Бу аёл бор-йўғини ва бутун куч-ғайратини фарзандини комил инсон бўлиб етишиши учун ҳаракат қилган онадир.
Қисса аёлнинг мужоҳид Фаррух билан оила қуришидан бошланади. Фаррух буюк саҳобий Робийъ ибн Зиёднинг мавлоси бўлган. Робийъ ибн Зиёд Сижистон, шунингдек, мусулмонлар ғалаба қозониши учун бор кучини сарфлаган, кўзга кўринган қўмондонлардан эди. Аллоҳ таоло унинг ҳаракатларини ғалаба билан қутлаган пайти қули бўлмиш Фаррухга ҳуррият йўлини очди ва ўлжалардан унга ҳам насиба берди. Кўксига ҳурлик шабадаси теккан Фаррух ўз она шаҳрига қайтди. Бирдан-бир мақсади Раббининг тоатида кўмаклашадиган ва уйини муҳофаза қиладиган бир солиҳа қизга уйланиш эди...
Фаррух оила қуриб ўз уйига эга бўлгач, яна жанг майдонларига қайтиб ғалаба лаҳзаларини қайта-қайта туюшни хоҳларди. Бир сўз билан айтганда, у яна Аллоҳ йўлида жанг қилиш иштиёқида эди. Унинг орзулари ушалди. Оилали ҳам бўлди.
Кунларнинг бирида Фаррух завжасининг олдига ўтириб дилдан суҳбатлашди. Суҳбат асносида у Аллоҳ йўлида жанг қилишнинг даражотини тушунадиган ҳамда бу йўлдагиларга тайёрлаб қўйилган инъомларнинг қадрини англайдиган аёлнинг қаршисида турганини ҳис қилди. Аёли унга қаршилик қилмади, рози бўлди. Фаррух аёлига анчайин тош босадиган бир ҳамённи узатди ва: “Бу қопчиқнинг ичида ўттиз минг динор бор. Уни ўзингиз ҳамда фарзандимиз учун яхшилик йўлида сарфланг, агар Аллоҳ тақдиримга омонликни битган бўлса, қайтгунимча шундай қилиб тирикчиликни ўтказиб туринг”, деди.
Орадан вақт ўтиб аёлининг кўзи ёриди. Болага Робийъа деб исм қўйди. Бир неча йил ўтгач аёл фарзандини Аллоҳнинг каломини ёд олдириш учун устозларга топширди. Болакай бир неча ой ичида Қуръондаги кўп сураларни ёдлаб олди. Аёл турмушдоши берган маблағни фарзандининг камолоти учун сарфлай бошлади. Энди у фарзандини фақиҳларнинг қўлига топширди.
Аёл ёш болакай учун меҳнат қилган, илмини аямаган бирор кишига бахиллик қилмади. У фарзандини уммат самосида зиё таратувчи бир юлдуз бўлиб порлашини, мусулмонларга фойда келтирадиган чин инсон бўлиб етишишини хоҳларди.
Йиллар ўтди... Робийъанинг ёши ўттизга етди. Шу кезлар бир ажиб иш бўлди... Олтмиш ёшларни қоралаган Фаррух аскар киймида шаҳарга кириб келди. Уйлар, кўчалар жуда ўзгариб кетган эди, шундай бўлса-да, Фаррух ўз уйини топишга муваффақ бўлди.....
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
Ҳар йили 21 октябрь куни юртимизда она тилимизнинг байрами катта шодиёна билан нишонланади. Бу сана биз учун нафақат миллий ўзликни англаш, балки Парвардигоримиз томонидан инъом этилган улуғ неъмат, сўзлаш иқтидори ҳақида тафаккур қилишга чорлов фурсатидир.
Аллоҳ таоло Рум сурасининг 22-оятида: "Осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят-аломатларидандир", деб марҳамат қилади. Ушбу илоҳий ҳикматдан кўринадики, инсонларнинг турли тилларда сўзлашиши ва ҳар бир халқнинг ўз она тилига эга бўлиши Яратганнинг инсониятга берган бебаҳо бойлигидир.
Асрлар давомида Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб алломаларимиз ўзбек тили ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарлари орқали туркий тилнинг нақадар бой ва балоғатли эканини исботлаб, унда илоҳий ишқ, гўзал ахлоқ ва маърифатни бетакрор тарзда тараннум этганлар.
Қолаверса, она тилимизда битилган ё ўзбекчага ўгирилган минглаб диний-маърифий, ахлоқий манбалар халқимизнинг иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Динимиз сўзга ўта масъулиятли бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин", деб огоҳлантирганлар.
Она тилимизни асраб-авайлаш фақатгина унинг луғат бойлигини сақлаш эмас, балки тилни беадаб сўзлардан, ғийбат ва ёлғондан пок тутиш, ундан хайрли ва маърифий ишларда фойдаланиш билан бўлади.
Демак, бизнинг она тилимиз ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати. Бу омонатни асраш, уни келажак авлодга соф ва гўзал ҳолда етказиш, фарзандларимизга она тилимизда эзгулик ва покликни ўргатиш инсоний бурчимиздир. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, она тилимизни ҳамиша бой ва жарангдор айласин!
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ