وَأَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَنَازَعُوا
فَتَفْشَلُوا وَتَذْهَبَ رِيحُكُمْ ۖ وَاصْبِرُوا ۚ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ
46. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир. (Ғалаба омилларидан бири–Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилиш бўлиб, у нафақат уруш майдонидаги, балки барча соҳалардаги ғалаба ва муваффақиятларнинг асосий гаровидир. Маълумки, урушда қўмондоликка итоат катта аҳамиятга эга. Бу оддий бандаларга итоат ҳақидагаи гап. Энди оламларнинг яратгувчиси ва тадбирини қилгувчисига, у зотнинг танлаб олган охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўладиган итоат қанчалар улуғ эканини, қанчалик муваффақиятлар гарови эканини ўзимиз билиб олаверишимиз керак.).
Анфол сураси
Адашган фирқалар ўтган уч асрнинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга чиқа бошлашди. Ҳар бир фирқа ҳақдан оғиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қадам ташлади. Одамларни ҳам фикру хаёли, соғлом эътиқодидан чалғитишга уринди. Бу билан улар, Аллоҳ таолонинг Анъом сураси, 153-оятида марҳамат қилган “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар. Ва бошқа йўлларга эргашманглар. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар.Мана шу сизга қилган амрдирки, шояд тақвоқилсангиз” оятига хилоф иш тутди. Шу тариқа нафсу ҳавосига берилган, бидъат ва залолатга кўмилганлар тоифаси кўпайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Дарҳақиқат, Бани Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир”, дедилар. (Саҳобалар): “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган (миллатдир), дедилар” (Имом Термизий[2] ривояти).
Жаъфархон Суфиев
Тўрақўрғон тумани
"Исҳоқхон тўра" жоме масжиди
имом ноиби
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги байрами муносабати билан “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади:
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Қардош Ўзбекистон халқини истиқлол айёми билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, тараққиёт ва янги ютуқлар учун Аллоҳ таолодан хайрли дуолар сўрайман.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон улуғвор тарихий йўлни босиб ўтиб, мард ва олижаноб ўзбек халқининг мустаҳкам иродаси туфайли юксак ютуқларга эришди. Бугун мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда катта тараққиётга эришаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ўзбекистонни иккинчи Ватаним деб билиб, уни ҳамиша қалбимда асраб келаётган инсон сифатида қардош ўзбек халқининг ютуқларидан чин дилдан қувонаман. Ўзбекистон ривожи ва фаровонлиги йўлида бор куч-қувватини аямай келаётган фидокор раҳбар – Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг беқиёс меҳнатларини алоҳида эътироф этаман.
Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакат сўнгги ўн йил давомида Учинчи Ренессанс даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон бугун давлат раҳбарининг юксак сиёсий тафаккури ва саъй-ҳаракатлари туфайли ислом оламида ёрқин нур сочаётган маданий-маънавий марказга айланди.
Ушбу заҳматларнинг ёрқин намунаси бўлган Ислом цивилизацияси марказини бутун дунё мусулмонларига тақдим этилган бебаҳо туҳфа десак, муболаға бўлмайди. Ўзбек мутафаккирларининг қимматли илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш Ўзбекистон заминининг асрлар давомида шаклланиб келган маърифат ва ирфон маркази мақомини яна бир бор ифодалайди.
Ўзбекистон етакчиси билан ҳар бир учрашув ва мулоқот мен учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кўрсатаётган юксак эътибори учун чексиз миннатдорлик билдираман. Яқинда Ўзбекистон Президенти томонидан “Эл-юрт ҳурмати” орденининг топширилиши менда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди ва бундан бениҳоя фахрланаман.
Мустақил Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқаларимизни янада кенгайтириш халқларимиз учун кўплаб имкониятлар яратади. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида қарор топган мустаҳкам қардошлик муносабатлари, ўзаро ташкил этилаётган учрашувлар алоҳида қадр-қимматга эга бўлиб, бизга маънавий куч бағишлайди.
Давлат раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари ва оқилона сиёсати туфайли Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда кенгайиб, қардошлигимиз иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Ўзбекистон қалбимда алоҳида ўрин тутади. Бу мамлакатнинг ҳар бир ютуғидан беҳад қувонаман ва унинг доимо юксак чўққиларни забт этиши учун дуолар қиламан.
Ўзбекистонда олий диний таълим олиб, Озарбайжон ва Кавказда Шайхулисломлик мақомига кўтарилган инсон сифатида Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг миллий-маънавий қадриятлари ҳамда тарихий меросимизга берилаётган эътиборни юксак қадрлайман.
Дунёда кечаётган мураккаб даврда қардош халқларимиз ўзларининг тарихий-маънавий меросларига суянган ҳолда муносиб келажак қуриш йўлида ишонч билан одимламоқда. Туркий давлатлар ташкилоти доирасида муносабатларимизнинг янада кенгайиши Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатаётган лутфу карамидир.
Озарбайжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қайта тиклаш ишлари, диний-маънавий меросни қайта тиклаш жараёнига туркий давлатлар орасида биринчи бўлиб ўз эзгу туҳфаларини тақдим этган Ўзбекистон халқи ва давлат раҳбарига чин қалбимиздан миннатдорлик билдирамиз.
Яна бир бор Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қардош ўзбек халқини самимий муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни йўллайман.
Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ раҳмати ва карамидан барчамизни баҳраманд этсин. Эзгу орзу-ниятлар ва хайрли мақсадларимизнинг рўёбга чиқишида Аллоҳ мададкор бўлсин. Омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати