Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан!

26.01.2022   2323   4 min.
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан!

Ҳаётимиз бир текисдан иборат эмас: шоду хуррам, фаровон турмушимиз билан бир қаторда баъзан айрим қийинчиликлар ҳам бўлиб туриши табиий ҳол. Ана шундай қийин дамларда Буюк Раббимизга кўпроқ тавба ва истиғфорлар айтишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «“Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси, 155—157-оятлар).

Хабарингиз бор, куни кеча бутун республикамиз бўйлаб электр энергиясидан узилишлар кузатилди. Бу ҳолатни интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали одамлар ҳар хил талқин қилишди. Кимдир асоссиз гаплар тарқатиб, одамларнинг ваҳимага тушишига ҳам сабаб бўлди.

Аслида, ҳақиқий мўмин киши ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолонинг юқорида зикр этилган ояти каримасини унутмаслиги, динимиз талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Ким нима деса, ишониб кетавериш бизга ярашмайди.

Мусулмон киши бирор масала чиқса: «Фалончи нима дебди, писмадончи-чи?» деб эмас, балки Аллоҳ таоло ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларини ўзига ҳужжат қилади.

Бежиз Сўфи Оллоёр бобомиз:

Дема, тутдим фалон бузрук ишини,

Кўра қўйма набийнинг қилмишини, демаганлар. Шу боис бирор нарсани эшитсак, ўқисак ёки кўрсак, аввало, доимий ва асосий манбаимиз – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга мурожаат қилишимиз керак. Бу муқаддас ва муборак манбалар, мана, 15 асрадан бери инсониятга маънавий, руҳий маёқ бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Муғира ибн Шуъба розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ... миш-мишлар тарқатиш, кўп савол бериш ва мол-дунёни беҳуда сарф қилиш каби ишларни ёмон кўради”,  дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Эшитган нарсасини гапиравериши, кишининиг гуноҳкор бўлишига кифоя” (Имом Муслим ривояти), дейилган.

Кеча чироқ ўчиши билан ҳар хил асоссиз гаплар, хусусан, “уч кун свет бўлмас экан”, “Свет бўлмагандан кейин сув ҳам бўлмайди. Шунинг учун бир ҳафтага етадиган нонни, сувни, шамни ғамлаб олиш керак”, мазмундаги сўзлар тарқала бошлади.

Интернет ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бундай хабарларни ўқиган кишилар озиқ-овқат ва бошқа зарур ашёларни харид қилишга тушиб кетди. Вазиятдан унумли фойдаланишни кўзлаган “уддабурон тадбиркорлар” сув, нон ва шамларнинг нархларини икки-уч баробарга кўтариб юборишди.

Аслида, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Кеча электр энергиясида кузатилган узилишлардан фойдаланиб, нархни сунъий ошириб фойда кўраман дейиш мусулмон кишига асло ярашмайди. Ахир, барчамиз мўминмиз, мусулмонмиз. Ўз юртдошларимизга, биродарларимизга қандай зарар етказишимиз ёки пайтдан фойдаланиб, уларни ортиқча харажатларга қўйишимиз мумкин?!

Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор (монополия)дир. Эҳтикор – нархни сунъий ошириш дегани. Нархни сунъий оширишда ким жабр кўради – халқ жабр кўради.

Уламоларимиз – фирибгарлик, қаллоблик, тарозидан уриш, судхўрлик, зўравонлик, қароқчилик, монополия қилиб олиш, нархни сунъий равишда ошириш каби барча иллатларни шариатга хилоф бўлган ҳаром амаллардан деганлар.

Муҳтарам биродарлар!

Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолодан эканини унутмайлик! Ҳар хил вазиятлар, ҳолатлар содир бўлиши мумкин. Барчасига сабр қилиб, юртдошларимизга, мўмин-мусулмонларга ёрдам қилишимиз зарур. Шунда Аллоҳ таоло бизлардан рози бўлади.

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   30349   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари