Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини у зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гохида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон сахобалар йиғилиб маслахат қилишар ва фатво беришарди. Кейинчалик сахобалар яшаш учун турли юртларга кўчиб кетдилар. Одамлар ўзлари сухбатига етишган олим сахобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шахарлари – Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анхумларнинг фатволарига амал қилинвади. Айнан мана шу даврларда сахобалар мазхаби шаклланганини кўриш мумкин. Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашадилар ва уларнинг мазхабларини қўллаб-қувватлайдилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазхаблар ичидан фақат буюк тўрттаси қолди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, хозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Сахобалар даврида ҳам мужтахид саҳобалар мазхаби бор эди. Сахобалар мазҳаби асосида хозирга қадар етиб келган тўртта фиқхий мазхаблар сақланиб қолди. Мазҳабга эргашиш – қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан қуръон ва суннатга эргашиш саналади.
Чунки Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай мархамат қилади: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Нахл сураси 43-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр ахли хисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйсиниб, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайяан бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди.
Чунки ҳадиси шарифда У зот: “Бу илмни хар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жохилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, деганлар.(Имом Байхақий, Мадхалда ривоят қилган).
Фиқҳий мазҳаблар хозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Мухаддис олимлардан бири Абдулхақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтахид имомлар йўли хақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” деганлар. Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу хаволари билан изохлаб, салафи солихларимиз йўлида оғишмоқда. Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр ахлидан сўрашга буюрган,” дея одамларни алдашга уринмоқда. Хўш, Мазҳаббошилари зикр ахли бўлмаса, унда ким экан? Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак? Муайян мазҳабга тақлид қилган мусулмонлар хозирда хам, ҳозирги кунга қадар хам умматнинг мутлақ кўпчиллигини ташкил қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчиллик томонини лозим тутинг”, деганлар.( Имом ибн Можа ривоятларида).
Демак, мазҳабга эргашишлик катта жамоага эргашиш хисобланади. Ҳулоса қилиб айтганда, мазхабга эргашиш – шариат кўрсатмаларига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун ислом уламоларига қарши чиқиш хисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг хақ динидан адаштирмасин, мусулмонларнинг бирдамлигини таъминласин. Барчаларимизни уммат ичида ихтилоф чиқарувчи бўлишликдан ўзи асрасин.
Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати