Ўзининг жоҳилона фатволари билан машҳур бўлган А.Зуфар яна бир ғароиб чиқиш қилди. Гўё Соф Ислом таълимотларини ҳеч қанақасига расмий олимлар ва муассасалардан олиб бўлмайди. Ҳақиқий ислом таълимотларини фақат ва фақат норасмий домлалардан топиш мумкин, деган фикрни олға сурди. Ўзининг гапларига Имом Маҳдий ҳақидаги ҳадислардан ишоралар топиб, далил қилган.
Лекин ҳақиқат ва воқеълик шуки барча замонларда ҳам, Ислом таълимотлари барча мусулмонлар тан олган, севиб қабул қилинган олимлардан қабул қилинади. Масалан, Исломни етказувчи биринчи муаллим Пайғамбаримиз алайҳиссалом бўлганлар, сўнгра эса саҳобалар келишди. Саҳобалар даврида тўрт халифа Исломни халққа етказишда жонбозлик кўрсатиб, олимларга раҳбар бўлиб туришди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва тўрт халифа айни расмий давлат бошлиқлари эдилар. Кейин тобеъинлар ичидаги олимлари, муфтийлари дин ҳукмларини халққа етказганлар. Кейин мужтаҳидлар даврида сараланиб, сараланиб охирида тўрт фиқҳий мазҳабни Ислом уммати қабул қилди, улардан Ислом динининг ҳукмларини қабул қилиб олди. Мазҳаблар баён қилган ҳукмлар тарқалишида эса расмий қозиларнинг ҳиссаси катта бўлган. Масалан, Имом Абу Юсуф Абу Ҳанифанинг атоқли шогирди, буюк фақиҳ ва мужтаҳид, Аббосийлар давлати (Маҳдий, Ҳодий ва Рашид даврлари)нинг энг катта қозиси эди. Уларнинг ҳар бири, айниқса, Ҳорунур-Рашид уни эъзозлаб, катта ҳурмат кўрсатарди. Имом Абу Юсуф ҳанафий мазҳаби масалалари тарқалишига катта ҳисса қўшган.
Энг муҳим жойи, бизгача Ислом динини етиб келишида минглаб олиму фузалоларнинг ҳиссаси бор. Тўғри уларнинг ичида расмий лавозимлиси ҳам, лавозимга эга бўлмаганлари ҳам бор, лекин уларнинг ҳаммаси Аҳли суннага тегишли олимлар бўлган. Ҳозир ҳам ҳақиқий Ислом динини кейинга авлодга ўргатаётганлар турли мақом ва мартабаларда бўлсаларда Аҳли сунна олимларидир. Улар ичида расмий лавозимлар ва расмий таълим муассасаларида хизмат қилувчилари кўпчиликни ташкил этади. Ваҳҳобийлик, салафийлик ва такфирчи жамоалари эса бу рўйхатдан ташқарида. Тўғри улар ҳам нималарнидир ўргатишмоқда, лекин асос тўғри бўлмагандан кейин, ўргатган нарсалари динда ғулувга кетишга, мусулмонларни такфир қилиб, қонини ҳалол санаб, уруш қилишга, Ислом уммати ўртасига фитна солишга сабаб бўлмоқда. Эътибор қилинг, қаерда ихтилоф бўлса, ўша ерда салафийлар бир томонда турган бўлади.
А.Зуфар келтирган Имом Маҳдий ҳадиси у ва унга ўхшаган беркиниб олиб, турли ботил фатволарни бериб келаётганларни оқламайди ҳам, уларга далил ҳам бўлмайди. Имом Маҳдийнинг норасмий киши бўлиши ҳеч қачон уларнинг ботил фатволарию эътиқодларини тўғри қилиб қўймайди. У гўё ўзини Имом Маҳдий ўхшатмоқчи бўлганек. Аслида улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.
Энди соф Исломни тарқатишни даъво қилаётган норасмий А.Зуфарни ўзига тўхталамиз. Унда ўтган уламоларни сифати борми?!
Биринчидан, унинг устозлари номаълум. Маълум қилганда ҳам салафийлардан экани аниқ. Юқорида айтилгани каби динни устозию, эътиқоди номаълум ёки салафий экани аниқ бўлган кишилардан ололмаймиз. Чунки бу оқим 18 асрдан буёғига бош кўтариб чиққан.
Иккинчидан, у ва унинг номаълум норасмий устозлари ҳозиргача соф ислом деб нимани ўргатишди?! Уларнинг тутган йўли:
1. Кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган ояти карималарни мўминларга татбиқ қиладилар.
Натижада ўзидан бошқа кўпчиликни кофир ё мунофиққа чиқаради. Ахир мўминни кофир деган одам ўзи кофир бўладику!
2. Бир одамни мўминлигига далил сўраш учун Аллоҳ қаерда, деб савол беради.
Абдулло Зуфар ва уни норасмий домлалари Аллоҳ таолога жисм макон исбот қилиб, ҳақиқатда Аллоҳ аршда ўтиради, дунё осмонига тушади деб, мужассима тоифасининг куфрий эътиқодини ўзига олади.
3. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қабриларини зиёрат қилишда фойда йўқ деган ботил фатвони тарқатишади.
4. Гўё соф исломни ўргатаётган у ва норасмий устозлари фақат мусулмонлар диёрига уруш қилиб, одам ўлдириб, ўзлари Англия, Америка, Россияга ўхшаш давлатларга беркиниб, улардан қурол олиб, мусулмонларни ўлдиришга фатво беришмоқда.
5. Ота онанг дунёга келишингга сабабчи холос, бошқа ҳеч ким эмас деб ўргатадилар. А.Зуфар ҳижрат ва жиҳод учун ота-онани алдаш ҳам жоиз деган гапларни ҳам гапирди. Ваҳоланки, ота-она рози бўлмаса, фарзанд бу ишларга чиқа олмайди.
6. Соф ислом шайтонни шохи ўша жойдан чиқади, дея башорат берилган Абдулваҳҳоб Наждийнинг йўлими ёки шу саналган ботил ишлар соф Исломни ўргатиш деб аталадими?!
Ислом уммати ҳеч қачон залолат устида жам бўлмайди. Умматнинг А.Зуфарга ҳам, унга ўхшаган норасмий устозларига ҳам эҳтиёжи йўқ. Керак бўлса 18 асрда чиққан уларнинг раҳнамоларидан аввал ҳам Ислом бор эди, бундан кейин ҳам бўлади. Ўзларининг бузуқ тушунчаларини соф ислом қилиб кўрсатадиган шахсларнинг бизга кераги йўқ.
Тавфиқ Аллоҳдан.
Юнусхон Мамарасулов
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси