Бугун, 10 август куни Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар учун маърифат соати бўлиб ўтди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бориб, диний соҳа ходими тартиб-интизомли бўлиши, ижро интизомига қатъий риоя қилиш кераклиги ҳақида гапирдилар. Шу билан бирга, эртанги жума намози тезисига қўшимча равишда сувни тежаш, исроф қилмаслик ҳақида кўрсатма бердилар.
Маърифат соати сўнгида турли соҳаларда фаол ва жонкуяр бўлган бир неча имом-хатиблар ташаккурнома билан тақдирланди.
Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Эргашали домла Рустамов вакиллик ташкилий масалаларида фаоллиги учун тақдирланди.
Чегара ҳудудларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида фаоллиги учун:
– ЎМИ Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев;
– "Имом ат-Термизий" масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов;
– "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ;
– "Яккасарой" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Тошонов;
– "Сирож Солиҳ" масжиди имоми Ҳасан домла Қодиров;
– “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Абдуқодир домла Муҳаммадраҳимов;
– "Фирдавс" масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторов;
Тарғибот ишларида фаол бўлганлиги учун Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собиржон домла Рустамов;
"Тартибли ва интизомли имом" эътирофига Раҳимберди домла Раҳмонов ва Миробод тумани бош имом-хатиби Меърожиддин домла Ҳайдаров;
Ҳаждаги интизоми учун “Иброхим ота” масжиди имом-хатиби Азимжон домла Алимжоновлар ташаккурномага лойиқ кўрилди.
Ташаккурнома олган имом-хатибларни муборакбод этамиз!





Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
2-ҚИСМ
Раддия: Ҳижрат ва жиҳод масаласи шароит, имконият ва шариат ҳукмларига боғлиқ. Ушбу фитначининг гўёки “ушбу умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод” уруш олиб бориш экан” деган тор тасаввурлар билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда.
Маълумки, “жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида асли “уруш” маъносини “қитол” сўзини англатади.
Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсоннинг ўзининг нафси ва ёмон ҳулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади.
Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда”, дейилган.
Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ҳозирда ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.
Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Кимки амирга итоат қилса, демак менга итоат қилибди ва кимки амирга осийлик қилса, демак менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий ривояти).
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний ўзининг “Субулус салом” номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
“Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси