Фирқалар ва оқимларга номни доимо жумҳур уламолар, анъанавий мазҳабдагилар, аҳли суннат ва жамоатнинг ҳақиқий аъзолари қўядилар. Фирқа ва оқим аъзолари бу номларни ўзлари инкор қилишлари мумкин. Мўътазилийларга номни буюк тобеъин Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ қўйганлар. Хаворижларга номни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйган, деган фикр мавжуд. Фирқа ва оқимларнинг номлари алоҳида кўринишларидан, раҳбарларининг номларидан, келиб чиққан жойлари номидан, яққол кўринадиган асосий ақидаларидан олинган бўлади. Буни ҳамиша эсда тутинг!
Жумладан:
و لا تكون كالذين تفرقوا و اختلفوا من بعد ما جاءهم البينات و أولئك لهم عذاب عظيم
“Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон, 105).
Ҳа, ёмонларнинг ёмонликларини, фитначиларнинг фитналарини, тинчликка, тотувликка рахна солувчилардан огоҳлантирганидан кейин, бирга намоз ўқиб, бирга рўза тутиб, қавму қариндошлари, ёру биродарлари, юртдош ва ватандошлари билан бирга умргузаронлик қилиб келаётгандан кейин, куфрони неъмат қилиб, имон-ишончини ўзгартириб, кофир фитначиларга қўшилганлар охират кунини, юзлар қораядиган кунни эсламоқлари даркор. У кунда оқ юзли, обрўли бўлганлар ютади, обрў-эътиборидан айрилган, дунёда шарманда бўлганлар, у кунда ҳам шарманда бўладилар:
يوم تبيضّ وجوهٌ و تسودّ وجوهٌ فأمّا الذين اسودّت وجوههم أكفرتم بعد إيمانكم فذوقوا العذاب بما كنتم تكفرون
و امّا الذين ابيضّت وجوههم ففى رحمة الله هم فيها خالدون
“Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат-исботи учун шундай дейилур): “Имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!” (Оли Имрон, 106).
“Юзлари оқарган зотлар эса Аллоҳнинг раҳматида (жаннатида)дирлар. Улар у ерда абадий қолувчилардир” (Оли Имрон, 107).
Фирқа ва оқимлардагиларнинг айримларининг амалиёти ва ақидалари аҳли суннат ва жамоатга жуда яқин кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, ҳақиқий ҳанафий уламоларнинг ақидаси тўғри ҳанафий шогирдлари шу хилда фирқа ва оқим вакиллари бўлиши мумкин. Ана шундай фирқа ва оқимларнинг раҳбарлари эса ўша фирқа ёки оқимни яхши ниятда ташкил қилган ҳаққоний олим, ҳақиқий аҳли суннат ва жамоат аъзоси бўлиши ҳам мумкин. Ҳақиқий аҳли суннат ва жамоатдан бўлгани боис у ҳатто раббоний олим, улуғ авлиё ҳам бўлиши мумкин. Бу нарса эса сизни алдаб қўймасин! Ўша фирқа ва оқим қандай ниятда ташкил қилинган бўлмасин, унинг раҳнамолари нақадар яхши инсонлар, нақадар буюк уламолар бўлмасин, лекин алоҳида кўринишлари, мусулмонлар ҳамжамиятидан ажралиб, озчилик билан алоҳида бўлиб олишларининг ўзи, кўпчилик мусулмонлар уларнинг алоҳида кўринишига қараб, алоҳида ном қўйиб қўйишининг ўзи уларни аҳли суннат ва жамоатдан чиқариб қўяди. Буни унутманг!
Мусулмон кимса раҳбарларига итоатли, юртидаги инсонлар билан муросаю мадора билан яшамоғи фарз. Шундай экан, фирқа ва оқимларга қўшилишни жамият ман қилиб қўйган экан, давлат қонуни жиноят деб баҳолар экан, ундай фирқа ва оқимлардан узоқ бўлаверинг. Шу сизнинг мусулмонлик бурчингиздир! Хуллас, фирқа ва оқимлардан доимо эҳтиёт бўлинг, қочинг, яқинлашманг!
"Ёрилган масжиди"
имом хатиби
Тожиддин Хўжаханов
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати