Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Араб табиби Ҳорис ибн Килдадан “Дардсиз дармон нима?” – дея сўрашди. Табиб: “Тўқ қоринга овқат емаслик”, деб жавоб берди. Зеро, устма-уст овқат ейишлик касалликларга сабаб бўлар экан.
Бир ҳакимдан энг яхши дори ҳақида сўрашганида, у: “Энг яхши дори бу – олдингга овқат қўйилганда унга иштаҳа қилиб туришинг ва овқат дастурхондан олинаётганда ҳам ундан егинг келишидир”, деб жавоб берган экан. Бу дори барчамизнинг уйимизда бор. Биз бу дорини дорихонадан топа олмаймиз. Бунинг ягона чораси очқамасдан туриб таом емаслик ва еганда ҳам тўйиб кетмасликдир.
Овқатга асосий муаммо сифатида қараманг. Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимнинг ғами қорнига тушадиган нарса бўлса, ортидан чиқадиган нарса унинг қадри, қиммати бўлади”.
Ривоят қилинишича, Алий розияллоҳу анҳу бирор жойга таклиф қилинсалар, айтилган жойга боришдан аввал уйда бироз тамадди қилиб олар эканлар. Бунинг сабабини сўрашганида, у зот розияллоҳу анҳу: “Одамнинг энг жирканч кўриниши бировнинг таомида ўзининг очкўзлигини кўрсатишидир”, деб жавоб берган эканлар.
Бу сатрлар зора тўй-тадбирларга, меҳмонга таклиф қилинса, худди ҳамма нарсани еб ташлайдигандай дастурхонни турли таомлар билан тўлдириб юборадиган ва дастурхондагиларнинг лоақал тўртдан бирини ҳам еб тугата олмайдиганларга эслатма бўлса. Дастурхондаги нозу неъматларнинг ўндан бири ҳам ейилмайди. Бундайин очиқ-ойдин исрофга йўл қўйиш, савобдан маҳрум бўлиш эмасми?!
Ҳозирги кунда дунёнинг турли нуқталарида бир луқма ошга, бир бурда нонга зор одамлар бор. Уларни кўз олдингизга келтириб, ҳеч фикр юритасизми?!
Ривоятларда келишича, Юсуф алайҳиссалом Миср хазинасига масъул бўлганларида, кўпинча оч юрар ва арпа нон ер эканлар. У зотга “Нима учун қўлингизда шунча давлат туриб, оч-наҳор юрасиз?" – дейишганида, “Мен қорним тўйиб, қорни очларни унутиб қўйишдан хавфсирайман”, деган эканлар.
Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги фикрларни тафаккур қилиб, суннатга амал қилган ҳолда соғлиғимизга эътиборли бўлайлик, зеро ҳар бир нарсанинг исрофи бор.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишларини Саудия Арабистони мутасадди идоралари вакиллари билан муҳокама қилдилар.
Учрашувда ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий, Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Диний идора ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини эътироф этдилар.
Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, улар учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди. Жумладан, ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига ҳаж зиёратчиларига хизмат кўрсатиш, уларга муносиб ва шинам шароитлар яратиш ҳамда ташкилий ишларини янада кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад — ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати