Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон фақат қироат қилиш учун эмас, балки уч мақсадда нозил бўлган:
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Қуръоннинг баракасига мушарраф бўлиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло Қуръонни “муборак”, яъни баракали китоб деб номлаган. Чунки Қуръонга эргашган, уни маҳкам ушлаб, кўрсатмаларига амал қилган банда одамларнинг кўзлари ва қалбларида муҳтарам ва шарафли инсонга айланади. Барака шудир! Инсон барака билан барча яхшиликларга эга бўлади! Зиёдалашиш ва ўсишда бардавом бўлади! Бунинг учун, албатта, Қуръонни тадаббур қилиш, яъни банда ўзи учун зарарли ва фойдали нарсаларни ҳамда бажариш ва сақланиш лозим бўлган ишларни таниб олиши даркор”.
Маълумки, Қуръони карим араб тилида бўлиб, унинг маъноларини тушуниш ва тадаббур қилишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Бундай вазиятларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ қуйидаги кўрсатмаларни беради: “Қуръонни тадаббур қилиш ҳаким (донишманд) ва аҳли басар (олим)ларнинг иши бўлиб, авом халқнинг бунда насибаси йўқдир. Авом халқ мазкур икки тоифа тушунтириб берган нарсаларга эршгашишлари ва уларга иқтидо қилишлари шартдир”.
“Қалби бор одам, яъни тааммул ва тафаккур қилган банда Қуръондан ибрат олади. Бу оятларда ақл киноя тарзда қалб деб номланган. Чунки олимлар ақл борасида ихтилоф қилганлар. Баъзи олимлар қалб ақлнинг ўрни десалар, айримлари ақл бошда жойлашган, лекин унинг нури қалбга етиб боради ва қалб ақл воситасида ғайбий нарсаларни кўра бошлайди, деганлар. Шунинг учун ҳам баъзи оятларда ақл киноя тарзда қалб деб аталган. Зеро, иккисининг орасида боғлиқлик мавжуд бўлиб, бу тарзда ишлатилиши луғатда кенг тарқалаган.
Шунингдек, ваъз-насиҳатни қалби ҳозир бўлган ҳолда тинглаганлар ҳам Қуръондан ибрат оладилар. Илм ҳосил бўлиши ва тушунишнинг асосий икки омили Қуръони каримда ўз исботини топган. Биринчиси тафаккур ва тадаббур қилиш орқали, иккинчиси эса қалби ҳозир бўлган ҳолда жон қулоғи билан тинглаш натижасида ҳосил бўлади. Кимда шу икки ҳислат топилса, ақл – қалби билан яхши-ёмонни ажрата олади. Аллоҳ билгувчироқдир!”
“Қўрқинч ва азоб ҳақидаги оятлар тиловат қилинганда Аллоҳдан қўрқадиган банданинг тери титраб кетади, раҳмат оятлари ўқилганда эса, қалби ва терилари мулойимлашади. Аллоҳдан қўрқадиган банда ҳар қандай оятни ўқиса ҳам, бадани титраб, қалби таскин топади”.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Қуръонни тинглаб йиғлаш мўътадил ҳолда бўлиши кераклигини қуйидагича ифодалайди: “Қатода раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда бундай деган: “Иймони мустаҳкам бандаларнинг баданлари титраб, кўзлари йиғлайди ва қалблари Қуръон билан хотиржам бўлади. Аммо бидъатчиларга ўхшаб, ақлларидан озиб, хушларини йўқотмайдилар”.
Дарҳақиқат, қасамки, бу умматнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, У зотнинг суҳбати учун Аллоҳ танлаб олган саҳобалар ва уларнинг шогирдларидан-да билимлироқ кимса йўқ! Мазкур салафи солиҳлар Қуръон ўқилганда ақлдан мосуво бўлиб, бехуш бўлишни бидъат санаганлар”.
“Инсон танасига турли офат ва касалликлар хавф солгани каби динга ҳам офат ва зарарли дардлар раҳна солиб, унга талофат етказиш ва уни ҳалокатга дучор қилишга ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло танамизни офат ва касалликлардан сақлаш учун дори-дармонларни яратиб қўйган. Дин офати ва иллатларига эса Қуръонни шифо қилиб қўйган! Шунинг учун ҳам Қуръон мазкур оятда қалб – садрлардаги касалликларга шифо ва панд-насиҳат деб зикр қилинган. Зеро, Қуръон қотган қалбни юмшатади, қуриган кўзларни ёшга тўлдиради ва қоронғу садр – дилни нурга тўлдиради”.
“Қуръони карим дунёда шифо истаганлар учун шифо ва унга амал қилганлар учун раҳматдир. Қуръондан юз ўгирган ва уни менсимаганлар учун эса ҳақиқатни кўра олмаслик, зарар ва зулматдир. Қуръонга таъзим ва ҳурмат назари билан қараганлар эса шифо топадилар. Инсон одатда кўз нури ва ҳаводаги нурнинг бирлашиши натижасида бирор нарсани кўра олади. Агар инсоннинг кўзи кўр бўлса, ҳаводаги нур қанчалик ёрқин бўлмасин, ҳеч нарсани кўра олмайди.
Шунингдек, кўз нури қанчалик ўткир бўлмасин, ҳавони зулмат қоплаган бўлса, инсон ҳеч нарсани кўра олмайди. Ҳудди шу каби, қалбида куфр, шубҳа ва шикр бўлган инсон Қуръон нури ва унинг шифосини кўра олмайди. Чунки қалбини зулмат қоплаган бўлади. Қалбида имон нури бўлган мўмин эса, Қуръоннинг нури ва шифосини кўришга қодирдир. Дори-дармонлар ҳам шунга ўхшайди. Улар қанчалик фойдали бўлмасин, инсон табиатига мос келмаса, шифо ҳосил бўлмайди, аксинча, зарар бўлади. Қуръон ҳам ҳудди шундай! У ўзи шифо ва раҳмат бўлса ҳам, қалби куфр ва ширк билан кирланган инсонларга шифо бўлмайди, аксинча, хасрат-надомат ва зулмат бўлади!”
“Қуръон дин ва инсон жонига зарарли бўлган барча касаллик ва дардларга шифодир”.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ хушуъ билан тиловат қилишни қуйидагича таърифлайди: “Хушуъ Аллоҳдан қўрқиш натижасида пайдо бўлган хавфнинг таъсири бўлиб, юз ва бошқа барча аъзоларда зоҳир бўлади. Шунинг учун ҳам баъзи олимлар: “Намоздаги хушуъ намоз ўқиётган банда ўнг ва чап тарафида турганларни танимаслигидир. Чунки ёнида турган одамни таниш тиловат қилаётган оятни тушунишга халал беради”, деганлар.
Манба: Абу Мансур Мотуридий. Таъвилот Аҳл ас-сунна. – Байрут: Муассаса ар-рисала, 2004.
حدثنا العباس الدوري نا يعلى بن عبيد نا موسى هو الجهني عن مصعب بن سعد عن أبيه قال: جاء أعرابي النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: يا رسول الله: علمني كلاما أقوله قال :”قل لا إله إلا الله وحده لا شريك له الله أكبر كبيرا والحمد لله كثيرا وسبحان الله رب العالمين لا حول ولا قوة إلا بالله العزيز الحكيم“. قال: هؤلاء لربي فما لي قال: قل: اللهم اغفر لي وارحمني واهدني وارزقني.
Мусъаб ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, менга бир калимани ўргатинг, мен уни айтиб юрай”, деди.
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, Аллоҳу акбар кабийро, валҳамдулиллааҳи касийро, субҳааналлоҳи Роббил ъааламийн, лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъазийзил ҳакийм”, деб айт! дедилар.
У: “Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди. “Аллоҳуммағфирлий, варҳамний, ваҳдиний, варзуқний”, дегин”, деб айтдилар”.
Калима ва дуонинг маъноси: Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Аллоҳ буюкдир, энг буюкдир, Аллоҳга кўп ҳамд бўлсин. Оламлар Робби пок деб ёд этаман. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Азизу Ҳаким Аллоҳ биландир.
Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени ҳидоятга бошла ва менга ризқ бергин.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси