Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу масжидда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эди. Қавмининг олдига борганида уларга ҳам намоз ўқиб берар эди. Бир куни у намозларидан бирига Бақара сурасини зам қилди. Намозда унга саҳобалардан Ҳаром ибн Милҳон розияллоҳу анҳу иқтидо қилган эди. У намозини тез ўқиб, сўнгра боғига бориб хурмоларини суғормоқчи эди. Муоз намозни чўзиб юборгач, Ҳаром ибн Милҳон намозни тарк қилди. Ўзи ўқиб олиб сўнгра боғини суғоргани кетди. Муоз намозни тугатгач Ҳаром ибн Милҳон розияллоҳу анҳунинг қилган ишини унга бошқалар айтишди. Шунда Муоз розияллоҳу анҳу: “У мунофиқдир!”, деди.
Ҳаром ибн Милҳон розияллоҳу анҳу Муоз розияллоҳу анҳунинг гапини эшитгач, ундан шикоят қилиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Муоз ҳам ўша ерда эди. Ҳаром ибн Милҳон деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Мен боғимни суғормоқчи эдим. Намоз ўқигани аввал масжидга кирдим. Муоз намозни чўзиб юборгач, намозни бузиб ўзим ўқиб олдим ва боғимни суғоргани кетдим. У эса мени мунофиқ дебди.
Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Муозга қараб дедилар:
- Сен фитначимисан, эй Муоз?! Намозни чўзиб юборма. Аммо “Саббиҳисма”ни, “Ваш шамси ва зуҳоҳа” ва шуларга ўхшашини ўқигин!
©️ shoshhanafiy
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати