Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Ҳофиз Бағавийнинг тўлиқ исми: Абу Муҳаммад Ал–Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Ал–Фарро Ал–Бағавийдир. “Муҳйис суннаҳ”, “Имом” ва “Шайхул Ислом” деган номлар ила эътироф этилган.
“Фарро” сўзи мўйна билан шуғулланувчиларга нисбатан ишлатилади. Масалан: мўйнафуруш ва мўйнадўз дейилади.
“Бағавий” сўзи эса, Марв ва Ҳирот оралиғида жойлашган Хурасоннинг (Бағ) “Бағшур” шаҳрига нисбатан ишлатилади.
Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжамул булдон” да айтишига қараганда: Ҳусайн ибн Масъуд ҳижрий 433 йили туғилган.
Заркалийнинг сўзига қараганда: ҳижрий 436 йили туғилган.
Ҳусайн ибн Масъуд Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида, Шофиий мазҳабида бўлган.
Илм талабида Ҳурасоннинг турли ҳудудларига сафар қилган. Шофиий мазҳабининг фақиҳларидан бўлиб, улуғ муҳаддис ва мусаввирлар қаторидан жой олган, диннинг устуни, суннатнинг тирилтирувчиси унвонларига сазовор бўлган.
Ҳусайн ибн Масъуд Бағавий ниҳоятда тақводор, сабрли бўлган. Ривоят қилинишига қараганда бирор дарсни бетаҳорат айтмаган. Асосан унинг таоми нон бўлиб, ундан бошқа таом эмас, кейинчалик кексайган вақтида нонга ёғ суриб таомланган зоҳид инсон эди.
Шофиий уламоларидан Ат–Тож Ас–субкий Ҳусайн ибн Масъуд Боғавийни шундай таърифлайди : “Ал–Боғавий улуғ имом, тақводор, фақиҳ, илм билан амални жамлаган обид, муфассир ва мухаддис олимдир.
Ҳусайн ибн Масъуд Бағавийнинг тафсири ҳақида “Кашфўз-Зунун” муаллифи шундай дейди: “Беш юз ун олтинчи йилда вафот этган Имом Ҳусайн ибн Масъуд Бағавийнинг “Маъолимут Танзул тафсири” Ўртача тафсирлардан бўлиб, улуғ саҳобалар, тобеийнлар ва кейинги уламолардан нақл қилинган. Уни 805-йилда вафот этган Аш-Шайх Тожуддин Абу Наср Абдулваҳоб ибн Муҳаммад ал–Ҳусайн мухтасар қилган”.
Муфассирлардан Ал–Хозин ўзнинг тафсири муқаддимасида шундай ёзади: “Ҳусайн ибн Масъуд Боғавийнинг тафсири шу илм соҳасидаги шубҳадан ҳоли, рост сўзларни жамлаган, шариат аҳкомлари баён этилган, ажойиб хабарлари ва киссалари билан ўралган бебаҳо китобларидандир”.
Устозлари:
Шогирдлари:
Асарлари:
Ҳусайн ибн Масъуд 80 ёшдан ўтиб 516 йили вафот этади.
Манбалар асосида
Абдуссомад Абдулбосит тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз. Олдиндан раҳмат.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази