Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар!Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз” (Бақара сураси 208-оят)
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган киши чин мусулмондир” (Имом Бухорий ривояти)Ҳақиқий мусулмон киши бошқаларга озор бериш ҳақида эмас, балки оиласи тинчлиги, яшаб турган жойини обод қилиш, бугуни ва эртаси ҳақида қайғуради, атрофдагиларга яхшилик улашади. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ўзларига қандайдир тахаллусларни қўйиб олиб ёшларни бузғунчи ғоялар гирдобига тораётган, мусулмон оламига фитна солаётган Абу Салоҳ, Маҳмуд Абдимўмин, Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфарлар ким ўзи?, деган савол туғилади. Буларнинг илмий даражалари борми? Йўқ албатта. Бир сўз билан айтганда улар бузғунчидир. Терроризм – жамиятда осойишталикни издан чиқариш, одамларни қўрқитиш, куч ишлатиш, зўровонлик қилиш, одамларни қириб ташлаш, қўрқитиш орқали пул ундириш каби мақсадларни кўзловчи оқим. Экстемизм эса жамиятдаги қонун – қоидаларга зид радикал қараш ва ҳаракатларни ифодалайди. Терроризм ва эксремизмнинг асосий мақсади сиёсий жараён билан боғлиқ бўлиб, ҳокимиятни эгаллаш, жамият осойишталиги ва хавфсизлигига таҳдид солиб, инсонлар онгини пуч ғоялари билан заҳарлашдан иборат. Юқорида таъкидлаб ўтилган шахслар шулар жумласидандир. Бутун дунё уломалари дин ниқоби остида турли ҳаракатларни амалга ошираётган террористик ва экстремистик оқимларнинг ҳатти ҳаракатларини қоралаб, уларнинг қилаётган иши Ислом динига умуман алоқаси йўқлигига иттифоқ қилишган.
Ислом – тинчлик ва хотиржамлик дини. Уни ҳар қандай бузғунчи оқимлар таъсиридан сақлайлик. Динимиз таълимотига оид масалаларни , аввало, масжид имом-хатибларидан сўраб, ишончли диний – маърифий китоблар, интернет тармоғидаги сайтлардан ўқиб ўрганайлик.
Уйчи тумани
"Девонабобо" жоме масжиди имом-хатиби
Абдуфаттоҳ Мусаханов
Бугун, 7 сентябрь куни мусулмон дунёсининг энг нуфузли илмий муассасаларидан бири — Халқаро Ислом фиқҳи академияси томонидан Жидда шаҳрида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мазкур давлатлараро мақомга эга ташкилот аъзоси сифатида иштирок этмоқдалар.
Илмий-фиқҳий кенгашда мусулмон оламининг кўзга кўринган уламолари, академияга аъзо давлатларнинг муфтийлари, етакчи фатво кенгашлари раҳбарлари, Ал-Азҳар сингари йирик илм даргоҳларининг олимлари ҳамда нуфузли тадқиқот марказлари профессорлари қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар хотин-қизларни ҳар қандай шаклдаги тазйиқ, зўравонлик ва камситишлардан ҳимоя қилишда дин пешволари ҳамда уламоларнинг ўрнини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда зўравонликка қарши муросасиз муҳитни шакллантиришда илмий-шаръий манбаларнинг аҳамияти ҳақида нутқ қилмоқдалар. Шунингдек, Ислом дини аёллар ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини юксак даражада қадрлашини тарғиб қилишга алоҳида урғу қаратмоқдалар.
Анжуман тафсилотларини тармоқларимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати