Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло Ислом дини асосида инсониятга доимо шахс ва жамиятни тарбиялаш ва ислоҳ қилишда нафақат жисмоний балки руҳий жиҳатларига ҳам катта аҳамият қаратишни таълимини беради. Ҳаётимизда порахўрлик, фирибгарлик, ўзгалар молини ноҳақ ейиш каби иллатлар мавжуд экан, улардан шахс ва жамиятни халос этиш учун ҳаракат қилиш ҳар бир мусулмоннинг кундалик бурчи экани маълум бўлади. Бу борада динимиз кўрсатмаларини ўрганиб, унга амал қилишлик шубҳасиз, юртимиздан бундай иллатларни таг-томори билан юлиб ташлашга, тараққиётнинг янги босқичига тезроқ етишишга катта ҳисса қўшади.
Кишининг ўз вазифасини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйиши, давлат мулкидан ноқонуний фойдаланиши қонун олдида жавобгар бўлиши билан бирга Яратганнинг ҳузурида ҳам оғир гуноҳкор бўлишига ассос бўлади. Чунки порахўрлик, жамиятнинг турли жабҳаларида ўсиш ва ривожланишнинг тўхтаб қолишига, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончининг йўқолишига, давлат ва жамият ўртасидаги мувозанатнинг бўзилишига олиб борувчи салбий оқибатларнинг илдизидир.
Айниқса, аҳолисининг 94 фоиздан зиёди мусулмонлардан иборат бўлган юртимизда, ўзгалар молини ноҳақ йўл билан ейиш – порахўрлик каби ота-боболаримиз қаттиқ ҳазар қилган гуноҳларнинг содир бўлаётганини афсус билан қайт этишимиз лозим. Ҳолбуки, динимизда бировнинг молини бу каби йўллар билан ўзлаштириш қаттиқ қораланган ва ҳаром деб эълон қилинган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Бақара сураси, 188-оятида бу ҳақда марҳамат қилиб:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
Яъни: “Ўрталарингиздаги мол – бойликларингизни ботил йўллар билан еманг. Шунингдек, била туриб, одамларнинг бойликларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳукм чиқарувчиларга ҳавола этманг”, дейди.
Албатта, ҳаёт турли ҳил эҳтиёж ва заруратлардан иборат бўлиб, инсон ўзаро муносабатларда ҳамкор бўлишга муҳтождир. Мана шундай муносабатларда ҳалоллик ва тўғрилик, бировнинг ҳаққининг риояси ҳар кимнинг бош мезони бўлиши лозимдир. Акс ҳолда бошланган ишларнинг оқибати касод бўлишга, энги ачинарлиси эса, унинг касофатидан инсон афсус ва надоматда қолишидир.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "مَن أخذ أموال الناس يريد أداءها أدَّى الله عنه، ومن أخذها يريد إتلافها أتلفه الله" (رواه البخاري)
Яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади”.
Порахўрлик юқорида таъкидланганидек, ўзгалар молини ноҳақ ейишнинг бир кўринишидир. Поранинг арабча маъноси “ришва” бўлиб, Ислом уламолари унга: “Пора – киши ўзи ҳақли бўлмаган нарсасига эришиши ёки зиммасида лозим бўлган нарсадан қутилиши учун тақдим этган мол ёки манфаатдир”, деб тариф берадилар.
Таърифга эътибор қаратсак қуйидаги фойдаларга эга бўламиз.
Аввало бизга, пора пул шаклидагина бўлмаслигини, балки бирор ишни қилиб бериш ёки қилмаслик орқали ҳам манфаатни ҳосил қилиш эканини англатади.
Иккинчидан, пора берувчининг нияти ҳеч қачон яхши ва тўғри бўлмаслигини, шу билан бирга у ўзи ҳақли бўлмаган нарсага эришишга, етарли илм ва малакага эга бўлмай туриб масъулиятни зиммасига олишга интилишидир.
Зеро, Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا ضُيِّعَتْ الْأَمَانَةُ فَانْتَظِرْ السَّاعَةَ قَالَ كَيْفَ إِضَاعَتُهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ إِذَا أُسْنِدَ الْأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ). رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ(
Яъни, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон омонат зое қилинса, қиёматни кутавер”, дедилар. (бир аъробий киши): “Омонатни зое қилиш қандай бўлади, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Қачонки иш ўз эгасидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер”, дедилар”.
Учинчидан, пора олувчининг бузғунчилигидир. Чунки у шаръан ҳалол бўлмаган йўллар билан мўмай пул топиш илинжида, муносиб бўлмаган кишиларни жамият тараққиётининг муҳим бўғимларига жойлашишига, оқибатда эса, мамлакат ривожланишининг сустлашишига, энг ачинарлиси ривожланишнинг орқага кетишида замин яратади. Бу эса, халқнинг давлат ва унинг муассасаларига бўлган ишончининг оёқости бўлишига, ўзаро ишончнинг бўзилишига оқибатда эса бундан норози кайфиятдаги қатламнинг вужудга келишига олиб келади.
Порахўрлар порани “ҳадя”, “совға” сифатида берди, деб, ўзини оқлашга, “йўл” топиб олишга одатланган бўлади.
Берувчилар ҳам доимо “кўнгилдан чиқди”, “атадик” каби “чиройли” сўзлар билан ўзининг қабиҳ амалларини “бўяб”, уни рўёбга чиқаришга одатланган бўлади.
Эътибор қаратадиган бўлсак, Исломда “ҳадя” сўзи ҳам аниқ таърифга эга бўлиб, у – бирор инсонга фойдаланиш мақсадида ниманидир савобдан бошқа ҳеч қандай манфаатни кўзламай беришдир.
Ҳадянинг замирида одатда, Аллоҳнинг розилиги учун берилаётган одамнинг меҳрини, муҳаббатини қозониш, унга бўлган ҳурматни ифодалаш ва унинг қадрини жойига қўйиш, унга яхшилик қилиш ёки қилган беғараз яхшилигига муносиб жавоб қайтариш каби эзгу мақсадлар ўрин олган бўлади. Шу билан бирга, олувчидан бирор нарсани ноҳақ ундиришни ният қилмайди. Бир сўз билан айтганда унда ғараз ва тамаъ бўлмайди!
Айнан шу асосий омиллар бизга ҳадянинг порадан фарқини ажратиб беради.
Порахўр инсон мазкур қилмиши билан динига, иймонига, виждонига, ишониб топширилган вазифасига, давлатига, халқига, энг асосийси “яхшилик қиляпман”, деб, оила-фарзандларига хиёнат қилаётганини яхши билиши ва англаши лозим бўлади.
Имом Муслим Абу Ҳумайд Соъидий разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
اسْتَعْمَلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا مِنَ الْأَسْدِ، يُقَالُ لَهُ: ابْنُ اللُّتْبِيَّةِ - قَالَ عَمْرٌو : وَابْنُ أَبِي عُمَرَ - عَلَى الصَّدَقَةِ، فَلَمَّا قَدِمَ قَالَ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا لِي، أُهْدِيَ لِي، قَالَ: فَقَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمِنْبَرِ، فَحَمِدَ اللَّهَ، وَأَثْنَى عَلَيْهِ، وَقَالَ: مَا بَالُ عَامِلٍ أَبْعَثُهُ، فَيَقُولُ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا أُهْدِيَ لِي، أَفَلَا قَعَدَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ، أَوْ فِي بَيْتِ أُمِّهِ، حَتَّى يَنْظُرَ أَيُهْدَى إِلَيْهِ أَمْ لَا؟ وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ، لَا يَنَالُ أَحَدٌ مِنْكُمْ مِنْهَا شَيْئًا إِلَّا جَاءَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَحْمِلُهُ عَلَى عُنُقِهِ بَعِيرٌ لَهُ رُغَاءٌ، أَوْ بَقَرَةٌ لَهَا خُوَارٌ، أَوْ شَاةٌ تَيْعِرُ (رواه الإمام مسلم.(
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Баний Сулайм қабиласининг садақасини (закот) йиғишда Ибн Лутбия исмли кишининг хизматидан фойдаландилар. У закот йиғиб келиб ҳисоб-китоб бераётганда: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарилиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя олиб келишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, Қиёмат куни елкасида ўкираётган туяни ёки мараётган сигирни ёки бараётган қўйни олиб келади”, дедилар”.
Демак, мусулмон инсон қандай вазифада фаолият олиб боришидан қатъий назар, мазкур “ҳадя” деб номланган порани олаётганида, агар ҳозир вазифада эмас, балки уйда ўтирганимда шуни менга беришармиди, деган саволга виждонан жавоб бериши, аксинча бўлса, юқоридаги ҳадисга мувофиқ, дунё ва охиратдаги жавоби ҳам оғир ва аламли кечишини англаши ва ўзини ислоҳ қилиши лозим бўлади.
Имом Муслим Адий ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бирор ишга бошлиқ қилсак ва у игнадек нарсани яширса, Қиёмат куни омонатга хиёнат қилгани учун жавобгарликка тортилади”, дедилар. Шунда ал-Ансор қабиласига мансуб қора танли бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга топширган ишингизни (закот ва садақа йиғиш вазифасини) қайтариб олинг”, деб айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга нима бўлди?” – деб сўраганларида ҳалиги одам: “Сиз шундай-шундай деганингизни эшитдим”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, озиниям, кўпиниям яширмай олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин”, дедилар.
Жойлардаги аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногирон ва бошқа шу каби нафақага муҳтож қатламига давлат томонидан бериладиган маблағларини ажратишда ҳам айрим вазифадорларнинг шундай “ҳадя”лар олишга кўз тикиб тургани ҳақидаги ҳолатларни эшитиб қоламиз.
Бу борадаги ҳаракатлар асосида динимиз таълимотларида поранинг харом эканини билмаслик, унга амал қилмаслик, мусулмонлик масъулиятини ҳис этмаслик, натижада эса, ўзининг қанчалик улкан гуноҳга эга бўлаётганини англамаслик ётади, деб хулоса қилсак тўғри бўлади.
Имом Бухорий Ҳавла бинти Амр разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади”, дедилар.
Динимиз кўрсатмаларида, порахўрлар ва уларнинг разил мақсадли ҳамтовоқлари, агар қилмишидан қайтиб, чин дилдан тавба қилмаса, уларни дунё ва охиратда ниҳоятда оғир жазолар кутиб тургани, оят ва ҳадислар орқали жиддий огоҳлантирилган.
Жумладан, Имом Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
لعنَ رسولُ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ الرَّاشيَ والمُرتشيَ
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатладилар”
Коррупция, яъни таниш-билишчилик борасида ҳам динимиз кўрсатмалари қаттиқ. Бу ҳақида Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоийлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Маҳзум қабиласидан бўлган бир аёл қарзга нарса олиб, уни қайтармас ва тан олмас эди. Жинояти исботлангач, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жазо беришни буюрдилар. Аёлнинг қариндош-уруғлари Усома ибн Зайднинг олдига келиб, жазони юмшатишни илтимос қилишди. Усома Пайғамбармиз саллаллоҳу алайҳи васалламга аёл ҳақида гапирган эди, у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Усома, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳад(жазо)ларидан бири борасида ҳам ўртага тушасанми?”, дедилар. Сўнг, одамларга ўтган қавмлар агар ораларида шарафли, обрўли кишилар жиноят қилса, авф этиб, заиф киши жиноят қилса, жазолаганлари сабабли ҳалок бўлганларини айтдилар. Яна қасам ичиб, агар қизлари Фотима жиноят қилса ҳам, жазосиз қолмайди, дедилар. Кейин жиноятчига жазо берилди”
Сўзимиз сўнгида айтишимиз лозимки, динимизда пора берувчининг ҳам олувчининг ҳам азобга дучор бўлишдаги даражаси баравар экан. Келтирилган оят-ҳадислар ва уларнинг мазмун-моҳиятидан маълум бўладики, ҳар биримиз юқоридагилардан ўзимизга керакли хулосани чиқариб олишимиз, порахўрлик каби ижтимоий-салбий иллатлардан ҳалос бўлишимиз ва уларга қарши курашишимиз ва барҳам берилишида ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишимиз лозимдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутухассиси Акмалхон Ахмедов манбалар асосида тайёрлади
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси