини 37 йилда христианларнинг қувғин қилиниши билан боғлайдилар. Қувғинга учраган христианлар ҳозирги Исроил ҳудудининг жануби ва шимолида жойлашган қадимги Иудея ва Самария вилоятлари бўйлаб тарқаб, ҳамма жойда ўз динларини тарғиб қила бошлаганлар. Бу воқеа "Инжил" таркибига кирувчи «Ҳаворийлар» китобида қуйидагича акс этган:
"4. Шу орада тарқалиб кетганлар Инжил Хушхабарини тарғиб қилиб юришди".
Ҳатто Қуддус черковининг асосан хўжалик ишлари билан шуғулланадиган, энг қуйи – диакон (юнонча – Шакопоз-хизматчи) лавозимини эгаллаган ходимлари ҳам ўзларининг маъмурий ишларидан ажралиб, моҳир "хушхабарчи"ларга айландилар. Улардан энг машҳури «Даъватчиларнинг отаси» номини олган диакон Филиппдир. Айнан у Самария ўлкасида фаолият юритган, унинг пойтахти Себаста шаҳрида жуда кўплаб кишиларни христианликка киритиб, оммавий чўқинтирган.
Шундай бўлса-да, диакон Филипп ва унга ўхшаган кўпгина хушхабарчилар, Исо Масиҳ таълимоти яҳудийларгагина тааллуқли, деган ёндашувдан келиб чиқиб, асосан яҳудийлар орасида тарғибот ишларини олиб борганлар.
Бироқ кейинроқ илк христиан "даъватчилари" аста-секин Ўрта денгиз бўйлаб Аппенин ярим оролига ҳам кириб боришади. Рим империясида уларга салбий муносабат билдирилса-да, улар империянинг марказий ҳудудлари ва пойтахтига кўчиб келишда давом этаверишган.
IV асрга келиб "даъватчилар" хатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Христиан "даъватчилари" аста-секин Оврўпанинг шимолий ҳудудларига ҳам кириб бордилар ва христианлик Рим империясининг улкан ҳудуди бўйлаб эски динлар устидан ғалаба қозонди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юқоридаги каби қарашлар турли тушунчалар мазмунини атайлаб чалкаштириб, тарихий воқеликни бузиб талқин қилиш натижасидир. Чунки христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган "даъватчилар" (гарчанд уларга нисбатан ҳам "миссионер" сўзини қўллаш кенг тарқалган бўлса-да) билан бугунги "миссионерлар" орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Зеро, ўз даврида христианликнинг фаол тарафдорлари томонидан "даъватчилик" ишларининг олиб борилиши, ўз таълимотларини тарқатишга ҳаракат қилишлари табиий бир ҳол эди. Бугун дунёнинг диний манзараси ўзининг аниқ шаклу шамойилига, турли халқлар асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга бўлган бир даврда илк "даъватчилик"дан фарқли равишда миссионерлик миллат, жамиятни диний асосда бўлиб юборишга қаратилган бузғунчиликнинг бир кўринишига айланиб қолганини алоҳида таъкидлаш зарур. Миссионерларнинг аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини исломга эътиқод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам бундай бузғунчиликка ёрқин мисол бўла олади.
Islom.uz портали таҳририяти
Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида ICESCOнинг Боку минтақавий ваколатхонаси ҳамда Истиқболни режалаштириш ва сунъий интеллект маркази (Center for Foresight and Artificial Intelligence – CFAI) ҳамкорлигида “Ислом оламини келажакка тайёрлаш: стратегик истиқбол қўлланмасини тақдим этиш ва мослаштириш” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида ICESCOнинг Боку минтақавий ваколатхонаси директори Абдулҳаким Ал-Сенан, ICESCO Бош директори доктор Салим бин Муҳаммад Ал-Малик (видеомурожаат орқали), Янги Жануб сиёсат марказининг катта илмий ходими Нужа Шекруни, Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти Актоти Райимқулова ҳамда Истиқболни режалаштириш ва сунъий интеллект маркази директори Каис Ҳаммами сўзга чиқиб, стратегик истиқболнинг давлат бошқарувидаги ўрни, сунъий интеллектнинг имкониятлари ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан маърузалар қилдилар.
Мазкур тадбир ICESCOга аъзо давлатларда стратегик истиқболни режалаштириш салоҳиятини ривожлантириш, давлат бошқаруви ва қарор қабул қилиш жараёнларига замонавий прогнозлаш усулларини жорий этиш, шунингдек, глобал ўзгаришларга мос ёндашувларни шакллантиришга бағишланди. Шу билан бирга, анжуман мусулмон мамлакатлари ўртасида илмий, маданий ва инновацион ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ислом цивилизацияси меросини асраш соҳасида қўшма ташаббусларни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтади.
Анжуман доирасида ICESCOнинг Strategic Foresight Guide – стратегик истиқболни режалаштириш бўйича қўлланмаси расман тақдим этилди. Ушбу ҳужжат ташкилотга аъзо давлатларда миллий истиқболни режалаштириш имкониятларини кучайтириш, давлат сиёсати, стратегик режалаштириш ва бошқарув тизимига илғор прогнозлаш усулларини интеграция қилишга қаратилган институционал дастурий ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, тадбир иштирокчилари мазкур қўлланмани аъзо давлатларнинг тажрибаси, илмий ёндашувлари ва миллий устувор йўналишлари асосида янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашдилар.
Халқаро анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов ҳам иштирок этиб, “Сунъий интеллект даврида ислом цивилизацияси: меросни асраш, рақамли трансформация ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида маъруза қилди.
Маърузада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ислом цивилизацияси меросини илмий ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни замонавий рақамли технологиялар асосида кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Марказ музей, илмий тадқиқот, таълим, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорликни ўзаро уйғунлаштирган замонавий илмий-маърифий платформа ҳисобланади.
Маърузада сунъий интеллект, катта маълумотлар (Big Data), рақамли технологиялар ва виртуал муҳитлар жадал ривожланаётган бугунги даврда ислом цивилизацияси меросини асраш ва уни келажак авлодларга тўлиқ ҳамда ҳаққоний етказиш долзарб вазифага айлангани таъкидланди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ишончсиз маълумотларнинг кўпайиши, исломофобия ҳолатлари ва ноёб қўлёзмаларнинг халқаро бозорларда парчаланиб сотилиши каби омиллар маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида янги ёндашувларни талаб этаётгани қайд этилди.
– Бугун маданий меросни муҳофаза қилиш фақат музейлар ёки архивлар вазифаси эмас. Бу халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий ҳимоя, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини бирлаштиришни талаб этадиган умумий масъулиятдир. Сунъий интеллект олимнинг ўрнини эгалламаслиги, балки унинг ишончли ёрдамчиси бўлиши лозим, – деди Рустам Жабборов.
Маърузада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ислом цивилизацияси меросини илмий ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни замонавий рақамли технологиялар асосида кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, Марказ музей, илмий тадқиқот, таълим, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорликни ўзаро уйғунлаштирган замонавий илмий-маърифий платформа ҳисобланади.
Шунингдек, маърузада келгуси 20–25 йилда сунъий интеллект технологиялари қўлёзмаларни рақамлаштириш, таҳлил қилиш, реставрация қилиш ва турли тилларга таржима қилиш жараёнларида муҳим ўрин эгаллаши, музейлар эса экспонатларни сақлаш жойидан билим яратувчи интеллектуал марказларга айланиши ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбир ICESCOга аъзо давлатлар ўртасида стратегик истиқболни режалаштириш, маданий меросни асраб-авайлаш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда мусулмон мамлакатлари ўртасида илмий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати