“Фитна” деганда биз бузғунчилик, махфий равишда зарар етказишга уриниш, фасод қўзғашни тушунамиз. Тўғри, фитна сўзида шу маъно устун. Аммо бу сўзнинг асл келиб чиқиш мазмуни янада кенгроқдир. Луғатшуносларнинг таъкидлашича, “фитна” сўзи арабларда аслида олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатар экан. Шундан келиб чиқиб, “фитна” сўзи имтиҳон, синов деган маъноларда ҳам ишлатиладиган бўлган. Қуръони Каримда бу сўз айнан шу мазмунда ҳам келади.
Фитна — адаштириш, қизиқтириш, алдаш, йўлдан оздириш ва чалғитишдир. Ёлғонга асосланган “ғоя” ҳидоят йўлидагиларни ҳақ йўлидан оздиришга хизмат қилади. Айрим манфаатдор тоифалар хоҳиш-иродаси рўёбига хизмат қилади. Дунёнинг бир чеккасида ўзини мусулмон деб таништирган бир кимса қандайдир қўпорувчилик қилди. Аслида Исломда унинг ҳеч қандай ўрни йўқ, унинг бу ишини бирорта мусулмон оқлагани йўқ, бу кимсага ўша қилмишни ҳам кимдир буюртма берган ёки уни шунга мажбур қилган бўлиши эҳтимоли катта. Аммо ушбу ҳодиса фитна ўлароқ одамларда турлича акс садо беради: кимдир бундан Ислом ва мусулмонларнинг шаънига доғ тушишидан ташвишланса, кимдир бефарқ, кимдир эса шу нарса туфайли Ислом ва мусулмонлардан нафратлана бошлайди, кимдир диндан қайтишгача боради, яна қайсидир кимса Ислом ва мусулмонларни ҳақорат қилишгача, золимларни қўллаб-қувватлашгача журъат қилади. Буларнинг барчаси фитнанинг имтиҳон қилувчи омил эканига мисол бўлади.
Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Бундай фитначилар ичкарида ҳам, ташқарида ҳам бўлиши мумкин. Истаймизми-йўқми, бундай фитналар бўлаверади, Аллоҳ шуни ирода қилган. Муҳими, бу фитналар биз учун синов эканини унутмаслигимиз керак. Фитна сабаб ҳар ким ўзининг асл қиёфасини, асл башарасини намойиш этади. Чинакам иймонга эга бўлганлар кимлару, қалбида куфр яшириниб ётганлар кимлар – ҳаммаси равшан бўлади. Ҳақиқий халқпарвар, ватансевар, иймонли кишилар кимлар-у, мансабпараст, худбинлар ким – ҳаммаси сув бетига чиқади. Мўминлар ўз йўлларида собит бўладилар ва юз бераётган воқеа-ҳодисаларни Роббимиз тарафидан бир синов деб қабул қиладилар. Шу билан бирга, бу фитналар уларнинг қайроқи бўлиб, чиниқиб боришларига ҳам хизмат қилади. Айни пайтда Исломга қалби терс бўлган, чин иймондан бебаҳра кимсалар фитнага тушади, бу нарса уларга тайёр баҳона бўлади, қалбдаги нафратлари, шайтоний туйғулари мавж уради. Буларнинг ҳаммаси синов дунёсининг бир имтиҳонидир. Фитна – ёлғонга, миш-мишга таянади. У оятларни таъвил қилиш, ҳадисларни нотўғри талқин этиш натижасидир. У васваса, нафс балоси оқибати бўлиб, миллий, диний қадриятлар асосини вайрон қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ниҳоят, фитна – синов, гуноҳдир. Аллоҳ ҳалолни, ҳаромни аниқ белгилаб берди. Уларнинг ўртасидаги нарсалар эса шубҳадир. Асл исломий манбаларда ҳақиқий мусулмон инсоннинг ҳатто шубҳали амалдан ҳам қайтиши лозимлиги таъкидланади. Зеро, залолатга етакловчи ғоялар, нотўғри ва ботил қарашлар чин инсонлар учун синов ҳамдир. Шу боис, имони мустаҳкам, эътиқоди комил инсон ҳаром ва шубҳали амалларни бажаришдан тийилади, бинобарин, уларни бир бора қилган инсон, кейинчалик, ўрганиб қолади ҳамда гуноҳга мойил бўлиб қолади.
Фитна илмсизлик натижасида келиб чиқади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганларидек, шариат илмидан бехабар кишиларнинг дин номидан иш юритиши инсон ва жамият учун кўплаб кўнгилсизликларни, фитналарни келтириб чиқаради. Аллоҳ таоло фитна ҳақида Ўзининг Каломи шарифидаги “Бақара” сураси 191-оятида: “(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан (ҳам) ёмонроқдир”, деб ўз бандаларини турли кўринишдаги фитналардан эҳтиёт бўлишга буюради. Чунки, инсоннинг маънавий ўлими унинг жисмоний ўлимидан аянчлироқ, ёмонроқдир. Шу боис ҳам, ояти каримада инсонлар орасида фитна, фасод ишларни тарқатишнинг гуноҳи маънан бир инсонни ўлдиришдан ҳам ёмонроқ эканлиги айтилмоқда, чунки инсоннинг руҳини ўлдириш – унинг жасадини ўлдиришдан фожиалироқ, оқибати эса даҳшатлироқдир.
Х.Абутов
Янгибозор тумани “Султон Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати