Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Ноябр, 2024   |   20 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:56
Қуёш
07:18
Пешин
12:14
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:19
Bismillah
21 Ноябр, 2024, 20 Жумадул аввал, 1446

Қуръони Каримнинг нафсий эъжози ёки Қуръоннинг қалбларга таъсири

27.03.2018   8223   12 min.
Қуръони Каримнинг нафсий эъжози ёки Қуръоннинг қалбларга таъсири

Албатта, Қуръоннинг қалбларга таъсир этиши юксак даражага етган бўлиб, ундан олдин ҳам, кейин ҳам бошқа бирорта сўз ва гапда бундай таъсир бўлмаган. Зеро, Қуръон – уни тингловчилар қалбига ва қулоғига қўрқув, ажиб туйғу солади. Тингловчиларни Қуръоннинг ҳайбати қамраб олиб, дилларини унинг улуғлиги ўраб олади. Қуръоннинг таъсири уни инкор қилувчиларга қанчалик юксак кўринишда бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Қуръон уларни залолатда юрганлари учун айблади, устларидан кулди ва уларга қарши рад этиб бўлмас далилларни келтирди. Натижада Қуръонни эшитиш уларга оғир келди, эшитмасликка уриниб, ундан юз ўгириб кетдилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло қуйидагича хабар берган: 

 وَلَقَدْ صَرَّفْنَا فِي هَـذَا الْقُرْآنِ لِيَذَّكَّرُواْ وَمَا يَزِيدُهُمْ إِلاَّ نُفُوراً

“Батаҳқиқ, Биз бу Қуръонда эслашлари учун баён қилдик. Лекин бу уларга нафратдан ўзгани зиёда қилмас” (Исро сураси, 41-оят).

Яна бир оятда бундай деган: 

وَإِذَا ذَكَرْتَ رَبَّكَ فِي الْقُرْآنِ وَحْدَهُ وَلَّوْاْ عَلَى أَدْبَارِهِمْ نُفُوراً

“Қачон сен Қуръонда Роббингнинг ёлғиз ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб қочурлар” (Исро сураси, 46-оят).

Мушрикларнинг баъзи етакчилари Қуръон қалбларини эгаллаб олганини, қалбларининг тўрида қўрқув ва ҳаяжон уйғотганини ҳис этишган. Улар одамлардан беркиниб, кечқурунлари яширинча Қуръон тиловатига қулоқ солар эдилар. Эртаю кеч бир-икки оят ва бир-икки суранинг таъсиридан қалблари иймон ҳаловатига тўлиб бораётган издошларида Қуръоннинг таъсирини яққол кўрар эдилар. Мазкур суралар ва оятларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар ўқир эдилар. Бутларга боғланиб қолган кўнгиллар Қуръон оятларига бош эгар ва бутлардан бутунлай воз кечар эди. Шу тариқа улар илмий-амалий ва ахлоқий тарзда Қуръон ҳидояти билан безаниб бордилар. Буни кўрган мушрикларнинг етакчилари Қуръон уларнинг раҳбарлигига ва нуфузига қаттиқ зарба беришини англаб етиб, ўз издошларига Қуръонни эшитмасликни тавсия қилардилар. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган: 

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَا تَسْمَعُوا لِهَذَا الْقُرْآنِ وَالْغَوْا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَغْلِبُونَ

“Куфр келтирганлар: “Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз”, дедилар” (Фуссилат сураси, 26-оят).

Ҳурматли ўқувчи! Сиз Қуръони Карим мушрикларнинг етакчиларидан бўлган Утба ибн Робийъа ва Валид ибн Муғийрага қаттиқ таъсир қилганини ҳамда Валид одамларни Қуръондан буриш учун қандай ҳийла ишлатганини яхши эслайсиз. Аллоҳ таоло унинг гапини ҳикоя қилиб келтиради: 

فَقَالَ إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ يُؤْثَرُ

“Бас, бу асар қолган сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас. 

إِنْ هَذَا إِلَّا قَوْلُ الْبَشَرِ

Бу башар сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас”, деди” (Муддассир сураси, 24-25-оятлар).

Натижа барибир мушриклар кутганидек бўлмади. Аксинча, улар қўрққан нарса содир бўлди. Умар ибн Хаттоб қиличини ялонғочлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш мақсадида бораётган эди. Синглиси Фотима бинт Хаттобнинг уйида Аллоҳ таолонинг:

طه

“Тоҳо” 

مَا أَنزَلْنَا عَلَيْكَ الْقُرْآنَ لِتَشْقَى

“Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ” 

إِلَّا تَذْكِرَةً لِّمَن يَخْشَى

“Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун” 

تَنزِيلاً مِّمَّنْ خَلَقَ الْأَرْضَ وَالسَّمَاوَاتِ الْعُلَى

“У ерни ва юксак осмонларни яратган зотдан нозил бўлгандир” (Тоҳо сураси, 1-4-оятлар).

Ушбу оятларни ўқидию, “Бу калом бунчалар гўзал ва карамли бўлмаса!” деб юборди. Кўп ўтмай Исломни қабул қилди.

Авс қабиласининг икки етакчилари Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Хузайрнинг мусулмон бўлиш қиссаларини ҳам яхши эслайсиз.

Саҳиҳ ҳадисда Жубайр ибн Мутъим ҳақида қисса келтирилган. Унинг ўзи айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозида Тур сурасини ўқиётганларини эшитдим. У зот қуйидаги: 

أَمْ خُلِقُوا مِنْ غَيْرِ شَيْءٍ أَمْ هُمُ الْخَالِقُونَ

“Балки, улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ўзлари яралгандирлар?! Ёки улар яратувчиларми?” 

أَمْ خَلَقُوا السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بَل لَّا يُوقِنُونَ

“Балки, улар осмонлару ерни яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар” (Тур сураси, 35-36-оятлар) оятига етганларида қалбим Ислом тарафига учиб кетай деди”.

Бошқа ривоятда: “Шу воқеа қалбимга иймон ўрнашишига илк сабаб бўлди” деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаж мавсумида Мадинадан келган бир гуруҳ кишиларга Қуръон ўқиб берганларида, улар иймон келтиришди. Кейин Мадинага қайтиб, Ислом динини ёйишди. Бироз муддат ўтгач, Мадинада Қуръон кирмаган бирорта ансорийнинг уйи қолмади. Шу тариқа Мадина қуролсиз, қон тўкишларсиз, фақатгина Қуръон билан фатҳ қилинди.

Мўминларга келсак, Қуръон уларнинг рағбатларини, муҳаббатларини оширади, холос. Қалблари титраб, хотиржам бўлиб, диллари яйраб, роҳатланади. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади: 

 اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَاباً مُّتَشَابِهاً مَّثَانِيَ تَقْشَعِرُّ مِنْهُ جُلُودُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمْ وَقُلُوبُهُمْ إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ ذَلِكَ هُدَى اللَّهِ يَهْدِي بِهِ مَنْ يَشَاءُ وَمَن يُضْلِلْ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ

“Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур. Кимни Аллоҳ залолатига кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ”. (Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. “Такрорланадиган” бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади. Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.) (Зумар сураси, 23-оят).

Мўминлар Қуръонни тинглашлари билан қўрқувлари, бўйинсўнишлари зиёда бўлади. Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деган: 

وَإِذَا سَمِعُواْ مَا أُنزِلَ إِلَى الرَّسُولِ تَرَى أَعْيُنَهُمْ تَفِيضُ مِنَ الدَّمْعِ مِمَّا عَرَفُواْ مِنَ الْحَقِّ يَقُولُونَ رَبَّنَا آمَنَّا فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ

“Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: “Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин” (Моида сураси, 83-оят).

Мўминлар ҳар гал Қуръон тинглаганларида иймонларининг нури зиёда бўлиб, кучайиб боради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят).

Албатта, Қуръоннинг таъсиридан қалблар сақлана олмайди. Бу амри маҳол ишдир. Чунки, агар Қуръон тоғларнинг устига нозил этилганда, парчаланиб, сочилиб кетган бўлар эди. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган: 

 لَوْ أَنزَلْنَا هَذَا الْقُرْآنَ عَلَى جَبَلٍ لَّرَأَيْتَهُ خَاشِعاً مُّتَصَدِّعاً مِّنْ خَشْيَةِ اللَّهِ وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

“Агар ушбу Қуъонни тоғга туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдинг. Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар” (Ҳашр сураси, 21-оят).

Эътибор билан қарасак, Қуръонни тушунмайдиган, тафсирини ўқимаган, араб тилини билмайдиган оддий кишилар ҳам Қуръонни тингласалар, уларни қўрқув, сакинат, хотиржамлик ўраб олиб, иймонларининг нури зиёда бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Буларнинг барчаси Қуръоннинг мўъжиларига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари чин эканига далиллардандир.

Фузайл ибн Иёз мусулмон эди. Лекин йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молларини тортиб олар, бош тортганларнинг қонини тўкар эди. Бир куни қорининг: 

 أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَن تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللَّهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ وَلَا يَكُونُوا كَالَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِن قَبْلُ فَطَالَ عَلَيْهِمُ الْأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَكَثِيرٌ مِّنْهُمْ فَاسِقُونَ

“Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!” (Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган.) (Ҳадид сураси, 16-оят).

Ушбу оятни эшитган Фузайл дарҳол тавба қилди, тавбаси гўзал бўлди. Бироз муддатдан кейин эргашишга муносиб, буюк солиҳлардан бирига айланди.

Уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган), давлати, салтанати бўлмаган бир инсоннинг Қуръон деб ўқиб берганини барча замонлар ва маконларда эҳтиром билан ўқилаётган, тингланаётган бўлса, унга ўхшашини сўзга чечанлар ҳам, сўзга нўноқлар ҳам келтиролмаса, уни эшитган барчанинг қалби эриб, бадани титраб, вужудини қўрқув ва сокинлик қамраб олса, маъносини тушунмаганлар ҳам уни эшитиб, жим бўлиб қолса, бу Қуръон Оламлар Роббининг Каломи бўлмай, кимнинг каломи бўлсин?!

Қуръоннинг қалбларга таъсир қиладиган бундай нафсий эъжози ҳақида баъзи олимлар билмайдилар, ғафлатдалар. Баъзилар эса бошқаларга эъжознинг ушбу турини эслатганлар.

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ аввалгилардан бўлиб Қуръоннинг нафсий эъжози ҳақида сўз юритган. У жумладан шундай деган: “Қуръоннинг эъжози тўғрисида гапирар эканман, одамлар билмаган яна бир тури ҳақида айтмоқчиман. Бу тур ҳақида кам сонли кишиларгина билишади. Бу тур – Қуръоннинг қалбларни ҳаракатга келтириши, кўнгилларга таъсир қилишидир. Сен Қуръондан бошқа ҳам назм, ҳам насрда баён қилинган, агар қулоқ солинса, шу заҳоти қалбга етиб бориб, қулоқ билан бирга қалбга ҳам лаззат ва ҳаловатни туйдирадиган, бошқа тарафдан қўрқув ва ҳайбат билан ўраб қўядиган, дилларни шодликка тўлдириб, қалбларни уйғотадиган, териларни сескантириб, қалбларни титратадиган каломни ҳеч қачон эшитмайсан! Қанчадан-қанча араблар, паҳлавонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш мақсадида ҳаракат қилардилар. Қуръон оятларини эшитганларида, оятлар тиловати қулоқларига тушиши биланоқ аввалги фикрларидан қайтар, таслим бўлишга, мусулмон бўлишга уринар, кейин у зот олиб келган динга кирар, қалбларидаги кучли адоват дўстлик ва муҳаббатга, куфрлари иймонга айланар эди...”. 

 

Доктор Ҳасан Зиёуддин Итрнинг “Ал-Муъжиза ал-холида”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Ноқонуний диний таълим беришга қандай жавобгарлик бор?

21.11.2024   10891   1 min.
Ноқонуний диний таълим беришга қандай жавобгарлик бор?

Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири