Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Ўзгаларга ортиқча “юк” бўлманг!

19.11.2024   8385   5 min.
Ўзгаларга ортиқча “юк” бўлманг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 “У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни хокисор – бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (Ер)нинг ҳар томонида юринглар ва У (Аллоҳ)нинг ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтиш бордир(Мулк сураси, 15-оят).

Аллоҳ таоло бандалар учун Ерни бўйсундириб, уни хокисор ва сокин қилди. Қаттиқ силкиниб устидаги махлуқотларни ҳалок қилмаслиги учун тоғлар билан мустаҳкамлаб қўйди. Ердан сув чиқариб, анҳор, дарё ва денгизларни яратди. Махлуқотлари фойдаланиши, бандалари зироат ва чорвачиликда манфаат олишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Шунингдек, Аллоҳ Ерда турли йўлларни пайдо қилди. Бас, эй инсонлар, Ернинг турли жойларида юринглар, ризқ талабида ҳаракат қилинглар! Унутмангларки, қиёмат кунида дунёда қилиб ўтган ҳар бир амалингиз ҳақида ҳисоб бериш учун Аллоҳнинг даргоҳига қайтасизлар.

Аллоҳ таолонинг Ерни бўйсундириб қўйганини яна қуйидаги мисолларда ҳам кўриш мумкин. У Зот Ерни тошдек қаттиқ қилиб қўймади, балки юриш осон бўлиши учун юмшоқ қилди. Бандалар ерни кавлаб, экин экишлари, бино қуришлари учун майин қилди. Агар ер тош, олтин ёки темир каби бўлганида, ёз фаслида жуда иссиқ, қишда эса ҳаддан ташқари совуқ бўлар эди. Шунингдек, Ер ўликларни ўз бағрига олиб, атроф-муҳитни мусаффо ҳолида сақлайди ва кўплаб касалликлар тарқалишининг олдини олади. Мана шу нарсаларнинг барчаси Ернинг инсон учун бўйсундириб қўйилганини англатади.

Ушбу оятда бандаларни ризқ талабида ҳаракат қилиш, ҳаёт учун, уни обод қилиш учун интилишга тарғиб қилиниб, дангасалик ва ишёқмасликдан қайтарилмоқда.

Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини азалда тақдир қилиб белгилаб қўйгани кўп бора айтилди. Махлуқотлар ўша ризққа эришиш учун лозим бўлган сабабларни ишга солишлари, ризқ талабида ҳаракат қилишлари керак бўлади. Бироқ ризқ топишда ёлғиз ҳаракатнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунда таваккул ҳам шартдир. Ризқ топиш учун ҳаракат қилиш ва таваккулни бир-бирига мувофиқ нарса деб билиш лозим. Зеро, таваккул қалб иши. Ҳаракат эса аъзоларнинг ишидир. Ризқ топишда, аввал Аллоҳга таваккул қилинади. Яъни, ризқ Аллоҳдан эканига тўлиқ имон келтириб, У Зотнинг ёрдами ва мададига суянган ҳолда, ишларни енгил қилишини сўраб дуо қилинади. Сўнгра ризқ талаб қилишга ўтилади. Бу иккиси асло бир-бирига зид эмас. Бири иккинчисисиз мукаммал бўлмайди. Фақат таваккул қилсаю, интилиш бўлмаса, банда текинхўрга айланиб қолади. Оқибатда қашшоқлашиб, одамлар олдидаги обрўъ-эътиборидан ҳам айрилади. Аксинча, таваккул қилмасаю, фақат ҳаракат қилишнинг ўзи билан чекланса, ризқ топиш фақат ўзимга боғлиқ, ўзимни ўзим боқаман, мана шу касбим орқасидан кун кўраман, деган нотўғри фикрга борса, киши ширк иллати томон қадам ташлаган бўлади. Демак, ризқ топишда таваккул ва ҳаракатни жамлаган ҳолда иш юритиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради” (Имом Табароний, Ибн Адий,  Ҳаким Термизий ва Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Банда Аллоҳ таолонинг муҳаббатига лойиқ бўлиши учун, авваламбор унда имон бўлиши керак. Иймон барча яхшиликларнинг бошидир. Иймон бўлмасаю, бошқа “фазилат”лари бўлса, фойдаси йўқ. Ушбу ҳадисда айтилаётганидек, Аллоҳ таоло ўзига ҳақиқий имон келтирган ва ризқ талабида ҳаракат қилувчи, ҳалол касб-кор билан шуғулланувчи, бировга оғирлиги тушмайдиган, ўзгаларга қарам ва боқиманда бўлиб қолмайдиган бандасини яхши кўрар экан. Бас, биз ҳам ушбу икки фазилат билан сифатланиб, Аллоҳ яхши кўрган бандалар қаторидан жой олайлик!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Дангаса тижоратчи маҳрум, шижоатли тижоратчи эса ризқланувчидир” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Ҳадисдаги “маҳрум бўлиш” ризқдан бутунлай ажраб қолишни англатмайди. Зеро, ҳар бир банда ўз имконияти ва лаёқати даражасида иш тутади.

Банданинг ризқ талаб қилишидаги ҳолати – ҳаракатчанглиги ёки дангасалиги унинг ризқи кенг ёки тор бўлишига таъсир қилади. Ҳадисда таъкиланганидек, ишёқмас ва дангаса тижоратчи ризқнинг баракали бўлиши ва кенг ризқдан маҳрум бўлади. У лаёқатсизлиги туфайли ўзига келиши мумкин бўлган кўплаб даромадлардан қуруқ қолади. Ҳаракатчан, уддабурон ва изланувчан тижоратчи эса, аввало нияти ва қалбини соф қилиб, яхшилик касб қилиш учун ҳаракат қилади. Ишларини пухта, мукаммал ва маромига етказиб, ўз вақтида, кўпроқ манфаат берадиган пайтда амалга оширади. Ўша ишининг орқасидан кенг ризққа эга бўлади. Ҳаракатчан бандани Аллоҳ яхши кўради. Унга Ўзи хоҳлаган тарзда кенг, баракали ризқ ва фаровон ҳаёт ато қилади.

Шу нарсани эслатиб ўтиш лозимки, бу ҳадис бутун ҳаётини тирикчилик йўлида бағишлаш ёки дунёга ташна бўлишга эмас, балки ризқ талабида ҳалол йўллар билан ҳаракат қилиш, ўз ишига пишиқ бўлишга тарғиб қилмоқда. Тирикчилик ва касб-корни ташлаб қўйиб ўзгаларга ортиқча “юк” бўлишдан қайтармоқда.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Миср ОАВ: Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойига бағишланган мақолалари маънавий янгиланиш ва Набавий суннатга эргашишга чорламоқда

14.09.2026   3583   2 min.
Миср ОАВ: Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойига бағишланган мақолалари маънавий янгиланиш ва Набавий суннатга эргашишга чорламоқда

Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон муфтийси, шайх Нуриддин Холиқназарнинг Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган муқаддас Рабиул аввал ойига бағишланган туркум мақолалари чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Мисрнинг “Al Gomhuria” нашри саҳифаларида Рабиул аввал ойи мусулмонлар қалбида алоҳида ўрин тутиши ва Умманинг Пайғамбаримизга бўлган чексиз муҳаббати туфайли бу ой анъанавий равишда “Мавлид ойи” деб аталиши ҳақидаги фикрлар кенг ёритилган. Материалда Муфтийнинг ушбу даврни янги маънавий кўтаринкилик билан кутиб олиш, уни “Набавий сийрат ойи” ва “Ибратли уммат ойи”га айлантириш, ибодат, ахлоқ ва маданият масалаларида Пайғамбаримиз ўгитларини амалий ўзлаштиришга қаратилган даъвати алоҳида таъкидланган.

“Ya7dosal2an” нашри ҳам Ислом эътиқодининг ажралмас қисми ва чин имоннинг асосий шарти бўлган Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат сабаблари ҳақидаги методологик масалани қайд этган. Мақолада саҳобаларнинг садоқатига оид тарихий мисоллар ва гувоҳликлар келтирилган.

“Aldawlanews” ресурсида Исломни амалий тушунишнинг олий манбаи сифатида Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти кўриб чиқилган бўлиб, унда шунчаки саналарни ёдлаш ўрнига ҳар бир тарихий воқеадан сабр, адолат ва раҳмат каби ҳаётий сабоқларни чиқариш зарурлиги урғуланган.

“Al Diplomacy” нашри эса Пайғамбаримизга бўлган чин муҳаббатнинг уч асосий белгисига — сийрат ҳақида тафаккур қилиш, суннатга сўзсиз эргашиш ва руҳлар шифоси ҳамда жамиятда ахлоқни мустаҳкамлашнинг маънавий асоси бўлган кўп салавот айтишга эътибор қаратди.

“Sada El Balad” расмий ресурси Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойини оилалар ва таълим муассасалари учун кенг қамровли тарбиявий лойиҳага айлантириш ташаббусини ёритиб, мусулмонларни ушбу ойни юксак ахлоқ ва жипсликнинг олий намунасига эргашиш йўлидаги янги дебочага айлантиришга чақирди.

“Eldameer” ахборот портали ҳам Ўзбекистон муфтийсининг асарларини атрофлича тақдим этиб, Рабиул аввал ойининг чуқур мазмуни ва суннатга эргашиш орқали маънавий покланишнинг муҳимлигига эътибор қаратди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари