Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Африка қитъаси шимоли-ғарбида жойлашган Марокаш давлатини араблар – Мағриб, турклар – Фас, французлар эса Марок (Марокко) деб атайдилар. Мазкур қироллик ҳудудида жойлашган тўртта қадимий шаҳар – Фас (Фес), Марокаш, Макнас турли йилларда мамлакат пойтахти вазифасини бажарган. Замонавий Работ (Ар Рибат) эса ҳозирги Марокашнинг бош кентидир. Йиллар давомида сайёҳларни мафтун этиб келаётган тарихий қадамжолардан бири – «Шимолий Африка марвариди» номини олган Марокаш шаҳрига саёҳат қилишга нима дейсиз?
Ёзда ҳам қуриб қолмайдиган ўнлаб дарёлар манбаи – Атлас тоғлари этагида жойлашган Марокаш шаҳри тўққиз юз йиллик тарихга эга. Унга ХI асрда Ал-муробитлар (1050–1147) сулоласи вакиллари томонидан асос солинган бўлиб, XII асрга келиб эски Марокаш – Мағриб, Андалусия ҳамда Шимолий Африканинг муҳим тижорий, маданий ва диний марказига айланган. Саъдлар сулоласи ҳукмронлиги (1510–1659) даврида шаҳарнинг мавқеи ва шуҳрати янада ортган. Янги масжидлару мадрасалар, боғлару ҳовузлар барпо этилган, хароб ҳолга келган иншоотлар таъмирланиб, қайта тикланган. Шу ўринда қироллик маълум вақт давомида Испания ва Францияга бўйсунгани учун бугун мамлакат шаҳарларида Европа маданияти меъморчилиги намуналари сақланиб қолганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
1956 йилда Марокаш давлати мустақилликка эришганидан сўнг мазкур шаҳарни сайёҳлик марказига айлантириш мақсадида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди: меҳмонларга қадимги кентнинг сершовқин ҳаёти, урф-одатию турфа маданияти, ноёб меъморчилик намуналари тақдим этилиб, туристик лойиҳаларга мувофиқ пальма, зайтун ва бошқа дарахтлар экилган янги сўлим боғлар барпо этилди.
Эски шаҳар
Марокаш шаҳри худди Тошкент каби – эски ва янги қисмларга бўлинган. Атлас тоғ тизмаси ёнбағирлари қизилга мойил жигар ранг тупроқдан иборат бўлгани боис, бу ҳудудларда иншо қилинган деярли барча бинолар шу тусда. Марокаш шаҳри ўрнида қад ростлаган илк маскан – мудофаа қалъаси ал-муробитлар амири Али ибн Юсуф фармони билан қурилган бўлиб, кейинчалик бу қўрғон атрофида шаҳар вужудга келган. Олисдан Марокаш иморатлари ол тусда кўрингани учун маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар уни «мадинатул ҳамро», яъни «қизил шаҳар», деб атаган. Эътиборлиси, Марокашнинг «эски шаҳар» ҳудуди 1985 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига кирилган. Эски шаҳар кўчалари бир-бирига уланиб кетган бир нечта маҳаллалардан иборат бўлиб, деярли ҳар бир кўчада катта-кичик масжидлар бор. Бундан ташқари, ҳар бир маҳалланинг умумий ҳаммоми ва умумий тандирхонаси мавжуд бўлиб, маҳалла аҳли – бой-бадавлат хонадон вакиллари ҳам, ўртаҳол оила аъзолари ҳам нон ва нон маҳсулотларини уйида тайёрлаб (масалан, хамир қориб, нон ясаб), умумий тандирхонага олиб бориб, ўша ерда пиширтиришар эканлар.
Жомеул Фано майдони
Эски шаҳарнинг «юраги» ҳисобланган мазкур майдонда ҳеч қандай иншоот қад ростламаган бўлса ҳам, бу ерда эртаю кеч ҳаёт қайнайди: ўзига хос мешларни кўтариб олган шаробчилар меҳмонларга чанқовбосди ичимликларни таклиф қиладилар, маҳаллий санъаткорлар ўз маҳоратларини намойиш этадилар, илон ва маймун ўйнатувчилар томошаларини ўтказиб олганларидан кейин хоҳловчиларни жониворлари билан суратга тушишга чорлайдилар. Кечки пайт майдон умумий овқатланиш ҳудудига айланади.
Манбаларда келтирилишича, Саъдлар сулоласи вакили Султон Аҳмад ал-Мансур (ҳукмронлиги 1578–1603) майдоннинг шимолий қисмида катта масжид қурдирмоқчи бўлган. Аммо бино энди кўтарилаётганда мамлакатда вабо тарқалиб, ишлар тўхтаб қолган экан. ХIХ асргача сақланиб қолган ушбу масжид харобалари ўрнида енгил конструкцияли янги бозор савдо расталари бунёд этилган. «Сувқу жадид», яъни янги бозорда озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, заргарлик буюмлари, турли хил санъат намуналари, гиламлар, сувенирлар, асосан фонуслар, маҳаллий услубда тикилган кийим-кечаклар сотилади. Бозордаги савдо расталари йўлаклари шу қадар чалкашки, у ерга кирган кимса баъзида чиқиш йўлини топа олмай қолади.
Турли замонларда майдон – маҳкумларни омма олдида жазога тортиш, байрамлар ҳамда тўйларида отлиқлар кўргазмасини ўтказиладиган жойи вазифасини адо этган.
Кутубийя масжиди
Марокаш шаҳри рамзига айланган ушбу масжид ХII асрда муваҳҳидлар (1121–1269) сулоласи вакиллари томонидан иншо этилган бўлиб, Шимолий Африканинг ислом динини қабул қилган туб аҳолиси – барбарларнинг анъанавий меъморчилик услубида қурилган. Мазкур услубнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, иншоотлар, шу жумладан, миноралар тўртбурчак шаклда қурилади. Жумладан, Кутубийя масжидининг баландлиги 77 метрли, диагонали анча узун (минора ичидаги айланма зина орқали тўрт-беш киши ёнма-ён туриб бемалол тепага чиқа олади) бўлган минораси ҳам тўртбурчак шаклида барпо этилган. Ушбу минора Касабланка шаҳридаги Ҳасан II масжиди, Испаниянинг Севилья шаҳридаги Хиральда насронийлар ибодатхонаси (аввалги Севилья катта масжиди) минораларига андоза (намуна) бўлиб хизмат қилган.
Тарихчиларнинг ёзишича, ХIХ асрдан бошлаб масжид атрофига юзлаб китобдорлар келиб, китоб савдоси билан шуғулланган. Ўша давргача «Муваҳҳидлар масжиди» номидаги мазкур ибодатгоҳ шундан кейин «Кутубийя (арабчада «кутубийун» – китобдорлар дегани) масжиди деб атала бошланган.
Масжид минораси учига устма-уст турувчи мис коптокчалар билан қопланган шпиль, яъни қалпоқли найза ўрнатилган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, Султон Яъқуб ал Мансурнинг аёли Рамазон рўзаси каффорати эвазига ўз тақинчоқларини эритиб, ана шу тўпчаларни тилла суви билан қоплатган экан. Маълум бўлишича, ўша пайтда мазкур коптокчалар қуруқликдаги маёқ вазифасини ҳам ўтаган. Хусусан, тилла тўпчаларга қуёш нурининг тушиши натижасида миноранинг учи шаҳардан бир неча ўн чақирим наридан ҳам кўринган. Шу тариқа атрофдаги чўл ҳудудларидан Марокаш сари келаётган меҳмонлар ушбу минорани мўлжал қилиб шаҳар томон юришган.
Бугунги кунда масжид қуёш панеллари, гелио-сув иситкичлари ҳамда ёрқин чироқлар билан жиҳозланган. Атрофи пальма дарахтлари билан ўралган, йўловчиларга очиқ ҳавода дам олиши имкониятини берувчи сўлим яшил ҳудудга айлантирилган.
Ибн Юсуф мадрасаси
Бир неча аср давомида Марокаш давлатининг тенгсиз, ўз навбатида, Шимолий Африканинг йирик олий илм даргоҳларидан бири бўлган ушбу мадраса 1564–1565 йилларда саъдлар султони Абдуллоҳ ибн Ғолиб томонидан қурилган бўлиб, 1960 йилга қадар фаолият кўрсатган. Икки қаватли, 107 та хона (ҳужра)дан иборат мадрасада бир вақтнинг ўзида 900 нафар талаба дарс олган. Мадраса ҳовлиси ўртасида ҳовуз, унинг атрофида ажойиб нақшлар билан безатилган айвончалар бор. 1982 йилдан мазкур мадраса музей сифатида фаолият кўрсата бошлаган.
Баҳия саройи
XIX аср ўрталарида Cи Муса исмли собиқ қул Марокаш қироли Абдулазиз IVнинг вазири этиб тайинланади. Тинимсиз меҳнат ва кўп машаққатлар эвазига шу даражага эришган вазир Марокаш шаҳрида ўзи ва оиласи учун Баҳия номли ҳашаматли сарой қурдиради. 300 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган сарой ҳовлисига мармар тошлар ётқизилади, атрофи темир панжара ва дарвозалар билан ўралади. Деворлар ва шифтларга ранго-ранг безаклар ёрдамида жило берилади. Саройга туташ ҳудудда апельсин, банан боғлари, отхона ва ҳаммом барпо этилади, масжид қурилади. Си Муса вафот этгач, бош вазир этиб тайинланган унинг ўғли Ба Аҳмад қурилиш ишларини давом эттириб, сарой ҳудудини янада кенгайтиради. Ба Аҳмад вафот этгач, ХХ аср бошларида сарой қаровсиз қолади. Ўз вақтида Франция маршали Лиоте саройни таъмирлаб, ундан қароргоҳ (резиденция) сифатида фойдаланган.
Кейинчалик музейга айлантирилган Баҳия саройи бугунги кунда Марокаш шаҳридаги сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган туристик объектлардан бири бўлиб турибди.
Риёзлар
Марокаш шаҳри, шунингдек, ўзининг риёзлари билан ҳам машҳур. «Риёз» бир вақтлар тожирлар учун бошпана бўлган, бугунга келиб эса миллий меҳмонхоналарга айлантирилган масканлардир. Ташқи тарафдан қаралганда оддий кўринган бу уйларнинг ичкариси нозик дид билан жиҳозланган. Ҳовли ичига турфа гул ва дарахтлар экилгани учун ҳам бу меҳмонхоналар «риёз» номини олган. Авваллари шаҳарнинг бойлари фақирларнинг кўнгли ўксимаслиги учун ўз уйларини оддийгина қилиб қуришган экан. Ўша қадимги уйларнинг айримларидан ҳам бугун миллий руҳдаги меҳмонхоналар сифатида фойдаланилмоқда. Аксарият риёзларнинг айвонидан Атлас тоғлари манзарасини томоша қилиш, тунда эса юлдузли осмонга боқиб, Аллоҳнинг Ер юзини қандай ҳам гўзал суратда яратганини, Бани Одамга чиройли иншоотларни бунёд қилиш учун илҳом бериб қўйганини тафаккур қилиш мумкин.
Хадича Алишерова
Бир китоб бир вақтнинг ўзида луғат, тарихий харита, халқ оғзаки ижоди тўплами ва ўтмиш жамиятининг ўзига хос қомуси бўла оладими? XI асрда яшаган буюк тилшунос Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асари бу саволга жавоб беради.
XI асрда яратилган, туркий халқларнинг тили, географияси ва маданий ҳаётини бир асарда жамлаган «Девону луғотит турк» бугун ҳам жаҳон тилшунослиги учун муҳим манба бўлиб қолмоқда. Маҳмуд Қошғарийнинг ушбу қомусий мероси 2017 йилда UNESCOнинг «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс экспозициясида асарнинг факсимиле нусхаси намойиш этилиши эса ташрифчиларга қарийб минг йил аввалги туркий дунё билан танишиш имконини бермоқда.
1072–1074 йилларда яратилган асар туркий халқлар тилини араб тилида тушунтириш мақсадида тузилган бўлса-да, унинг илмий аҳамияти оддий луғат доирасидан анча кенгдир. Унда туркий сўзларнинг маъноси ва қўлланиши билан бирга турли қабилаларнинг тил хусусиятлари, мақоллар, шеърий парчалар, географик номлар ва ижтимоий ҳаётга оид маълумотлар жамланган.
XI асрдаги туркий дунёни тасвирлаган харита
Асарнинг энг эътиборли хусусиятларидан бири — ундаги доирасимон тарихий харитадир. У туркий халқлар яшаган ҳудудлар, географик объектлар ва ўша даврдаги макон ҳақидаги тасаввурларни акс эттиради.
Туркиянинг Қўлёзма асарлар муассасаси маълумотларига кўра, мазкур харитада тоғлар, кўллар, дарёлар, туркий халқлар истиқомат қилган ҳудудлар билан бирга бошқа минтақалар, жумладан, Япония ҳам тасвирланган.
Бу жиҳат асарнинг аҳамиятини янада оширади. Чунки Маҳмуд Қошғарий туркий сўзларни муайян географик ва маданий муҳит билан боғлаб ўрганган. Унинг харитаси замонавий географик ўлчовларга асосланган атлас эмас, балки XI асрдаги билимлар ва дунёқарашнинг тарихий гувоҳидир.
Шу маънода, «Девону луғотит турк»ни илк туркий лингвистик географиянинг муҳим манбаларидан бири сифатида ўрганиш мумкин.
Бир сўз ортида бутун бир халқ ҳаёти
Маҳмуд Қошғарийнинг илмий ёндашуви сўзларнинг маъносини изоҳлаш билан чекланмаган. Олим уларни халқ оғзаки ижоди, кундалик турмуш ва турли тил муҳитлари билан боғлиқ ҳолда қайд этган.
Асардаги мақоллар ва шеърий парчалар XI аср туркий халқларининг ахлоқий қарашлари, меҳнат анъаналари, ижтимоий муносабатлари ва бадиий тафаккурини ўрганиш имконини беради.
Бу материаллар айниқса фольклоршунослик учун муҳимдир. Айрим оғзаки ижод намуналари бизга айнан шу асар орқали етиб келган. Демак, Қошғарий фақат сўзларни эмас, улар билан бирга муайян даврнинг маданий хотирасини ҳам сақлаб қолган.
Асарнинг яна бир муҳим хусусияти — туркий тил ва лаҳжалар ўртасидаги фарқларни қайд этишидир. Бу маълумотлар тарихий тилшуносликда сўзларнинг шакли, маъноси ва тарқалишини қиёсий ўрганиш учун қимматли далил бўлиб хизмат қилади.
Нима учун асар араб тилида ёзилган?
«Девону луғотит турк»нинг ўзига хос жиҳатларидан бири — туркий сўзларнинг араб тилида шарҳланганидир.
XI асрда араб тили мусулмон оламида илм-фан ва ёзма маданиятнинг асосий тилларидан бири эди. Маҳмуд Қошғарий ана шу илмий муҳитда туркий тилларнинг бой луғат таркиби ва ифода имкониятларини тизимли равишда намоён этди.
Бу ҳолат асарни маданиятлараро илмий мулоқотнинг муҳим намунаси сифатида баҳолаш имконини беради.
Олим туркий тилларни бошқа тилда сўзлашувчи аудиторияга тушунтириш орқали нафақат луғат тузган, балки уларнинг мустақил тил тизими ва бой маданий анъаналарга эга эканини кўрсатган.
Асарнинг бизгача етиб келиш тарихи
«Девону луғотит турк»нинг бугун маълум бўлган ягона қўлёзма нусхаси Маҳмуд Қошғарий яшаган даврга эмас, XIII асрга мансуб.
Туркия Қўлёзма асарлар муассасаси маълумотларига кўра, қўлёзма 1266 йилда Муҳаммад ибн Абу Бакр ас-Савий томонидан кўчирилган. У 319 варақдан иборат бўлиб, ҳозир Истанбулдаги Миллат қўлёзмалар кутубхонасининг Али Амирий фондида сақланади.
Қўлёзма XX аср бошларида Али Амирий томонидан қўлга киритилган ва кейинчалик илмий муомалага киритилган. Унинг қайта кашф этилиши туркий тиллар тарихи бўйича тадқиқотларга янги манбавий асос яратди.
Муҳим жиҳат шундаки, бугун тадқиқотчилар фойдаланаётган матн муаллиф давридан қарийб икки аср кейин кўчирилган нусха орқали етиб келган. Шу боис асарни ўрганишда қўлёзманинг матний тарихи, кўчирилиш хусусиятлари ва илмий нашрларини қиёсий таҳлил қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
UNESCO эътироф этган умуминсоний мерос
2017 йилда «Девону луғотит турк» қўлёзмасининг UNESCO «Жаҳон хотираси» халқаро реестрига киритилиши унинг нафақат туркий халқлар, балки жаҳон маданий ва илмий мероси учун ҳам аҳамиятли эканини тасдиқлади.
UNESCOнинг Туркия миллий комиссияси мазкур асарни XI аср туркий халқларининг тили ва этнографияси ҳақидаги энг бой манбалардан бири сифатида баҳолайди.
Бу эътироф асарнинг тилшунослик, картография, этнография ва тарих каби бир неча илмий соҳалар учун аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Ислом цивилизацияси марказида минг йиллик мероснинг янги талқини
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс экспозициясида «Девону луғотит турк» асарининг факсимиле нусхасига алоҳида ўрин ажратилган.
Мазкур экспозиция буюк алломаларнинг илмий меросини тарихий манбалар, нодир нашрлар ва замонавий музей ечимлари орқали намойиш этишга қаратилган.
Маҳмуд Қошғарий асарига бағишланган махсус медиа лойиҳа концепциясида қўлёзма нусхасини рақамлаштириш, асарнинг яратилиш тарихи, тузилиши ва илмий аҳамиятини тушунтирувчи видеоматериал ҳамда интерактив ахборот ресурси тайёрлаш назарда тутилган.
Бундай ёндашув тарихий қўлёзмани фақат кўргазма ашёси сифатида эмас, балки ташрифчи мустақил ўрганиши мумкин бўлган илмий-маърифий манба сифатида тақдим этиш имконини кенгайтиради.
Хусусан, асарнинг тарихий харитасини замонавий географик маълумотлар билан қиёслаш, ундаги айрим сўзлар ва мақолларни бугунги туркий тиллар билан таққослаш, қўлёзманинг сақланиш тарихини интерактив шаклда тушунтириш келгусидаги музей-таълим лойиҳалари учун истиқболли йўналишлар бўлиши мумкин.
Ўзбек тилининг тарихий илдизларини англаш
«Девону луғотит турк» ўзбек тили тарихини ўрганишда муҳим умумтуркий манбалардан бири ҳисобланади.
Бироқ асарни замонавий ўзбек тилининг ягона бевосита манбаси сифатида талқин қилиш илмий жиҳатдан тўғри бўлмайди. Ўзбек тилининг шаклланиши узоқ давом этган тарихий, ҳудудий ва маданий жараёнлар билан боғлиқ.
Қошғарий асари ана шу мураккаб тараққиётнинг қадимий қатламларини ўрганиш, туркий тиллар ўртасидаги умумийлик ва фарқларни аниқлаш, сўзларнинг тарихий маъно ўзгаришларини тадқиқ этиш учун муҳим асосдир.
Айниқса, ўзбек тили байрами муносабати билан мазкур асарга мурожаат қилиш тилни қадрлашнинг яна бир муҳим жиҳатини — унинг илмий тарихи ва манбавий асосларини билиш зарурлигини намоён этади.
Қадимий қўлёзмадан замонавий илм-фангача
Бугун тарихий луғатлар фақат тилшунослар учун эмас, рақамли гуманитар фанлар, электрон корпуслар ва тарихий маълумотлар базаларини яратиш учун ҳам муҳим манбага айланмоқда.
«Девону луғотит турк»даги сўзлар, географик номлар, мақоллар ва лаҳжа хусусиятларини рақамли шаклда тизимлаштириш келгусида тил тарихи бўйича қиёсий тадқиқотларни янада ривожлантириш имконини бериши мумкин.
Бу — асар асосида барча шундай технологиялар аллақачон яратилганини англатмайди. Бироқ унинг таркибидаги маълумотлар замонавий тадқиқот усуллари учун катта илмий имкониятга эга.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Девону луғотит турк» факсимиле нусхасининг намойиш этилиши ана шу узвий боғлиқликни — тарихий мерос, илмий тадқиқот ва замонавий маърифат ўртасидаги алоқани кўрсатади.
Маҳмуд Қошғарийнинг асари бизга бир ҳақиқатни эслатади: тил тарихи фақат сўзлар тарихи эмас. У — халқнинг дунёқараши, географик тасаввури, ижодий тафаккури ва асрлар давомида сақланиб келган маданий хотирасидир.
Дурдона Расулова, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати