Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Ноябр, 2026   |   7 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:51
Қуёш
07:08
Пешин
12:13
Аср
15:21
Шом
17:05
Хуфтон
18:21
Bismillah
17 Ноябр, 2026, 7 Жумадул сони, 1448
Мақолалар

Гувоҳларсиз ўқилган никоҳнинг ҳукми

05.12.2024   11065   1 min.
Гувоҳларсиз ўқилган никоҳнинг ҳукми

Савол: Гувоҳларсиз никоҳдан ўтганмиз. Шу никоҳимиз тўғри бўлганми? Агар нотўғри бўлган бўлса, нима йўл тутишимиз керак?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Никоҳда гувоҳларнинг бўлиши шартдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

لَا نِكَاحَ إلَّا بِشُهُودٍ

“Никоҳ фақат гувоҳлар билан дуруст бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).
Шунга кўра, агар никоҳ гувоҳларсиз, яъни камида икки эркак ёки бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлигисиз ўқилган бўлса, уни гувоҳлар ҳузурида қайтадан ўқиш лозим бўлади.

فِي مَآلِ الْفَتَاوَى لَوْ تَزَوَّجَ بِغَيْرِ شُهُودٍ ثُمَّ أَخْبَرَ الشُّهُودَ عَلَى وَجْهِ الْخَبَرِ لَا يَجُوزُ إلَّا أَنْ يُجَدِّدَ عَقْدًا بِحَضْرَتِهِمْ .

“Маолил-Фатово китобида ёзилишича, бир киши гувоҳларсиз никоҳланса, сўнг гувоҳларга бу ҳақида хабар берса, дуруст бўлмайди. Фақат никоҳни гувоҳлар ҳузурида янгидан ўқитса, шундагина никоҳи дуруст бўлади” (“Ал-Баҳр ар-Роиқ” китоби). Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик — тинчлик ва барқарорлик асоси

17.11.2026   1180   2 min.
Конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик — тинчлик ва барқарорлик асоси

16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида «Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимизда фаолият юритаётган турли диний конфессиялар вакиллари, Кенгаш аъзолари, парламент, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий кузатувчилар иштирок этди.

Тадбирда жамиятда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, турли конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Йиғилиш давомида мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофлича муҳокама қилинди.

Эътироф этилганидек, Конфессиялар ишлари кенгаши турли диний конфессиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда долзарб масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал этишда муҳим майдон вазифасини бажармоқда.

Мулоқотлар давомида иштирокчилар мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан фикрларини билдирдилар.

Шунингдек, хорижий ва маҳаллий кузатувчилар ҳам мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги тажриба, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.

Айниқса, ёш авлодни бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари асосида тарбиялаш, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, динлар ва маданиятлар ҳақида холис, ишончли ҳамда маърифий материаллар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар Ўзбекистонда шаклланган конфессиялараро тотувлик муҳити нафақат мамлакатимиздаги барқарорлик, балки халқаро миқёсдаги ўзаро англашув ва ҳамкорлик учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар.

Йиғилиш якунида Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш, диний конфессиялар ўртасидаги мулоқотни изчил давом эттириш, жамиятда тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар юзасидан фикр алмашилди.

Зеро, бағрикенглик турли эътиқод эгаларининг ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатлик асосида бир жамиятда тинч-тотув яшаш маданиятидир. Бундай қадриятларни асраб-авайлаш эса барқарор тараққиёт ва фаровон келажакнинг муҳим кафолати саналади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Ўзбекистон янгиликлари