Афсуски, бугунги кунда баъзи ижтимоий тармоқларда айрим кишилар спорт ўйинлари, масалан, футболда қайсидир жамоага пул тикиб, кимнинг жамоаси ютса, ўша одам нариги жамоага тикилган пулларни олиши билан боғлиқ ўйинлар тобора авж олмоқда. Бу каби нарсалар қимор ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйин қимор бўлиб, динимизда бу амал қаттиқ қораланади ва бундан қайтарилади.
Аллоҳ таоло мўминларга қарата бундай хитоб қилади: “Эй иймон келтирганлар, хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган нопок ишдир. Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар! Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!”(Моида сураси, 90-91 оятлар).
Аллоҳ таоло бу оятларда хамр, қимор, бут-санамларга ибодат қилиш ва фолбинлик билан шуғулланишни жамлаб зикр қилмоқда. Зеро, улар зарар жиҳатидан бир-бирига яқиндир. Яъни, хамр ва қимор, бут-санамларга топиниш ва фолбинлик, ҳам ҳаромлик жиҳатидан, ҳам гуноҳ жиҳатидан бир-бирига тенгдир. Буларнинг барчаси жоҳилият даври ишларидандир.
Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бут-санамларга ибодат қилган, Аллоҳга ширк келтирган, хамр ичган ва қимор ўйнаганлар орасида ҳеч қандай фарқ йўқдир!”.
“Эй иймон келтирганлар...” Бу ердаги нидо барча мўминларга тегишлидир. Ояти каримада ҳаммага эмас, балки фақат иймон келтирганларга хитоб қилинаяпти, чунки Аллоҳга иймони бўлмаган одам У Зотнинг амр ва қайтариқларига ҳам қулоқ солмайди.
Яъни: Аллоҳ таолога ҳақиқий ва йақийн иймон келтирган эй мўминлар, албатта ақлни тўсиб, кишини тўғри фикр юритишдан тўсувчи хамрни истеъмол қилиш ва у билан боғлиқ бошқа ҳолатлар, тасодифга асосланган қимор ўйини ва у орқали пул топиш, қурбонлик ва ибодат қилиш учун тиклаб қўйилган бутларга сиғиниш ҳамда киши келажагини билишга қаратилган фол чўплари билан фол кўриш “шайтон амалидан бўлган нопок ишдир”. Бу юқорида санаб ўтилган тўрт нарсанинг сифатидир.
Яъни: мана шу нарсалар, уларни истеъмол қилиш ва шуғулланиш нопок ва ҳаром ишлардандир. Уларни тўғри фикр ва соғлом алқ эгалари қабул қилмайди, балки инкор этади. Зеро, бу ишларни инсонга шайтон зийнатлаб, чиройли қилиб кўрсатади. Зеро, шайтоннинг ўзи нопокдир, нопок эса фақат нопокликка чақиради. Айни пайтда шайтон инсоннинг ашаддий душмани бўлиб, у одам боласига ёмонликдан бошқа нарсани раво кўрмайди.
Бу ишлар шайтонга нисбат берилишидан уларнинг ўта қабиҳ ва манфур ишлардан эканини билиб оламиз.
“Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар!” Бу ердаги “ундан” олмоши “нопок иш”га, нопок ишлар сирасига кирувчи тўрт иллат – хамр, қимор, тиклаб қўйилган бутлар ва фолбинлик қилиш чўпларига тегишлирдир. Оятда “ундан” деб бирлик шаклда айтилишига сабаб шуки, хамр, қимор, бут-санамларга сиғиниш ва фолбинлик қилиш – буларнинг ҳаммаси “нопок иш” деб жамланмоқда ва сўнгра ўша нопок ишдан узоқ бўлишга чақирилмоқда.
Яъни: ваҳоланки, мана шу тўрт нарса соғлом ақл тасдиқламайдиган нопок ва нажас нарсалар сирасига кирар экан, бас, эй мўминлар, дунё ва Охиратда нажот топишингиз учун уларни тарк қилинг, яқинига ҳам йўламанг! Мен сизларни бу разил ишларни нафақат тарк этишга, балки ундан узоқ юришингизга амр қиламан!
Шундан сўнг Аллоҳ таоло хамр ва қиморнинг дунёвий ва ухровий зарарларини баён қилади: “Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”
Яъни: шайтон мана шу мункар ишларни сизларга зийнатлаб кўрсатиш билан ўрталарингизда бўлиб турган муносабатларга раҳна солиш, ораларингизга ҳасад, нафрат ва адоват уруғларини сочишни хоҳлайди.
Буларнинг барчаси хамр ва қимор сабабидан юзага келади. Агар ароқхўрлар маст бўлиб олсалар, ақл-хушни йўқотиб, ҳидоятдан маҳрум бўладилар, яхшини ёмондан, ёмонни яхшидан ажрата олмай қоладилар, душманни дўст тутиб, ҳатто ўзларининг яқин дўстларини ҳам душман санай бошлайдилар, бир-бирлари билан жанжаллашиб, жиққа-мушт бўладилар. Мана шу нарсалар одамлар орасида нафрат ва адоват оловини ёқади ва натижада кишилар ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади. Буни Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Қимор ҳам худди шундай. Қиморда фақат бир томон ютади, иккинчи томон бор бутидан, мол-мулкидан ажрайди. Ютқазган одам бунга бепарво қараб турмайди, энди у ютган одамга бор кучи билан адоват қила бошлайди. Чунки инсон табиатан мол-дунёга ҳарисманд бўлиб, кўз ўнгида бир зумда мол-мулкидан маҳрум бўлган одам уни қайтаришга, жуда бўлмаганда ўша рақибига бирон зулм қилишга, азият етказишга ҳаракат қилади. У, аввало, қалбида унга бўлган кучли адоват ва қасос олиш режасини тугиб қўяди, куни келиб уни амалга оширади. Натижада талон-тарожлик, қотиллик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилади.
Шундай қилиб, хамр ва қимор одамлар орасидаги муносабатларга раҳна солиб, ўзаро алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади. Бу хамр ва қиморнинг дунёвий зарарлари эди. Ояти карима давомида у иккисининг ухровий зарарлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилади: “... ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!”.
Яъни: шайтон сизлар хамр ичиш ва қимор ўйнаш билан шуғулланишингиз туфайли Аллоҳнинг зикридан, У Зотга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилиш ҳамда Диннинг энг асосий устунларидан бўлган намозни бекаму-кўст адо этишдан тўсади, машғул қилиб қўяди.
Ароқхўр маст бўлиши билан ақлини йўқотади. Ақл кетганидан кейин эса банда Аллоҳга итоат этиш, У Зот буюрган амалларни, хусусан намозни бажаришга қодир бўлмайди. Бу ҳақиқат ҳали хамр буткул ҳаром қилинмасидан аввал ўз тасдиғини топган. Абдураҳмон ибн Авф исмли саҳобийнинг уйига саҳобалар йиғилишиб, у ерда таом истеъмол қиладилар ва хамр ичадилар. Шом намози вақти кирганида, улардан бири имомликка ўтиб, қироатида хатоликка йўл қўяди. Мана шунинг ўзи хамр бандани намоздан тўсишига яққол мисолдир!
Қимор ўйнайдиган одам шу йўл билан пул топиш ҳалол деб билади. Бундай кишида соф иймон ҳаловати ва соғлом ақл бўлмайди. Натижада у Аллоҳ буюрган ибодатларни бажариш у ёқда турсин, улар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Алусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шайтоннинг хамр туфайли бандани Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишига сабаб шуки, ароқхўрда мастлик ва “қувонч” пайдо бўлади, у жисмоний лаззатларга ғарқ бўлади. Бундай ҳолда у ўз-ўзидан ибодатдан четда бўлади. Қимор ўйнайдиган одам агар ютса, қалби қувончга тўлиб, ғалаба ва мол-дунёга бўлган муҳаббати уни ибодатдан тўсади. Агар мағлуб бўлса, умидсизликка учраб, ғам-ташвиш ичида қолади ва у энди фақат ва фақат ўз душмани устидан ютиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатда унинг хаёлига ибодат қилиш келармиди?!”
“Энди тўхтарсизлар!” Бу хамр, қимор ва шу каби ҳаром ишларнинг дунёвий ва ухровий зарарлари баён қилингач ҳам уларни истеъмол қилишда давом этадиганлар учун қаттиқ маломат ва тергов маъносида айтилмоқда.
Яъни: бу ҳаром ишлардан тезда тўхтанглар! Зеро, Мен сизларга уларнинг зарарларини баён қилдим. Сизлар хамр ичишдан тўхтайсизларми, йўқми?!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси