Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу халифалик даврларида у кишининг совутлари йўқолиб қолади. Совутни бир яҳудий одамнинг қўлида кўрадилар. «Менинг совутим-ку», десалар, «Йўқ, меники», дейди яҳудий. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу халифа бўла туриб, халифанинг бош қозиси Шурайҳга шикоят қиладилар ва икковлари маҳкамага борадилар. Ҳалифа ва бир оддий яҳудий фуқаро. Яҳудий мусулмонлар орасида тинч яшаш аҳдини олган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу «Бу совут меники. Совутни сотмаганман, бировга бермаганман. Йўқотиб қўйган эдим. Бугун эса бу одамнинг қўлида кўрдим», дейдилар. «Далилингиз борми, эй мўминлар амири?» дейдилар қози Шурайҳ. «Далилим йўқ, гувоҳим ҳам йўқ», дейдилар у зот. Шунда қози Шурайҳ ҳукмни яҳудийнинг фойдасига чиқариб беради, чунки яҳудий «Совут меники», деб турибди. Масала шу билан тугайди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу чиқиб кетаётсалар, ҳалиги яҳудий у кишини тўхтатиб, «Эй Али, бу қандай динки, ўзининг ҳалифасини зарарига, ғайридиннинг фойдасига ҳукм чиқариб берса? Бу, албатта, адолатли дин экан. Мен совутингизни отингиздан тушиб қолган маҳалда топиб олган эдим. Бу сизнинг совутингиз. Энди мен ҳам мусулмон бўламан» деб, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қўлида мусулмон бўлади ва совутни тутқазади. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Мусулмон бўлган бўлсанг, бу совут сенга совға», деганлар. Бу ҳам, албатта, бағрикенгликка гўзал мисоллардан бўлади.
Энди мана шу масалаларни эшитиб туриб, бугун мусулмонни кофир деяётган мусулмоннинг аҳволига қаранг. Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Қайси бир мусулмон ўз биродарига «Эй кофир!» деса, икковидан бири бу нарсага албатта дучор бўлади. Агар у биродари айтганидек бўлса, кофир бўлади. Ундай бўлмаса, айтган одамнинг ўзи кофир бўлади». Шунинг учун бировни кофир дейиш, одамларни кофирга, мусулмонга ажратиш яхши эмас. Бу ишга савоб ҳам ваъда қилинмаган. Аксинча, жуда оғир гуноҳкор бўлиш мумкин, иймондан, диндан айрилиб қолиш мумкин. Бу жуда хатарли нарса. Бир одам кофирнинг амалини қилса, очиқ-ойдин кофирнинг сўзини гапирса, аввал у огоҳлантирилади, «Сен кофирнинг гапини гапиряпсан, кофирнинг амалини қиляпсан, билиб қиляпсанми, билиб айтяпсанми?» деб сўралади. Агар у «Ҳа, билиб қиляпман» деса ҳам, дарров ҳукм берилмайди. Аввал уни инсофга, ҳидоятга чақирилади. Фойдаси бўлмаса, қамаб қўйилади. Ислом даврида шундай бўлган. Охиригача қайтмаса, билиб туриб, қасддан шундай қилаётган бўлса, муртад ҳукми берилиб, шунда ҳам қайтмаса, кейингина қатл қилинади. Илгарилари шундай ҳукм бўлган, энди эса йўқ. Аммо ўша одам адашиб, билмай айтдим деса, тавба қилади, тамом. Хуллас, бир мусулмон ўша гапи билан кофир бўлиб қолмайди. Бугун озгина ўзига ёқмаган йўлни кўрса, ўзларининг айтганини гапирмаса, шу халқни тўғри йўлга бошлаб келаётган имомларни тап тортмасдан кофир деяётганлар ҳам ўзбеклар, мусулмонлар. Уларга биров бунинг учун бирон нарса мукофот ваъда қилдими? Қанча кўп одамни кофир деб эълон қилиб берсанг, шунча кўп пул берамиз, деганми? Ҳолбуки юқоридаги ҳадисда ўқидик, бир одамни мусулмон қилиш қанчалик фазилатли эканлигини...
Имом Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Тазкирот»ларида бир ёш, бемазҳаб йигит билан баҳс қилганларини айтиб берганлар. У бемазҳаб террорчи бола экан. Уни тутиб, имом Шаъровийнинг олдига олиб келишган. Шунда имом уни инсофга чақирганлар, ўша суҳбатлари келтирилган. Имом Шаъровий «Сенинг фикрингча, мусулмон диёрида тунги клубларга бориб ўйнаётган мусулмон эркак, мусулмон аёлларни ўлдириш керакми? Портлатиш керакми?» десалар, ҳалиги террорист: «Албатта, уларни портлатиш керак. Улар кофир, улар гуноҳкор. Уларнинг қони ҳалол», дейди. «Уларни ўша гуноҳ қилаётган холларида ўлдирсанг, портлатсанг улар қаерга боришади? Дўзахга тушадими?» дейдилар имом. Ҳалиги йигит «Албатта», дейди. «Демак, сенинг вазифанг одамларни дўзахга тиқиш экан-да? Унда сен билан шайтоннинг вазифаси бир экан. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридан бир куни бир яҳудий одамнинг тобути олиб ўтилганда, ўринларидан туриб, йиғлаганлар, «Мен буни дўзахдан қутқариб қола олмадим», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир инсонни дўзахдан сақлаб қола олмаганларига йиғлаяптилар. Сен эса уни дўзахга ҳукм қилиб, хурсанд бўляпсан. Демак, сенинг йўлинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан бошқа экан. Сенинг йўлинг шайтоннинг йўли билан бир йўл экан» деб, уни мот қилган эканлар имом Шаъровий. Бунга ўхшаш музокаралар кўп ўтган.
Устоз Раҳматуллоҳ Термизий ҳафизаҳуллоҳ
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси