Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган.
Бу ҳақда Умму салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар:
"نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفْتِرٍ
(رواه الإمام ابو داود)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ҳозирда айрим ёшлар орасида (“Трамадол”, “Лирика” каби) психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор.
Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда бундай деганлар:
كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ
رواه الإمام مُسلم عَن ابْن عمرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهما
яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати