Имон “ишонч”, “эътиқод”, “тасдиқлаш”, “омонлик бериш” маъноларини англатиб, динимизнинг бешта асос, яъни устунларидан биринчисидир.
Ҳанафий мазҳабимиз ва мотуридия ақидамизга кўра, имон Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таолодан етказган барча хабарларини тасдиқлаш ва иқрор қилишдан иборат. Кишининг имонига Калимаи шаҳодат” (Гувоҳлик калимаси”) далолат қилади: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва Росуулуҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман”)”.
Амал имондан эмас. Яъни, динда буюрилган амалларни адо этиш фарз бўлса-да, улар имондан ҳисобланмайди. Шунга кўра амални тарк қилиш туфайли куфрга ҳукм қилинмайди.
Имон зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди. Чунки имоннинг асли тасдиқдан, яъни юз фоизлик қатъий ишончдан иборат. Бундай тасдиқда эса зиёда ва кам бўлиш тасаввур қилинмайди. Яъни, камайса, юз фоизлик ишонч бўлмагани учун имон бўлмай қолади, кўпайишнинг эса ўзи тўлиқ бўлгани учун имкони йўқ. Шунинг учун имон” деб аталадиган бундай тасдиқ зиёда ва кам бўлмайди деб эътиқод қиламиз.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида имоннинг тафсилотлари, яъни тўлиқ шакли (“Имони муфассал”) қуйидагича ифодаланади: “Ааманту биллааҳи ва малааикатиҳий ва кутубиҳий ва русулиҳ, вал явмил
аахири, вал қодари хойриҳий ва шарриҳий миналлоҳи та-ъаалаа, вал баъси баъдал мавт”. Маъноси: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига, қадарнинг яхшию ёмонлиги Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга имон келтирдим”.
Ҳанафий мазҳабимиз асосчиси Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” асарида имонга қуйидагича таъриф берган: “Имон – бу иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмон ва ер аҳлларининг имони, имон келтирилган нарса жиҳатидан зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди, лекин яқийн (аниқ билиш) ва тасдиқ жиҳатидан зиёда ва кам бўлади. Мўъминлар имонда, тавҳидда ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар”.
Имон тушунчаси исломда муҳим ва баҳсли масалалардан бири ҳисобланиб, уни VIII асрдан бошлаб турли илоҳиёт ва диний-ҳуқуқий мактаб вакиллари турлича талқин этган. Хусусан, ҳанбалийлик мазҳабида имон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор бўлиш ва тана аъзолари билан амал қилиш ҳисобланади. Лекин улар ҳам амал қилмаганни кофир демайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда диний мутаассиб ва экстремистик оқимлар гўёки “амали йўқлар имонсиз бўлади ва дўзахда куяди” деган даъво билан ўзларига эргашмаган мусулмонларни имонсизликда айблашга ва охират билан қўрқитишга ҳаракат қилмоқдалар.
Мазкур масала бўйича ҳанафий мазҳабининг фақиҳ, муфассир, мутакаллим ва муҳаддис олими Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни баён қилган: “Баъзи адашган фирқалар Қуръон ва суннатга тўғри келмайдиган қарашлари сабабли кишиларни шаҳодат калималарини айтаётган бўлсалар-да, ислом арконларини адо этаётган бўлсалар-да, кофирга чиқаришга уринганлар. Бошқа баъзи фирқалар эса юқоридагилардан мутлақо тескари йўл тутишиб, шаҳодат калималарини талаффуз қилганларни бирор ҳолатда ҳам куфрга чиқариб бўлмайди деб ҳисоблашган. Аҳли сунна вал жамоадагилар эса куфрга чиқаришни мутлақо инкор ҳам қилмайдилар ва ҳар бир гуноҳ туфайли куфрга ҳам ҳукм қилмайдилар, балки аҳли қибла тўғрисида доимо яхши фикрда бўладилар”.
“Аҳли сунна вал жамоа” ушбу масалага қарашлари ҳақида “Ақидатут Таҳовий” китобида қуйидагилар таъкидланган: “Қибла аҳлини гуноҳ иш қилсалар ҳам кофир санамаймиз, башарти уни гуноҳ иш эканлигини кўр-кўрона инкор этмаса. ...Киши имондан чиқиши учун имонга киришига сабаб бўлган нарсаларни инкор этган бўлиши керак. Имон – бу Расули акрам алайҳиссалом Аллоҳ томонидан келтирган барча хабарларни тил билан иқрор қилиб, қалб билан тасдиқлашдир”. Яъни, мусулмон киши икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиб, маъноларига эътиқод қилиш билан Исломга кирса, уларнинг маъноларини инкор қилиш билан Исломдан чиқади.
“Аҳли сунна вал жамоа” эътиқодига кўра, гуноҳи кабира қилган мусулмон ўз гуноҳларига тавба қилишга улгурмасдан вафот этиб кетган бўлса-да, дўзахда абадий қолмайди. Бундай кишилар қалбларида имони борлиги эътиборидан қилган гуноҳларига яраша жазоланиб, сўнгра дўзахдан чиқариладилар. Бу ҳақда ҳадисда қуйидагича айтилган: «Бизларга Имрон ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганини гапириб берди: “Бир қавм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар, “жаҳаннамийлар” деб номланадилар”» (Имом Бухорий, 6566-ҳадис). Имом Муслим Абу Саид розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Улар (яъни, “жаҳаннамийлар” деб ном олганлар) Аллоҳга дуо қиладилар, Аллоҳ улардан ушбу исмни кетказади”, дейилган (191-ҳадис).
Шу билан бирга, динимизда гуноҳкор банда баъзи ишларни қилиши сабабли Аллоҳ таоло уни дўзах азобидан сақлайди, деб эътиқод қилинади. Бундай ишларга қуйидагиларни келтириш мумкин: тавба, истиғфор, яхши ишлар, дунёвий мусибатлар, мўминларнинг тириклигида ва вафотидан кейин орқасидан истиғфор айтишлари, ўлимидан кейин унинг номидан садақа ёки ҳаж қилиш каби ишлар, шафоат қилувчиларнинг шафоати, Аллоҳ таолонинг афв этиши.
Энг ачинарлиси шуки, ҳозирги оқим тарафдорлари намоз ва рўза каби амалларни бажармаганларни кофирга чиқариб, қонини тўкишни ҳалол санамоқдалар. Ваҳоланки, Имом Таҳовий, мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳларнинг эътиқодлари қуйидагичадир:
ولا نُكَفِّرُ أَحَداً مِنْ أَهْلِ القِبْلَةِ بِذَنْبٍ، مَا لَمْ يَسْتَحِلَّهُ
яъни: “Қибла аҳлидан ҳеч кимни бирор гуноҳ туфайли, модомики ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Шундай экан, ҳар биримиз юқоридаги маълумотлардан тўғри хулоса чиқариб, аҳли сунна вал жамоа эътиқодида мустаҳкам туриб, ҳар хил нотўғри ва ботил эътиқодлардан ўзимиз ва яқинларимизни эҳтиёт қилишимиз лозим.
"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан
Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.
Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.
Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.
Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.
Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.
Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.
Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.
Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати