Буюк аллома Алишер Навоийни хотирлаш ва улкан мерос бўлиб қолган қўлёзмалар билан танишиш мақсадида Тошкент ислом институти талаба-қизлари ўқитувчилари ҳамроҳлигида Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейига ташриф буюрди. Музей экспонат ва қўлёзмалари билан танишиш жараёнида талаба-қизлар аллома қолдирган улкан мерос билан танишиб, қўлёзмаларни ўқиди.
Шунингдек, талабалар ўзбек адабиётининг бой тарихи, буюк намоёндалари, ўрта асрлар, яқин ўтмиш ва замонавий адабиёт вакилларининг ижодлари билан танишди.
Айниқса, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг фаолиятига оид илмий мерослар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
Маълумот ўрнида Ўзбекистоннинг энг йирик илмий муассасаларидан бири – Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи 1939 йилда ташкил этилган. Айнан шу ерда ўзбек халқининг адабий мероси ёдгорликлари сақланади.
Музей фондида 17 000 дан ортиқ экспонатлар – бадиий асарлар, археологик обидалар, қўлёзмалар, ҳужжатлар, ўзбек адабиёти маданиятининг кўп асрлик тарихини акс эттирувчи фильмлар мавжуд. Шунингдек, бу ерда мамлакатимиз ёзувчиларининг ҳаёти ва ижоди тўғрисидаги 65 мингдан ортиқ ҳужжатлар тўпланган.
Тошкент Ислом институти
Матбуот хизмати
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати