Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръон билан Аллоҳ таоло ўз динини мукаммал қилиб берди. Бу ҳақда Қуръони каримда:
(...اليوم اكملت لكم دينكم و اتممت عليكم نعمتي و رضيت لكم الاسلام دينا...(سورة المائدة/3
яъни: “...Бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим...”, - деб марҳамат қилган (Моида сураси, 3-оят).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг дини бир бўлиб, ана шу динга инсонларни чорлаш учун У ўз пайғамбарларини юборган экан, ўз навбатида ҳар бир пайғамбарга нозил қилган китобида динда ихтилофга бормасликка, фирқага бўлинмасликка буюрган. Шу жумладан, бизким уммати муҳаммадияга ҳам нозил қилинган Қуръони каримда:
(واعتصموا بحبل الله جميعا ولا تفرقوا...(سورة ال عمران/103)
яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг...”, - дейилган (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Аллоҳ таоло Ўз дини бўлмиш Исломни камолга етказиб бергандан кейин ва шу муқаддас исломни биз мусулмонлар буюк неъмат деб қабул қилганимиздан сўнг ихтилофларга юзланишимизни қандай тушуниш керак?
Ҳозирда турли хил экстремистик ва террорчи гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида муқаддас ислом динини ўзига ниқоб қилиб олиб "жиҳод", "такфир", "шаҳид" ва "ҳижрат" каби ислом динида муқаддас саналган атамалардан нотўғри йўлда фойдаланишга уринмоқдалар ва баъзи шахслар томонидан қориштирилган ҳолда ва жоҳилона талқин қилинмоқда. Аслида юқоридаги даъволарниннг барчаси биринчи навбатда ислом динига қарши қаратилган кураш ва ислом динини ёмон кўрсатиш ҳисобланади. Қолаверса, бутун дунё тинчлигига раҳна солиш ва омма ўртасида турли хил ихтилоф ва барқарорсизликни уйғотиш, натижада жамиятни парокандаликка олиб келиш саналади. Шунингдек, бу ихтилофлар илмсизлик, жоҳиллик ва мутаассиблик оқибатида ҳам юзага чиқаяпти.
Бундай тоифа ва кимсалар ўзларини Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа деб эълон қилдилар. Ваҳоланки, улар Ислом динига зид бўлган бузғунчи фирқалардир. Улар ўзларига турли хил ном қўйиб олган бўлса-да, аслида уларнинг мақсад ва ғоялари битта – динни ниқоб қилиб ҳокимиятга интилиш, тинч-осойишта халқ орасида нифоқ ва ихтилоф чиқариш.
Шу ўринда турли бузғунчи оқимларга муносабат масаласида шариат ҳукми нуқтаи назаридан қандай баҳо берилади? – деган табиий бир савол туғилади. Бу саволга қатъий жавобимиз шуки, салаф уламолари уларнинг барчасини “аҳли бидъат” деб номлаганлар. Муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб манфур ишларни амалга ошираётган аллақандай мутаассиб кучлар, табиийки, ер юзидаги барча мусулмонларнинг руҳий олами ва дунёқарашини белгилай олмайди.
Уламоларнинг бидъат аҳли билан ўтириш, улар билан ҳамсуҳбат бўлишдан қайтарганликлари ҳақида асарларда келтирилган. Жумладан, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: Бидъатчи фосиққа зинҳор яқин келма, акс ҳолда қалбинг унинг гапига мойил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда ҳам, қалбингни мараз қоплайди, деганлар. Яҳё ибн Касийр эса: Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет,- деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бундай дин номидан гапираётганларга эргашилмайди. Улар оммавий бўла олмагани учун ҳам кўп ҳолларда аҳолининг кенг қатламлари номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланмоқдалар. Шундай экан бу борада хушёр ва эътиборли бўлишимиз керак. Бунга қарши аввало илм ва маърифат билан курашишимиз лозим. Зеро жоҳиллик ва илмсизлик барча офатларнинг асосидир.
Орол Тоғаймуротов - Имом Термизий ўрта-махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари бўлиб ўтган нуфузли анжуман диний таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва соҳага илғор педагогик ёндашувларни татбиқ этиш ва замон талабига мос кадрлар тайёрлашда йўлидаги салмоқли амалий қадам бўлди.
Тадбирлар давомида соҳага оид илмий маърузалар билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ҳамда илмий-тадқиқот соҳасининг етакчи мутахассислари томонидан маънавий-маърифий тараққиёт, диний таълимда рақамли трансформация, сунъий интеллект ва илмметрия масалаларига бағишланган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Машғулотлар тизимда замонавий ёндашувларни оммалаштириш, дарс жараёнларида янгича услубларни қўллаш ҳамда соҳа вакилларининг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, анжуман доирасида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг муҳтарам Президентимизга йўллаган Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилди.
Унда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани тубдан ривожлантириш, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш ҳамда улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти каби диний таълим масканлари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши юртимизда маърифат аҳли учун кенг имкониятлар очгани таъкидланди.
Ўз навбатида, педагоглар ушбу юксак эътибор ва шарт-шароитлар учун Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдириб, бунга жавобан ёшларни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ислом динининг асл инсонпарварлик ғояларини ўзлаштирган ва соҳада етук кадрларни тайёрлашини таъкидладилар.
Бўлиб ўтган анжуман диний таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ва рақамли технологияларни ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда соҳада юқори малакали, замон билан ҳамнафас мутахассисларни тайёрлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати