Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Жаҳолатга қарши маърифат билан

01.12.2021   1611   7 min.
Жаҳолатга қарши маърифат билан

Назар солсангиз, дунё яралишида аксар залварли яратилмиш мавжудотлар еттилик борасида сўз кетади. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳам айнан етти йўналишдан иборат этиб белгилангани бежиз эмас.

Етти устувор вазифани амалга оширишга улуғ ниятлар билан қадам қўйилмоқда. Албатта, бу ўзига яраша катта хайрият ва баракотни тилак-истак қилиб, ҳужжатларга жо этилганидир. Муҳтарам Президентимизнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Тараққиёт стратегиясининг еттита энг устувор йўналишлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтган эди.

Мазкур устувор вазифаларнинг бешинчисида «Муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, «Жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берамиз. Сизларга маълумки, Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз».

Ҳақиқатда, ўтган қисқа давр ичида жамиятимизнинг бош мезони маънавият ҳамда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, «жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида беқиёс ўзгаришлар бўлдики, бу ўзгариш барча жабҳаларда, жумладан, динимиз соҳасида ҳам имкониятларнинг тожига айланди. Эътибор қилсангиз, Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари билан ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади. Ташкил этилган халқаро марказлар олдига саккиз банддан ўн бир бандгача бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бу билан марказлар маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга, ҳозирги ва келгуси ривожланишимиз учун хизмат қилишга мустаҳкам пойдевор бўла олади.

Биргина Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига тўхталадиган бўлсак, марказ оз фурсатда Миср, Туркия, Малайзия, Буюк Британия, Франция, Германиядаги халқаро ислом марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, биргаликда йирик илмий лойиҳаларни йўлга қўймоқда. Уч йил давомида Марказ томонидан буюк алломаларимизнинг 30 га яқин асари таржима қилинди. Яқинда Марказ олимлари томонидан Имом Мотуридийнинг дунёга машҳур «Таъвилот ал-Қуръон» китоби илк марта ўзбек тилига ўгирилди. Ҳеч муболағасиз, айни ноёб асар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1100 йилдан сўнг халқимизга ўз она тилида қайтариб берилди.

Ўзининг бебаҳо асарлари билан ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимиз асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш, ўзбек тилида уларнинг таржима ва шарҳларини, танқидий матнларини тайёрлаш – осон иш эмас ва ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Бунинг учун қанча билим ва тажриба, қанча сабр-тоқат керак. Энг муҳими, Аллоҳ берган истеъдод, нозик дид ва фаросат даркор.

Бир сўз билан айтганда ушбу марказлар халқимизга ислом динининг асл таълимотларини етказишга хизмат қилмоқда. Ёшларимизнинг ёт оқимлар таъсирига тушишининг олдини олиш, уларни илм-фанга рағбатлантириш, юксак ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялашда «Жаҳолатга қарши маърифат» эзгу ғояси асосида фаолият юритувчи ушбу муассасалар ўта муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримийдек улуғ аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш мақсадида Самарқандда Ҳадис илми мактаби очилди. Энг замонавий жиҳозлар, педагогик технологиялар билан таъминланган ушбу таълим муассасасига дунёнинг машҳур Ал-Азҳар университетидан профессор-ўқитувчилар жалб этилди.

Бухоро вилоятидаги машҳур диний таълим муассасасининг мусулмон дунёсидаги ўрни ва нуфузи, диний ходимлар тайёрлашдаги аҳамиятини эътиборга олиб, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Қайд этиш жоизки, Мир Араб мадрасаси ўз фаолияти даврида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам диний ва дунёвий билимларни пухта ўзлаштирган кадрларни етиштириб чиқарган. Бугун Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардаги нуфузли уламолар айнан Мир Араб мадрасасининг битирувчилари ҳисобланади.

Қолаверса, Юртбошимиз 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан, шундай деганди: «Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади».

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Ўтган йиллар давомида Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази биносининг қурилиш майдонига бир неча бор ташриф буюриб, унинг аҳамияти, халқимиз, хусусан, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялашдаги ўрни тўғрисида муҳим таклиф ва ташаббусларни билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида «Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида»ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 100 дан ошиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Шу маънода, мамлакатимиздаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан дунёнинг етакчи исломшунослик марказлари билан ҳамкорликда буюк алломаларимизнинг илмий меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида «Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзусидаги халқаро конференция юқори савияда ташкил этилди. Конференцияда дунёнинг 15 мамлакатидан 55 нафар таниқли уламолар, муфтийлар, мотуридийшунос экспертлар, 100 нафар маҳаллий олим ва тадқиқотчилар қатнашди. Жумладан, Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Таййиб бошчилигидаги 19 нафар мисрлик мартабали диний арбобларнинг иштироки конференциянинг халқаро мақомини янада оширди. Аҳмад Таййиб ўша конференциянинг юқори савияда ташкил қилингани, юксак даражада эътибор кўрсатилгани ҳамда «Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси» мақомига муносиб кўрилгани учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлигини айтганди.

Шукурки, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда диний-маърифий йўналишдаги изчил ислоҳотлар кўлами ва аҳамияти жиҳатидан ғоят муҳим ҳисобланиб, Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсида ислом цивилизацияси маркази сифатида эътироф этилишига сабаб бўлмоқда.

Абдулҳай Турсунов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоятидаги вакили,

вилоят бош имоми

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

25.08.2026   11572   5 min.
Камерада нафақат тарих, балки Бухоронинг бугунги қиёфаси ҳам акс этмоқда

Баъзи шаҳарларни китобдан ўқиб танимайсиз — уларни кўриш, ҳис қилиш, кўҳна деворларига боқиш, тор кўчаларидаги тарих нафасини туйиш керак. Бухоро дунёдаги ана шундай бетакрор, ғаройиб шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.

Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.

Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.

Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.

Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.

Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.

Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.

Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.

Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.

Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.

Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.

Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари