Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Ибн Аби Дунё ва ал-Ҳоким ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Руҳул қудус менинг кўнглимга «Нафс ўз ризқини тўлалигича олмагунича зинҳор ўлмас. Аллоҳга тақво қилинглар, талаби ризқни гўзал қилинглар, ризқнинг кеч қолиши сизни уни Аллоҳга маъсият ила талаб қилишга олиб бормасин. Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У Зотга тоат қилиш ила эришилади», деган маънони солди», деганлар.
Бу ҳадисдан ҳам бир неча муҳим фойдалар оламиз:
1. Ҳар бир жон ризқини тўла олиши муқаррар экани.
2. Талаби ризқни тақво асосида, ҳалол йўл билан қилиш зарурлиги.
3. Ризқи кеч қолса, ҳаромга қўл уриш мумкин эмаслиги.
4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсага эришаман деган одам У Зотга тоат қилмоғи лозимлиги.
Имом Байҳақий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Албатта, ризқ бандани худди ажали уни қувгандек қувиб юради».
Демак, ризқ адашиб кетиши мумкин эмас экан.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Албатта, Аллоҳ покдир ва покдан бошқани қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилган, «Эй пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман», деган».
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ризқни пок ва нопокка тақсим қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло фақатгина ҳалол, пок ризқнигина қабул қилишини таъкидлайди. Ажру савоб ҳам шунга боғлиқ. Аллоҳ таоло ҳаром, нопок ризқни қабул қилмайди. Балки унинг сабабидан жазолайди, азоб беради.
Мўмин киши ризқ Аллоҳ таолодан эканлигига иймон келтирганидан кейин очкўз бўлмайди ва ҳаромга қўл урмайди.
У ҳалол, пок йўл билан ризқини териб ейишни йўлга қўйиб, қаноат билан саодатли турмуш кечиради.
«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорум Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “МИР 24”, “Sputnik Узбекистан”, “Islam News”, “Дайджест Москва-Баку”, “TRT на русском”, “CGTN-Русский” каби йирик оммавий ахборот воситаларида медиафорум ҳақида туркум материаллар эълон қилинди.
Манбаларда форумнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Тадбирларда 50 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин соҳа мутахассислари ва халқаро медиа етакчилари иштирок этди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихий манбаларни рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларини жорий этишдаги инновацион ўрни юқори баҳоланган.
Россия медиа оламида Ўзбекистондаги ўзгаришлар фақат тарихий ёдгорликлар ва сайёҳлик салоҳияти билан чекланиб қолмай, балки IT соҳаси, қурилиш, тиббиёт ва иқтисодий тараққиётдаги муваффақиятлар орқали янгича талқинда намоён бўлаётгани алоҳида таъкидланган.
Анжуман доирасида Россия, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида “Шамойили набавийя” қўлёзмасини нашр этиш ва Катта Лангар Қуръонини атрофлича тадқиқ қилиш каби аниқ амалий лойиҳаларга старт берилгани эътироф этилди.
Шунингдек, Россиянинг “Россия” миллий маркази ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ўзаро “Россия ва Ўзбекистон кунлари”ни ўтказиш бўйича муҳим келишувга эришилгани хабар қилинди.
Россия ахборот майдонида Ўзбекистон бой қўлёзма ва илмий мерос соҳиби, тарихий манбаларни рақамлаштирувчи марказ ҳамда гуманитар-маданий соҳада ишончли ва ташаббускор ҳамкор сифатида гавдаланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати