«Шуни билиб олмоқ лозимки, Абул Ҳасан ва Абу Мансур - Аллоҳ улардан рози бўлсин ва Ислом номидан яхшилик-ла мукофотласин - ўзларидан келиб чиқиб бирор фикр айтмадилар ва янги мазҳабни пайдо қилмадилар. Албатта, бу зотлар салафи солиҳлар мазҳабини қарор топтирдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг йўлига мувофиқ келдилар. У зотлардан бири Шофеъий мазҳабининг ва хужжатларининг нусратида турган бўлсалар, бошқалари Ҳанафий мазҳабининг ва хужжатларининг нусратида қоим турдилар. У зотларнинг ҳар иккалалари бидъат ва залолат аҳлига қарши мунозара қилдилар ва уларни ер билан яксон қилиб, ғалаба қозондилар. Дарҳақиқат, бу ҳақиқий жиҳоднинг аслидир! Одамларнинг ўзларини у зотларга нисбат беришига келсак, у зотларнинг ҳар бири салафи солиҳлар йўлига бир арқонни боғладилар, уни маҳкам тутдилар ва унга хужжат ва далилларни келтирдилар. Натижада ушбу йўлда юрган ва далилларга эргашган кишига «Ашъарий» ва «Мотуридий» номи ишлатиладиган бўлди».
«Итҳофу саадатил муттақийн би шарҳи иҳёи улумид дин» асаридан
2/6-7 Б, Имом Муртазо Забийдий роҳимаҳуллоҳ
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати