Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Август, 2026   |   9 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:39
Пешин
12:26
Аср
17:13
Шом
19:16
Хуфтон
20:38
Bismillah
22 Август, 2026, 9 Рабиъул аввал, 1448

Пайғамбаримиз мақтаган соҳа

13.01.2022   2294   17 min.
Пайғамбаримиз мақтаган соҳа

“Яхшига қилсанг яхшилик –

ҳам айтади, ҳам қайтади...”

 

Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим!

Меҳрибон Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар,

Ҳазрати Пайғамбаримиз Жаноби Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломларимиз бўлсин!

Бахтли, саодатли яшаш, чинакам маъмур ҳаёт кечириш – ҳар бир инсон орзуси. Дунёда бахту саодатни, маъмурчилик ва фаровонликни ўлчайдиган мезонлар кўп, омиллар бисёр. Лекин шундай неъматлар борки, уларсиз ҳаётимиз рангсиз, турмушимиз ҳузур-ҳаловатсиз бўлиб қолади.

Хўш, бу неъматлар қайсилари?

Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, – дедилар» (Имом Бухорий ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривоятлари).

Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқтинчлик ва қут-баракага урғу берилди?

Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади. Узоққа бормайлик, бугунги дунёнинг манзарасидан хулоса чиқариб олайлик! Биргина кўзга кўринмас ўлат барчанинг ҳаловатини ўғирлади, ҳамманинг тинчини бузди... Шундай эмасми? 

I

...Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?! Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин?! Ишга, ўқишга отланаётганда, оила улуғларининг дуосини олиб кўчага чиқишнинг баракотини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тинчлик-омонликда яшаш бу – жон, мол, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демакдир. Минг-минг шукрларки, юртимизда булар барчасининг хавфсизлиги кафолатланган.

Аслида, “Ислом” сўзи араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик”, “тинчлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмаслар, балки уни Аллоҳ таолонинг Ўзи (!) ихтиёр этган! Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

«Мусулмон» деган сўзнинг асли, негизи, ўзаги “ислом” сўзи. Демак, ҳар бир инсон миллати, ёши, жинси, дини, ирқи, ижтимоий холати, турар жойидан қатъий назар, модомики “мен – алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб, ўзини мусулмон ҳисобласа, тинчлик учун хизмат қилиши шарт ва зарур экан! Аксинча, қиладиган иши айтаётган сўзига тўғри келмас экан! Худонинг Ўзи ҳаммамизни асрасин!

Қўшнинг тинч – сен тинч!”, “Юртинг тинч – сен тинч!” дейди доно халқимиз. Юртимиз, қўшнимиз, оиламиз тинчлиги-хотиржамлиги учун нечта одам хизмат қилмоқда? Уларнинг икки-уч нафарини кўра олсак, неча миллион нафарини ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз! Ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизмиз!

Доно халқимиз “Бирни кўриб – фикр қил, бирни кўриб – шукр қил!” деб бежиз айтмаган. Телевизоримиз пультининг хоҳлаган тугмасини босиб, хоҳлаган телеканалга қўйсак, дунёнинг неча минглаб жойларида неча юз минглаб инсонлар тинчлик (!) излаб, сарсон-саргардон бўлаётганига гувоҳ бўламиз...

Ҳар қандай ақлли одам Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, фуқароларимиз фаровонлиги учун сон минглаб ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этади ва юксак қадрлайди.

Кунларнинг бирида машҳур рассом дунёдаги энг гўзал суратни чизишга қарор қилади ва саёҳатга отланади. Бир қишлоқдан ўтаётиб, нуроний отахонга дуч келади ва ёнига бориб у кишидан: «Дунёдаги энг гўзал нарса нима?» – деб сўрайди. Отахон ҳеч иккиланмай: «ИМОН!» – деб жавоб беради.

Сўнгра бир гузар олдидан ўтаётиб, карнай-сурнай садоларини эшитади ва тўпланиб турган оломон олдига бориб келиндан: «Сизнингча, дунёдаги энг гўзал нарса нима?» – деб сўрайди.

Келин куёвнинг кўзларига боқиб: «Дунёдаги энг гўзал нарса – МУҲАББАТ!» – дейди.

Рассом йўлида давом этади. Бепоён даштлар, тизма тоғлар, ястаниб ётган қир-адирлардан ўтиб, саҳрода бир тўда аскарни учратади ва улардан бирини ёнига чорлаб, юқоридаги саволни беради.

Аскар: «Дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК!» – дея жавоб беради.

Рассом дунёдаги энг гўзал нарсалар – имон, муҳаббат ва тинчлик бўлса, буларнинг барчасини бир расмда қандай ифодалайман, дея ўйлай-ўйлай уйига қайтиб келади. Уйига кириши билан дунёнинг энг гўзал манзараси қаршисида эканини англаб етади: болаларининг масум нигоҳларида имон, аёлининг кўзларида муҳаббат, уйида эса тинчлик ҳукм сурар, ҳаммаларининг танлари соғ-саломат эди...

Булардан илҳом олган рассом дунёдаги энг гўзал нарсани чизишга киришади ва уни «Менинг уйим» деб номлайди.

Биз буни янада кенгроқ тасаввур қилиб, табиий лозим бўлган ИМОН ва МУҲАББАТдан ташқари, дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК ва СОҒЛИҚ эканини эътироф этамиз. Имон, тинчлик, саломатлик неъматлари жаннатмакон юртимизда, шукрки, барқарор! Демак, дунёдаги энг гўзал диёр бу – имон, тинчлик, саломатлик барқарор бўлган ВАТАН – ЎЗБЕКИСТОНИМИЗДИР! 

II 

Жаннатмакон Юртимиз жонкуярлари бўлган ака-ука, опа-сингилларимиз, аввало, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ саломатлиги, фаровонлиги ва хотиржамлиги учун ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган Сиз, азизларни беқиёс хизматларингизни юксак қадрлаб, барчаларингиз(!)га  чексиз ҳурмат ва чуқур эҳтиромимизни изҳор этишга рухсат бергайсизлар!

Мўмин-мусулмонларимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб соҳиблари, муборак динимиз вафодорлари, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак даражада қадрлайди. Айниқса, ҳозирги замонда чинакам халқпарвар-ватанпарвар бўлиб хизмат қилаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва кўпдан-кўп  тасанноларга  муносибдир!

Тинчлик-осойишталик ҳаётимиз учун бу машаққатли ишнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча соҳа ходимларига яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирамиз!

Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган COVID-19 даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда олижаноблик намунасини кўрсатган, меҳр-оқибат, саховат ва олиҳимматлик фазилатларини кўрсатиб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларга катта ҳисса қўшган, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, эзгу ишлари билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИМИЗнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак.

Ўзбекистонлик етук уламоларимиз, нотиқ имом-хатибларимиз томонларидан карантин кўрсатмаларига амал қилиш, ушбу синовли кунларда ваҳимага берилмаслик, яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда беҳисоб тарғибот ишлари олиб борилди.

Бундай дин хизматчиларимиз мана шундай ўта оғир даврда ва турли табиий офатлар туфайли элу юртимиз бошига тушган синовларнинг оқибатларини бартараф этишда ҳақиқий жонбозлик кўрсатганлари улкан  таҳсинларга ва беқиёс  ташаккурларга  лойиқдир!

Натижада, матонатли халқимиз ковид вабоси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деган ояти каримага амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибатлиликнинг юксак намунасини бутун (!) дунёга кўрсатдилар.

Фазилатли инсонларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, хайрия маблағларини тўғри йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига кўмак бериш, оғир шароитдаги одамларни сабр-тоқатга чақириш, уларнинг кўнглини кўтаришдаги фидойиликлари ҳар  қандай  мақтовга  лойиқдир! Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, – деб хушхабар берган.

Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтишда диний соҳамиз ходимларининг панду насиҳатлари, ибратли ўгитлари ва эзгу ташаббуслари  жуда  ҳам  катта  таъсир  кўрсатмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз пандемияга қарши курашда фаоллик  кўрсатганларга ташаккур билдириб, кенг жамоатчилик вакиллари қаторида қадри баланд муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимизни ҳам алоҳида эсга олганлари диний соҳа ходимлари меҳнатларига берилган  юқори  баҳодир!

Халқимизнинг саломатлигини ўйлаб, фаровонлигини кўзлаб давлатимиз, ҳукуматимиз чиқарган барча топшириқларини муқаддас динимиз равнақи, масжиду мадрасаларимиз ободлигини мўлжаллаб, мўмин-мусулмонларимизни манфаатлари учун батафсил етказишда кечаю-кундуз беғараз ва беминнат хизматлари билан, диний соҳамиздаги барча ходимларимизга ўзларининг бевосита кўмак ва улкан ёрдамлари билан фидокорона хизмат қилаётган Дин ишлари бўйича қўмитадан келаётган барча муҳим тавсияларни соҳамиз ходимларига онлайн ҳам, офлайн ҳам ўзларининг қимматбаҳо йўл-йўриқлари билан етказаётган Диний идорамиз раисларига нафақат мамлакатимиз халқи таҳсинлар айтмоқда, балки халқаро даражада ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига ҳам эътироф ва таҳсинлар билдирилмоқда.

Охирги пайтларда қаҳрамонона, жонини Жабборга бериб, 24 соатлаб, ҳафталаб тинмай, беминнат хизмат қилаётган барча Ватан ҳимоячиларимиз каби шифокорларимиз, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларимиз, диний соҳамиз ходимларини ҳам доно халқимиз ниҳоятда яхши билар экан... Таъкидлаш жоизки, мана шундай улуғвор ишлари учун халқимизнинг миннатдорлигини мўмин-мусулмонларимиздан изҳор этилаётган ташаккуру раҳматномаларидан билиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам ва ҳурматли фазилатли уламоларимизнинг ва диний соҳа ходимларининг меҳнатларини қадрлаш – Янги Ўзбекистонда дин соҳаси ва имом-домлаларга берилаётган юксак эътиборнинг яна бир бор яққол намунасидир! Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва уламоларни, имом-домлаларни муносиб қадрлаш йўлида жуда ҳам катта ишлар амалга оширилаётганидан, албатта, ҳамманинг хабари бор.

Бугунги тарихий ўзгаришлар ва воқеаларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз... Буларнинг замирида Яратган Парвардигори оламнинг иродаси ила бир ёқадан бош чиқариб самарали меҳнат қилишимиз ҳамда Давлатимиз Раҳбари атрофида жипслашиб, ёрқин келажак ва юксак тараққиёт сари дадил саъй-ҳаракатларимиз мужассамдир.

Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад сураси 7 оят).

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам Худога ҳам шукр қилаолмайди”, – деб марҳамат қилганлар. Доно халқимиз эса: “Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади. Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади”, – деб бежиздан бежиз айтмаган.

Ўзини жонини ҳам, оиласини саломатлигини ҳам Худога топшириб, ўта катта ва жиддий хавф-хатарни ҳам четга суриб, жонини ҳам, молини ҳам, умрини ҳам халқ учун фидо этаётган ДОНО ХАЛҚИМИЗНИНГ ҲАР БИР ФАРЗАНДИГА беҳисоб  ташаккурлар айтамиз!

Меҳрибон Парвардигоримиз жаннатмакон юртимиз тинчлиги учун, муқаддас Ватанимиз равнақи учун, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти учун, масжид-мадрасаларимиз ободлиги учун ўз ҳаётини хавф-хатар остига қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, бу кунларимизни кўраолмай ўтганларимизнинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаган бўлсин! Илоҳим Ўзи рози бўлиб, жойларини жаннатлари билан сийласин!

III 

Бир оддийгина кичик қўл соатида ҳам, уйимиздаги телевизорда ҳам, қўлимиздаги телефонимизда ҳам, энг катта компьютерда ҳам, энг охирги русум автомобилида ҳам, бир неча тонналик самолётда ҳам, Ер сайёрасидан кўтарилиб коинотга бориб-келаётган неча минг тонналик космик кемаларда ҳам шундай бир қисм, бўлакчалари бор-ки, у қисмларсиз мазкур “мўъжиза”лар ишлолмай қолади... Аслини олганда, у бўлак-қисмлар кўзга кўринмайди ҳам... Улар эътиборсиз-у, лекин уларсиз соат ва телевизор ҳам, телефон ва компьютер ҳам, автомобиль ва самолёт ҳам, ҳатто инсониятни лол қолдираётган баҳайбат космик кемаси ҳам ишламасдан қотиб қолади! “Мўъжиза”ларнинг энг каттаси ва энг улуғи бўлган Инсон организмида ҳам мана шундай “қисм-бўлаклар” мавжуд.

Ҳар бир корхона-ташкилотларда ҳам ҳудди шу каби “қисм-бўлаклар”ни вазифасини адо этадиган одамлар, катта-кичик ходиму хизматчилари бор!!! Улар ўзларини ҳадеб билдиравермайдилар... Лекин ўз ишларини ниҳоятда чиройли ва намунали этиб, тўла-тўкис ва мукаммал қилиб, дину диёнат билан, ҳалолу пок, инсофу виждон билан бажарадилар. Шундай инсонларга ўзларини “кўрсатиш”ларини ё (ҳозир “мода”га айланиб қолган) интернетга “чиқиш”ларини таклиф этсангиз, ҳаммаларидан ягона жавоб эшитасиз. Ўзларини тортиб, уялиб, чуқур ҳаёжонланиб: “Худо билса, бўлди... Билса – балиқ, билмаса – Холиқ,” – деб қўядилар холос...

Мана шундай инсонлар бизнинг соҳамизда сон-саноқсиз даражада кўп! Лекин уларнинг машаққатли ва сермаҳсул меҳнатларини, беқиёс ва олижаноб хизматларини Яратганимиздан ташқари, раҳбарларимиз ҳам, доно халқимиз ҳам жуда яхши билади! Уларга Худонинг ҳам, халқнинг ҳам раҳмати доимо ёғилиб туради!

Бугунги мураккаб ва синовли даврда халқимиз ва динимиз хизматида бўлиб турган қадрли ва табаррук уламоларимизмуҳтарам ва ҳурматли имом-домлаларимизазиз ва қимматли мударрисларимизмуштипар ва мунис отинойиларимиз, масжид-мадрасаларимиз бебаҳо ва меҳнаткаш ходимларисевимли ва суюкли талабаларимиз ҳамда муқаддас Ватанимизнинг барча ҳимоячиларига Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолодан сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва икки дунё саодатини сўраймиз!

 Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларким: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи нафл рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, муборак динимиз камолоти ҳамда доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда улкан муваффақиятлар ато этишини Меҳрибон Парвардигоримиздан илтижо қилиб қоламиз!

Ўз аждодлари қўним топган ҳоки покларини, киндик қони тўкилган Ватанни ҳимоя қилиш, ўз она-юртини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш – ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилишдир! Бу хусусда Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Эл-юртимиз равнақи ва дини Ислом маърифати йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб, ўзининг бор куч-қудрати ва ақл-заковатини аямасдан, сидқидилдан, фидойиларча, холисона ҳамда улкан меҳр ила хизмат қилиб келаётган сизлардек мўътабар инсонларни тарбиялаб, вояга етказган ОТА-ОНАЛАРИНГИЗГА  МИНГ-МИНГ-МИНГ РАҲМАТ! Барча ота-оналарга ҳам Парвардигори олам ана шундай фарзанд тарбиялаб, камолга етказишни насиб айласин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, динимиз камолоти, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизни доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз, Диний идорамиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин!

Илоҳим ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин! 

Хулоса 

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳар бир инсоннинг қилаётган хизматларига миннатдор бўлишимиз –  ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир!

Устоз уламоларимиз айтадилар: “Ҳаётдан киши олмаса таълим, ўргата олмас унга ҳеч бир муаллим”. Кундалик ҳаётимизда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Яна билиб-билмасдан Жаноби Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг: «Икки неъмат борки,  кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир» деган муборак сўзларига қарши бўлиб қолмайлик!

 

                                                                                                  Иброҳимжон ИНОМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосар

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

20.08.2026   17132   7 min.
НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.

Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:

“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.

“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.

Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.

Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.

Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.

Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.

Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.

Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.

 

Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари

Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:

الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ

1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.

جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ

2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.

عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ

3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.

Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ

1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ

2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.

Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.

Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.

Бидъатнинг турлари.

“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).

Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ

“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.

 

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА