Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган кишилар афв этилиб, жамиятимизда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериб келинмоқда.
Муҳтарам Юртбошимизнинг афв этиш тўғрисидаги фармони билан оиласи бағрига қайтган шайхонтоҳурлик отахон ўтмиши ҳақида бундай сўзлаб берди: “Отакасб – устачилик орқали оила тебратар, рўзғордаги кам-кўстни уловимда киракашлик қилиб тўлдирардим. Турмушим шу зайлда ўтарди. Бу ҳолат бир киши билан танишгунимча давом этди. Кутилмаган “дўст”нинг ғамхўрлиги сабаб тезда яқин қадрдонга айландик. У менинг диний билимим етарли эмаслиги, илм ўрга нишим кераклиги, бунинг учун ҳар қандай ёрдамга тайёрлигини айтарди. Давомий насиҳатлардан сўнг у берган китобларни ўқидим.
Унинг тавсияси билан “Ҳалқа” деб номланган ҳафталик, сўнгра ойлик катта йиғинларга ҳам қатнаша бошладим. Шу тариқа дунёга бошқача назар билан қарайдиган бўлдим. Учрашувларнинг бирида мени “Ҳизбут таҳрир” оқимига аъзо қилишди. Кейин эса тарафдорлар йиғиб, дарс ўтишим кераклигини айтишди. Баъзида гуруҳнинг айрим аъзолари қўлга тушиб қолар, бундай пайт ишни бироз тўхтатиб турардик. Мендаги ўзгаришни сезган яқинларим тўғри йўлга қайтаришга ҳаракат қилишди. Аммо уларнинг гап-сўзи қулоғимга кирмас, баъзида кўнглимда уйғонган қўрқув ва иштибоҳлар йиғинлардаги таъсирли даъватлардан сўнг йўқоларди…
2005 йил февраль ойида бир хонадонда устачилик қилаётганимда ички ишлар идораси ходимлари мени олиб кетишди. Айбимга иқрор бўлдим. Узоқ йилга озодликдан маҳрум этилганим тўғрисидаги суд ҳукми ўқилганида яқинларимнинг кўзларига қаролмадим. Нафақат ўзим, балки бутун оилам шаънини топтаганимни билдим, аммо кеч бўлган эди…
Жазони ижро этиш муассасасидаги кутубхонада соф Ислом динига оид китобларни ўқиб чиқдим. Маънавий-маърифий тадбирларда доимий қатнашиб бордим. Натижада қилган хатойимни тушуниб етдим…
Алҳамдулиллаҳ, жазо муддатим тугамасдан оилам бағрига қайтдим. Бунинг учун ҳукуматимиздан миннатдорман. Ҳозир яқинларим даврасида, фарзандларим қуршовида
кексалик гаштини суряпман. Қолган умримда куч-ғайратимни халқимиз ишончини оқлашга, фақат яхшилик қилишга, набираларимнинг тарбиясига бағишлайман, иншоаллоҳ”.
Бу – бир кишининг бошидан ўтказганлари. Суҳбатдошимиз каби кўплаб юртдошларимиз ўз оиласи бағрига қайтди…
– Динимиз таълимотларида афв мақталган фазилат ҳисобланади, – дейди Чилонзор туманидаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов. – Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ушбу сифат билан зийнатланишга буюради: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Ушбу оят нозил бўлганда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраганлар. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло зулм қилган кишини афв этинг, бермаган кишига беринг, сиздан узилиб кетган кишига яқин бўлинг, деб буюрмоқда”, деганлар (Имом Табарий тафсири).
Ана шу олижаноб сифатларга эга бўлган киши бу дунёда инсонларнинг меҳр-муҳаббати, олқиши ва мақтовига сазовор бўлади, турли ё монликлардан сақланади. Охиратда эса улуғ неъмат – жаннатга ва Раббимизнинг розилигига эришади. Аллоҳ таоло барчамизни афв қилиш фазилати ва одоби билан сийласин.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Бухоро вилоятида жамиятда миллий-диний қадриятларни мустаҳкамлаш, эл-юрт маънавияти ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган диний-маърифий соҳа ходимларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ, диний соҳада самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари юксак давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий қутлади ва давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Шунингдек, байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида соҳа фидойиларига махсус ваучерлар тақдим этилди. Тадбирда сўз олганлар давлатимиз томонидан маънавий-маърифий соҳа ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов томонидан вилоят вакиллиги тасарруфида самарали хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимларига ташаккурномалар топширилди.
Кўтаринки руҳда ўтган маросимларда бундай юксак эътибор ва эҳтиром соҳа фидойиларини эл-юрт фаровонлиги ва динимиз софлигини тарғиб этиш йўлидаги хайрли фаолиятга янада куч-ғайрат билан киришишга руҳлантириши таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати