Миссионерлик- лотинча “юбориш” ва “топшириқ” маъноларини билдириб, бир динни бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш сохасидаги черков (яъни, католик ва протестантлар каби йўналишлар) ташкилотларнинг фаолиятидир. Содда қилиб айтганда, миссионерлик христианлаштиришдир. Шуни билиш лозимки даъват (насихат) бошқа, миссионерлик бошқа нарсадир.
Бир дин вакилини ўз қавмига хитоби даъват бўлиб, ҳар бир инсон бу ишни қилиши мумкин. Аммо бир дин вакилининг бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қиладиган харакати эса, миссионерлик дейилади ва бу қонун билан таъқиқланади. Минг афсуслар бўлсинки охирги пайтларда баъзи шахслар муқаддас динимиз Исломни қўйиб, бошқа динга ўтиб кетиш холлари кузатилмоқда. Бу холга чек қўйилмас экан, миллат барқарорлигига таҳдид солиниши турган гап!
Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти хар дойим минтақа барқарорлигини бузган, ахоли орасида нотинчлик ва қон тўкилишларга сабаб бўлган.
Миссионерларнинг ғаразли мақсадлари ва фаолиятлари:
Халқни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жихатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига олиш;
Халқларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларнинг ўз динидан чиқариш ва динсиз қолдириш;
Қадимдан христиан бўлганларни ўз динларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва улар сафини янги христианлар билан тўлдириш.
Улар мақсадлари йўлида барча воситалардан фойдаламоқда, уларнинг хийла найранглари моддий рағбатлантириш ва турли алдов йўллари билан олиб боради.
Баъзи ватандошларимиз уларнинг кетидан эргашиб кетаётганининг Биринчи сабаби – муқаддас Ислом дини хукмларидан мутлақо бехабарлик.
Иккинчиси сабаб – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисидан айрилган қариялар бева- бечоралардан вақтида хабар олинмаётгани, моддий ва маънавий берилмаётгани билан бевосита боғлиқ. Миссионерлар бу «имконият»дан «унумли» фойдаланиб баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлаб, диндан чиқармоқда. Бу эса бизни жамият ва халқимизмаънавий ва моддий аҳволига янада жиддийроқ эътибор қаратишимизни тақозо этади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда муртадлик яъни Ислом динидан чиқиш ҳақида қатъий таъкидлаб шундай деган:
“Сизлардан кимда ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217- оят)
Шу ўринда катта шахарлардан бирида бўлган воқеани эслайлик: Ўзига тўқ, махаллада хурмат эътиборли бир отахонни олийгоҳда таълим олиётган қизлари йўлдаги бахтсиз тасодиф туфайли вафот этади. Унинг жанозасига махалладошлар, қариндош-уруғлар, қуда-андалар каби мингдан ортиқ киши тўпланади. Майит тобудга солиниб жаноза ўқилиши учун олиб чиқилмоқчи бўлганда, қаердандир икки нафар миссионер даъватчилари келиб бу қизни динини ўзгартириб уларнинг сектасига қўшилганини айтиб, исботлар келтиришади. Мархумани муслима эмаслиги, динини ўзгартирганлиги барчага аён бўлади. Табиийки унга жаноза буюрилмайди ва йиғилган жамоа тарқаб кетади. Мархуманинг отаси бу шармандаликни кўтара олмай юрак хуружидан вафот этади.
Дунё учун охиратини сотган кимса дунё ва охиратда хўрлик ва шармандаликка учраши аниқ!
Баҳодир Шарипов,
Чуст туман бош имом хатиби
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Қардош Ўзбекистон халқини истиқлол айёми билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, тараққиёт ва янги ютуқлар учун Аллоҳ таолодан хайрли дуолар сўрайман.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон улуғвор тарихий йўлни босиб ўтиб, мард ва олижаноб ўзбек халқининг мустаҳкам иродаси туфайли юксак ютуқларга эришди. Бугун мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда катта тараққиётга эришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб билиб, уни ҳамиша қалбимда асраб келаётган инсон сифатида қардош ўзбек халқининг ютуқларидан чин дилдан қувонаман. Ўзбекистон ривожи ва фаровонлиги йўлида бор куч-қувватини аямай келаётган фидокор раҳбар – Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг беқиёс меҳнатларини алоҳида эътироф этаман.
Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакат сўнгги ўн йил давомида Учинчи Ренессанс даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон бугун давлат раҳбарининг юксак сиёсий тафаккури ва саъй-ҳаракатлари туфайли ислом оламида ёрқин нур сочаётган маданий-маънавий марказга айланди.
Ушбу заҳматларнинг ёрқин намунаси бўлган Ислом цивилизацияси марказини бутун дунё мусулмонларига тақдим этилган бебаҳо туҳфа десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек мутафаккирларининг қимматли илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш Ўзбекистон заминининг асрлар давомида шаклланиб келган маърифат ва ирфон маркази мақомини яна бир бор ифодалайди.
Ўзбекистон етакчиси билан ҳар бир учрашув ва мулоқот мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кўрсатаётган юксак эътибори учун чексиз миннатдорлик билдираман. Яқинда Ўзбекистон Президенти томонидан “Эл-юрт ҳурмати” орденининг топширилиши менда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди ва бундан бениҳоя фахрланаман.
Мустақил Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқаларимизни янада кенгайтириш халқларимиз учун кўплаб имкониятлар яратади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида қарор топган мустаҳкам қардошлик муносабатлари, ўзаро ташкил этилаётган учрашувлар алоҳида қадр-қимматга эга бўлиб, бизга маънавий куч бағишлайди.
Давлат раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари ва оқилона сиёсати туфайли Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда кенгайиб, қардошлигимиз иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади. Бу мамлакатнинг ҳар бир ютуғидан беҳад қувонаман ва унинг доимо юксак чўққиларни забт этиши учун дуолар қиламан.
Ўзбекистонда олий диний таълим олиб, Озарбайжон ва Кавказда Шайхулисломлик мақомига кўтарилган инсон сифатида Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг миллий-маънавий қадриятлари ҳамда тарихий меросимизга берилаётган эътиборни юксак қадрлайман.
Дунёда кечаётган мураккаб даврда қардош халқларимиз ўзларининг тарихий-маънавий меросларига суянган ҳолда муносиб келажак қуриш йўлида ишонч билан одимламоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасида муносабатларимизнинг янада кенгайиши Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатаётган лутфу карамидир.
Озарбайжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қайта тиклаш ишлари, диний-маънавий меросни қайта тиклаш жараёнига туркий давлатлар орасида биринчи бўлиб ўз эзгу туҳфаларини тақдим этган Ўзбекистон халқи ва давлат раҳбарига чин қалбимиздан миннатдорлик билдирамиз.
Яна бир бор Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қардош ўзбек халқини самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллайман.
Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ раҳмати ва карамидан барчамизни баҳраманд этсин. Эзгу орзу-ниятлар ва хайрли мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида Аллоҳ мададкор бўлсин. Омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати