Ҳар бир гуноҳ амал бизни Роббимиздан узоқлаштиради. Бироқ, Аллоҳга қайтарадиган нарса бу – ҳақиқий тавба. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
قلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
“Эй, ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли Зотдир” (Зумар сураси, 53-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ لَزِمَ الِاسْتِغْفَارَ جَعَلَ اللَّهُ لَهُ مِنْ كُلِّ ضِيقٍ مَخْرَجًا وَمِنْ كُلِّ هَمٍّ فَرَجًا وَرَزَقَهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ
“Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади ва уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантиради”, дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Аллоҳ таолодан мағфират сўраш учун энг афзал дуо –
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким саййидул истиғфор –
اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لاَ إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ وَأَبُوءُ لَكَ بِذَنْبِي فَاغْفِرْ لِي فَإِنَّهُ لاَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ
Ўқилиши: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу`у лака биниъматика ъалаййа ва абу`у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта”ни кечки пайт айтиб, тонг отгунича вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Маъноси: “Аллоҳим, Сен Роббимсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган амалларимнинг ёмонлигидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Гуноҳларимни мағфират этгин. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси уйғонсалар:
لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ سُبْحَانَكَ اللهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَسْتَغْفِرُكَ لِذَنْبِي وَأَسْأَلُكَ رَحْمَتَكَ اللهُمَّ زِدْنِي عِلْمًا وَلاَ تُزِغْ قَلْبِي بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنِي وَهَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الوَهَّابُ
Ўқилиши: “Лаа илаҳа илла анта, субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, астағфирука лизанбий ва асалука роҳматака. Аллоҳумма зидний ъилман ва лаа тузиғ қолбий баъда из ҳадайтаний ваҳаб лий мин ладунка роҳматан, иннака антал ваҳҳаб”, деб айтар эдилар” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).
Маъноси: Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сенга ҳамд айтиш билан Сени поклайман. Гуноҳларимга истиғфор айтаман. Раҳматингни сўрайман. Аллоҳим, илмимни зиёда қилгин. Ҳидоятга солганингдан кейин қалбимни оғдирмагин. Ҳузурингдан менга раҳмат ато этгин. Албатта, Сен кўплаб ато этувчисан”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро академиясида 20 нафар ўзбекистонлик имом-хатиб учун ташкил этилган малака ошириш дастури якунланиб, иштирокчиларга махсус шаҳодатнома топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курсида диний соҳа вакиллари ўзларининг илмий-диний билимларини ошириш, Ал-Азҳарнинг бой илмий тажрибаси ва ўқитиш услубларини ўзлаштириш бўйича машғулотларда қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан академия раҳбари Ҳасан Сағир ушбу ўқув курслари Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййибнинг доимий эътиборида бўлганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, шайх Аҳмад Таййиб ўқув жараёнини жиддий кузатиб борган.
Сафар давомида ўзбекистонлик имомлар ушбу давлатдаги Катта уламолар кенгаши аъзоси доктор Ҳасан Шофеий билан ҳам кўришди. Учрашув чоғида илм-фан, диний маърифат ва уламолар масъулияти хусусида суҳбат бўлиб ўтди.
Имом-хатиблар Ал-Азҳар ҳамда Имом Ҳусайн масжидларига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган табаррук ашёлар, жумладан, муборак қилич ва бошқа тарихий ёдгорликларни кўриш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Ал-Азҳар ўртасидаги диний-маърифий ҳамкорлик, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, имом-хатибларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг ушбу нуфузли даргоҳда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича келгуси чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати