Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2026   |   26 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
11 Июл, 2026, 26 Муҳаррам, 1448

26.11.2021 й. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир

23.11.2021   12283   12 min.
26.11.2021 й. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир

 ИЛМ ЎРГАНИШ ҲАР БИР МУСУЛМОН УЧУН ФАРЗДИР

Муҳтарам жамоат! Ислом дини “жоҳилият” дея аталган даврда нозил бўлиб, улкан илмий бойликни ўзида мужассам этган дин сифатида бутун дунёга маърифат нурини тарқатди. Исломдан олдинги даврни “жоҳилият даври” деб эсланишининг ўзи ҳам Ислом илм дини эканига очиқ-равшан далилдир. Чунки илм жоҳилликнинг зиддидир. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди.

Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир! Аллоҳ таоло айтади:

 يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

 ( سورة المجادلة/11)

яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят).

Дарҳақиқат, Ислом дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир! Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар мавжуд. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

﴿طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ

(رواه الإِمَامُ ابن ماجه عن أنس بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Илм излаш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Абу Дардо разияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат томон йўлга бошлаб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмдан рози бўлиб, унга ўз қанотларини ёйишади. Албатта, олим учун осмонлару ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар истиғфор айтурлар. Олимнинг обидга нисбатан афзаллиги худди Ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Бу ҳадиси шарифларни пухта ўрганган уламоларимиз ундан қуйидагиларни чиқарганлар:

Илм икки қисмга бўлинади фарзи аъйн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, соҳасининг илмини чуқур ўрганиши фарзи айндир. Шунингдек ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарз бўлади.

Фарзи кифоя. Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоасининг зиммасига буюрган амалдир. Мусулмонларнинг бир қисми уни бажариши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким бажармаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади.

Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият кишиларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби  ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт.

Масалан, тиббиёт ёки муҳандислик илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди шулар кабидир. Бу илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Ўз навбатида, агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.

Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига бевосита боғлиқдир.

Ёшларни дунёвий билимлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масала деб ҳисобланган. Шунинг учун ҳам Али разияллоҳу анҳу: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, - деб таъкидлаганлар.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу илм ўрганиш ва ўргатиш ҳақида бундай деганлар: “Илм ўрганинглар, зеро уни ўрганиш Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш ибодат, музокараси тасбеҳ, уни излаш бамисоли жидду жаҳд қилиш, билмаганга ўргатиш садақа, уни ўз аҳлига билдириш Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдир. Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил, хурсандлигу хафалик пайтида кўмакчи, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст ва жаннат йўлининг машъалидир. Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди. Улар одамларни яхшиликка етаклайди, бошқалар уларнинг изидан юради, қилган ишлари эътиборли бўлади”.

Бугунги кунда илм-маърифатли бўлишимизга жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишимиз лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи ёшлар, хоссатан мактаб ёшидагилар, вақтларининг аксарини интернет ва фойдасиз компьютер ўйинларини ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ҳамда тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар. Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасида юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъй-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

 إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ

   (سورة الرّعد/11)

яъни: “...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)

Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда ҳам кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Ваҳоланки, тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.

Динимизда илмни диний ва дунёвийга ажритилмайди. Ота-боболаримиз бу қоидага амал қилганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний,  Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар. Авлодларимиз ҳам биздан фахрланишлари учун бугун, ўзимиз ва фарзандларимизни илм олишлари ва шу орқали жамиятимизни пешқадам сафларга олиб чиқиши учун ҳаракат қилишимиз – ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз, ҳам бурчимиз!

Сиз-у бизга таниш бўлган жадидчи олимларимиздан Мунаввар Қори Абдурашидхонов ўзини “Мен сендамен” асарларида қуйидаги таъсирчан жумлаларни келтирганлар: “Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун-қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади”.

Орадан бир аср ўтган бўлса-да, бу жумлаларнинг аҳамияти мутлақо ўзгармаган.

Киши ўзидаги жоҳилликни кетказиш мақсадида илм излаши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, имкон бўлиши билан илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَنْ جَاءَ اَجَلُهُ وَهُوَ يَطْلُبُ الْعِلْمَ لَقِيَ اللهَ تَعَالَى وَلَمْ يَكُنْ بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّبِيِّيْنَ اِلَّا دَرَجَةُ النُّبُوَّةِ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عن ابن عباس رضي الله عنه)

яъни: “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтида етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривоятлари).

Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбарининг шахсан ўзлари ёшларимизни илм-маърифатга тарғиб қилишни кучайтириш доирасида уларни кўпроқ китоб ўқишга жалб қилиш юзасидан салмоқли ишларни амалга оширмоқдалар. Аммо биз, ота-оналар, мазкур масалада қанчалик эътиборлимиз? Охирги марта ўғил-қизларимизга қандай китоб олиб берганимизни ёки шахсий ибрат кўрсатиб, бирорта адабиёт мутлоаа қилганимизни эслай оламизми? Ваҳоланки, телефон, кийим-бошни “модадан қолди” ёки “модели эскирди” деб, ой сайин янгилаб беришга маблағ топамиз.

Ёки фарзандларимизни қўшимча тўгарак ёки репетиторга йўналтириш масаласига қандай қарамоқдамиз? Мазкур ишга “қиммат” деб маблағ ишлатишни аяймиз. Бироқ, ушбу маблағ фарзандларимизнинг келажаги учун сармоя экани, уларга олиб бераётган автомобил ёки бошқа ашёдан кўпроқ фойда келтиришини ўйлаб кўрайлик. Мажозий маънода айтганда, фарзандларимизга “балиқ” эмас, “қармоқ” олиб берайлик.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олиш ҳам ибодат эканини етказишимиз керак. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!

Болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига масъулмиз. Зарурий илмларни олиш нафл ибодатдан устун туради. Ҳозирда мактабларда ҳар бир бола билиши зарур бўлган, асосий билим ва кўникмалар ўргатилади. Мажбурий таълимдан кейин бу билимларни ҳеч ким текинга ўргатмайди.

Ҳукуматимиз томонидан 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам баркамол авлоднинг тарбиялаш ишларига бунданда кўпроқ аҳамият қаратилишини англатади.

Дарҳақиқат, имон ва гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм инсонни бахтиёр қилади, мартабасини баландга кўтаради. Илм ҳосил қилишдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир. Бандасининг қилаётган амалларидан эса Аллоҳ таоло хабардордир!

Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Худди илм олиш фарз бўлгани каби, касбу ҳунар ўрганиш ҳам – фарздир”. Ҳакимлар илм-ҳунарсиз кишини “қанотсиз қуш” деб номлаганлар.

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу Кумайлга: “Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол – маҳкумдир. Мол нафақа қилиш билан камайса, илм зиёда бўлади”, деганлар.

Шундай экан, муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбияси ва таълимига жиддий аҳамият беришга, уларни ҳар вақт назорат қилиш, мактабдан сўнг албатта бирон-бир машғулот билан шуғулланиш, спорт, уй юмушлари, томорқа ишлари каби жисмоний ишларга жалб қилишлари зарур эканлигини таъкидлаймиз.

 Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришишини, аждодларига муносиб авлод бўлишини насиб қилсин. Омин! 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ишларнинг энг яхшиси

10.07.2026   12564   3 min.
Ишларнинг энг яхшиси

Дин ва жамият

Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.


Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.

 
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.


Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.


Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.


Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.


Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.


Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди. 

Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,

Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби

Ҳ. Садриддинов уюштирди.


"Ҳидоят" журналини 7-сонидан

Мақолалар