Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: نَفْسُ الْمُؤْمِنِ مُعَلَّقَةٌ بِدَيْنِهِ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мўминнинг руҳи то қарзини адо қилмагунча қарзига боғлиқ бўлиб туради», дедилар» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилганлар).
Шарҳ: Мўмин кишининг қарзи бўлса, ўлганидан кейин унга жаннатдаги макони кўрсатилмай турар экан. Қачон қарзи узилса, ўшандан кейингина кўрсатилар экан. Бунда эса ўзига яраша қабр азоби бор. Бировнинг ҳаққи шу даражада аҳамиятли. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам қарзи борларга ўзлари жаноза ўқимаган ҳоллари бўлган.
Бундан ким қабрда ноқулай ҳолга тушиб қолмай, деса, тириклигида ўзида бирор кишининг ҳаққи қолмаслиги учун ҳаракат қилиши лозим.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
8 ноябрь куни Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида “Ҳаж – 2027” мавсумини намунали ташкил этиш юзасидан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Закиров, элчи Нодиржон Турғунов, атташе Шуҳрат Амоний келгуси ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.
Учрашув аввалида муҳтарам Президентимиз ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар салмоқли натижа бераётгани, савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги ва зиёратчиларга энг юқори даражадаги хизматлар кўрсатилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Ҳаж ва умра вазири ўз навбатида Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларни, хусусан, диний-маърифий соҳадаги ижобий ўзгаришлар, бутун дунё эътирофига сазовор бўлаётган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасида олиб борилган бунёдкорлик ишлари, шунингдек, зиёратчиларга яратилаётган қулай шароитларни юксак баҳолади. Доктор Тавфиқ ар-Робиа юртимизга амалга оширган аввалги икки ташрифи давомида гувоҳи бўлган жадал тараққиётни эътироф этиб, Ўзбекистонга яна ташриф буюриш ниятида эканини маълум қилди.
Мулоқот давомида “Ҳаж-2027” мавсумини юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар юқори сифат нуқтаи назаридан муҳокама қилинди. Жумладан, ҳожиларга энг муносиб шароитларни ҳозирлаш, ҳаж арконлари адо этиладиган маконларда шароитларни яхшилаш, транспорт, тиббий ва ошхона хизматлари сифатини такомиллаштириш кабиларга урғу қаратилди.
Мулоқот якунида томонлар қатор масалалар бўйича келишувга эришиш баробарида ўзаро эсдалик совғалари алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати