Бугунги кунда кўплаб мусулмон юртларида жамият ичида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан бири – такфир, яъни мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганлигидир. Бу масала кейин пайдо бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилгани ҳеч кимга маълум эмас. Бу мавзу жуда нозик ва ўта хатарли масала бўлиб, мавзуни яхши англаш учун аввало куфрнинг маъноси ва таърифини тушуниб олиш лозим.
Куфр тушунчаси ва унинг таърифи
“Куфр” имоннинг зидди бўлиб, у луғатда “беркитиш” ва “ёпиш” маъносини англатади. Ибн Форис шундай дейди: “Куфр – иймоннинг зиддидир. У ҳақиқатни ёпиш ва беркитиш маъносида ишлатилади”. (Мaқoйис aл-луға, 5/191). Уламолар куфрни таърифлашда турли ибораларни айтиб ўтганлар, жумладан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Куфр – Аллоҳнинг Роб эканлигини инкор қилиш, Қуръонда нубуввати тасдиқланган бирор пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор қилиш ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, бутун умматнинг иттифоқи билан саҳиҳ экани маълум бўлган нарсани инкор қилишдир. Шунингдек, бирор амални бажариш куфр экани далиллар билан тасдиқланган бўлса, шу амални бажариш ҳам куфр ҳисобланади” (Ал-Фасл фил-милал вал-аҳво ван-ниҳал, 3/118).
“Ал-Мавсуатул-Фиқҳия”да шундай дейилган: "Шариатда куфр – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан экани аниқ ва зарурий равишда маълум бўлган нарсани инкор этишдир. Масалан, Аллоҳнинг борлигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини ёки зинонинг ҳаромлигини инкор қилиш шу жумладандир" (Ал-Мавсуатул-Фиқҳия. 15/34)
Такфирнинг тарихий илдизлари
Энди бу масаланинг тарихига назар ташласак, мусулмонларни кофирга чиқаришга биринчи бўлиб журъат қилганлар “хаворижлар” фирқаси ҳисобланади. Улар “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади”, “Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади”, деб ҳисоблаганлар. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “жаҳаннам итлари” деб номланган, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг қонини ҳалол санайдиган бу тоифа қаердан келиб чиққан? Бу борада Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Талхис ал-Хобир” асарларида қисқача тўхаталиб, шундай деганлар: Аслида хавориж сўзи “хуруж”, яъни “қарши чиқиш” сўзидан олинган бўлиб, улар Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар аввалига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафида эдилар ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал ва Сиффин жангларида иштирок этишган эди. Сиффин жангининг ниҳоясида шом аҳли мағлубият яқинлигини сезгач мусҳафларни найзаларга илиб, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақиришни маслаҳат беришди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввалига бу фикрни унчалик маъқул кўрмадилар. Лекин У зотнинг сафдошлари орасида Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эди. Натижада, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келиб, ҳакамликка рози бўлдилар. Аммо хаворижлар кейинроқ бу қарорни инкор қилдилар ва: “Ҳакамликни қабул қилиб, хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ! деб бақира бошладилар”. Улар Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва ҳакамликка рози бўлганларнинг барчасини кофир деб “фатво” чиқардилар ва фақат тавба қилиб, уларга қўшилганларни имонда қолган деб ҳисобладилар. Ҳаттоки бу гумроҳлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат башоратини эшитган Ҳазрати Алидек зотга: “Сен ўзингни кофир деб тан ол, сўнгра тавба қил, ана шунда биз сенга итоат қиламиз”, дейишгача бордилар. Албатта, Али розияллоҳу анҳу бунга рози бўлмадилар. Шундан сўнг хаворижлар У зотга қарши чиқиб, уруш очдилар (Талхис ал-Хобир, 6/2709).
Бора-бора хаворижарнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақида бобида кераксиз ихтилофлар авж олди. Натижада ақида пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.
Такфирнинг хатарлари
Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Бу ишнинг жуда нозик ва ўта хатарли эканини тушуниш учун қуйида Қуръон ва Суннат ҳамда уламоларимизнинг сўзларидан бир қанча далилларни келтириб ўтамиз. Аллоҳ таоло айтади:
يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: “Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: “Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди”, дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”, оятини нозил қилди. (Тафсир Ибн Касир, 2/337). Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларни шошқалоқлик билан бировни имонсиз деб ҳукм қилишдан қайтармоқда, Зеро бировнинг қалбида имон бор йўқлигини фақат Аллоҳ таологина билади. Шунинг учун ҳар қандай шубҳа ёки тахмин асосида инсонни мўминликдан чиқариш, унга душманларча муносабатда бўлиш мутлақо нотўғри ва ҳаромдир.
Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мусулмонни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: «إِذَا كَفَّرَ الرَّجُلُ أَخَاهُ فَقَدْ بَاءَ بِها أَحَدُهُمَا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади”, дедилар (Саҳиҳи Муслим, 123-ҳадис).
Яъни, ким, мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфр бўлади. Бу ҳолатда кимнингдир иймонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқармоқда. Натижада унинг ўзи кофир бўлади. Иккинчи фикр шуки: Бировни “Эй кофир”, дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бу инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади (Шарҳи Нававий 2/50).
Шундай экан, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганар:
عَنْ أَنَسِ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «ثَلَاثٌ مِنْ أَصْل الْإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بذَنْبٍ، َلَا تُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَل
Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Абу Довуд ривояти 2532-ҳадис). Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. “Лаа илаҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, нари борса осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида мана шу!
Такфирга шошилмаслик борасида уламоларнинг сўзлари
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мусулмонни куфрда айблаш масаласида ниҳоятда эҳтиёт бўлишга буюрганлар. Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Ал-Ақида ат-Таҳовия асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз” (Ал-Ақида ат-Таҳовия). Бу эса шуни англатадики, агар бир мусулмон гуноҳга қўл ургани билан уни ҳалол деб билмаса, у ҳануз Ислом доирасида қолади. Зеро, гуноҳ бошқа, куфр бошқа.
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтирадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (Шарҳ аш-Шифа).
Бу сўзлар мусулмонни осонликча такфир қилиш нақадар катта хатарларга олиб боришини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Ислом шариатида кишининг имонидан чиқиши фақат аниқ ва қатъий далилларга таяниши лозим. Гумон ёки нотўғри талқин асосида бировни кофирга чиқариш жамиятни улкан фитна сари етаклайди. Шу боис, мўмин киши доимо ўз биродари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир.
Бугунги кунда такфир муаммоси
Юқоридаги далиллар ва тарихий мисоллар такфир масаласининг нақадар нозик ва хатарли эканини таъкидлайди. Афсусуки, бугунги кунда такфир масаласи яна долзарб муаммолардан бирига айланиб, баъзи гуруҳлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Айрим экстремистик ҳаракатлар ва радикал оқимлар мусулмонларни осонгина кофирликда айблаб, жамиятда бўлиниш ва фитнага сабаб бўляпти. Уларнинг тарғиботи натижасида ёшлар орасида мутаассиблик кучайиб, ўзини ҳақ, бошқаларни эса ботил деб биладиган кайфият шаклланмоқда. Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – илмсизлик, Қуръон ва Суннатни нотўғри тушунишдир. Кўпчилик мутаассиб кишилар исломий илмларни мустаҳкам ўрганмасдан, айрим шубҳали манбалар ёки нотўғри тарғиботлар таъсирида қолиб, нотўғри қарашлар гирдобига тушиб қолишмоқда.
Хулоса
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом ақида бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.
Сўзимиз сўнгида Роббимиздан сўраймизки: Эй Роббимиз, бизни дунё ва охиратда ҳидоят топган бандаларинг қаторига қўшгин! Бизни фитналардан узоқ, ҳақ йўлда собит қилинган ва Сенинг ризойинга эришган зотлардан қилгин. Амин!
Азимжон РИХСИБОЕВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.
Эътиқод инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб, барча инсонлар эътиқодларига кўра мақсад қўядилар ва ўшанга кўра ҳаёт кечиришга интиладилар. Тўғри эътиқод билан қилинган амал дуруст ва қийматли бўлади. Бу ҳақиқатни Сўфи Оллоёр бобомиз қуйидагича баён қилган:
Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса елдир.
Яъни эътиқод хато бўлар экан у билан ҳар қанча амал қилинмасин фойдасини бермайди. Қуръони каримда қуйидаги оят шунга далолат қилади:
“Роббларига куфр келтирганларнинг амалларининг мисоли, худди бўронли кунда шамол учириб кетган кулга ўхшайдир. Улар ўз касбларидан бирор нарсага эга бўлмаслар. Ана ўша узоқ адашувнинг ўзидир”[1]. (Иброҳим сураси, 18-оят)
Тўғри эътиқодга тегишли барча маълумотларни топишга фақатгина ақлнинг ўзи кифоя қилмайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир замонда инсонларни огоҳлантирувчи, уларга таълим берувчи пайғамбарлар юборилган.
Тўғри эътиқодни нотўғрисидан ажратувчи ва уларнинг тафсилотларини баён қилувчи илм ақида ёки калом илми дейилади. Бу илмда Яратувчининг борлиги, сифатлари, исмлари, нубувват, борлиқ ва самъиёт (ғайбиёт) мавзулари ҳақида баҳс юритилади. Бу илм оқил инсонларни мазкур нарсалар тўғрисида иккиланиш ёки тақлид қилишдан қатъий равишда аниқ ишончли бўлишларига хизмат қилади. Аҳли сунна олимлари бошқа фирқалардан фарқли ўлароқ ақидавий ҳукмларда ақл ва нақл ўртасидаги мувозанатни сақлаганлар. Бошқалар эса ё ақлий далилни ҳужжат қилишда ёки нақлий далилни ҳужжат қилишда ғулувга кетганлар ва натижада хатога йўл қўйганлар. Чунки уларнинг баҳслари соф илмий манҳаж устига қурилмаган.
Имом Абу Мансур Мотуридий илмни қуйидагича таърифлаган:
العلم صفة يتجلى بها المذكور لمن قامت هي به
«Илм бир сифат бўлиб, бу сифат кимда бўлса, эътибор қилиш мумкин бўлган нарсалар унга аниқ-равшан бўлади»[2].
Демак, илм бўлиши учун эътибор қаратиш, зикр қилиш мумкин бўлган нарсаларнинг аниқ равшан бўлишига сабаб бўладиган сифат бўлиши лозим экан. Агар бундай даражада бўлмаса у илм эмас, балки тахмин ёки катта эҳтимол даржасидаги тушунча ҳисобланар экан.
«Ҳужжат» сўзи далил, исбот маъноларини англатади. «Ҳужжат қилиш» ибораси араб тилида الاحتجاج дейилиб «ниманидир далил қилиб олиш» маъносида қўлланади[3]. Шу маънода ҳужжат сўзи ҳар қандай турдаги далил қилиб келтиришга нисбатан умумий маънода ишлатилади.
Ислом шариатида далиллар «қатъий» (шак-шубҳасиз аниқ) ва «зонний» (катта эҳтимол билан аниқ) даражаларига бўлинади. Қатъий ва зонний далилларни уламолар қуйидаги турларга ажратганлар:
Мазкур тақсимотдан келиб чиқиб шуни тушуниш мумкинки, далилларнинг ичида далолати ва субути қатъий бўлганлари ҳам, далолати ва субути зонний бўлганлари ҳам бор. Яна далолати ва субутида қатъийликни ифодалашда камчилик билан қабул қилинадиган далил тури ҳам мавжуд. Талаб қилинган нарсани собит қилишда мустақил қабул қилинмайдиган лекин, ундан иккиламчи далил сифатида, қувватлаш учун қабул қилинадиган далил тури ҳам бор. «Ҳужжат қилиш» ибораси юқоридаги барча даражаларга бирдек қўлланилади.
Шунга кўра баъзи далиллар тафсир ва сийрат каби илмларда қўлланиши мумкин бўлса ҳам, аммо шаръий ҳукмларни собит қилишда қўлланиши мумкин бўлмайди. Яна шундай ўринлар бўладики унда талаб қилинган нарсани исбот қилишда далил мустақил ҳужжат бўла олади. Бошқа бир ўринда эса, қувватловчи бўлиб келтирилган далилга ҳам “ҳужжат қилиш” ибораси қўлланади.
Биз мутавотир ва оҳод лафзларини у билан қайдлаётган «хабар» сўзи луғатда “сўзлаш ёки ёзиш тариқасида айтиб бериладиган нарса”га ишлатилади[7]. Истилоҳда «хабар» сўзи илмнинг турига қараб қўлланилади. Мантиқ ва грамматика илмида «хабар» деб рост ва ёлғон эҳтимолини кўтарадиган гапга айтилади. Ҳадис илмида ҳадиснинг синоними сифатида Набий (а.с.) нинг сўзи, саҳобаларнинг гаплари ва тобеинларнинг фатволарига нисбатан «хабар» сўзи қўлланилади. Ақоид илмида эса, «рост хабар» деб қайдланиб, илмни ҳосил қилувчи сабаблардан бирига айтилади.
Ақоид илмида қатъийликка далолат қилгани учун асосан мутавотир хабарлар ҳужжат қилинади ва у илмни ифодалайди. Нажмиддин Умар Насафий мутавотир хабар зарурий илмни ҳосил қилади[8], деган. Яъни бундай хабар билан ҳосил бўлган илм ишонмасликнинг имкони йўқ даражадаги аниқ маълумот бўлади. Шунга кўра, бундай хабар келганда бошқа бирор далилга эҳтиёж қолмайди.
Қатъий далиллар билан собит бўлган ҳукмлар қатъий тасдиқланиши лозим. Ақидада зонний далиллар билан собит бўлган зонний ҳукмлар ҳам мавжуд бўлиб, уни инкор қилган киши куфр ва бидъатда айбланмайди. Динга тегишли экани инкор қилиб бўлмайдиган даражада маълум нарсаларни инкор қилган киши куфрда айбланилади[9], чунки улар мутавотир йўл билан билинган бўлади.
Мутаахир уламолардан Камол ибн Ҳумом калом илмини таърифида ақида илмидаги далиллар қатъий ва зонний бўлишини очиқ баён қилган:
الكلام معرفة النفس ما عليها من العقائد المنسوبة إلى دين الإسلام عن الألة، علما، وظنا في البعض منها
“Калом илми кишини ўзининг зиммасига лозим бўлган Ислом динига мансуб бўлган ақидаларни далиллардан аниқ билиши ва баъзиларини зонний[10] билишидир”[11].
Оҳод хабарлар зонний далиллар турига киради. Ушбу хабар қатъий яъни кучли ишончга эга бўлган йўл билан етиб келмаган. Оҳод хабарнинг даражаси мутавотирникидан паст эканининг сабаби оҳод хабарда келган лафз ва маъно Расул алайҳиссалом айтган гаплари эканлигида оз бўлса-да шубҳа бор. Шунинг учун бундай далиллар ҳужжат бўлган ҳукмларни зонний даражасида тасдиқлаш вожиб бўлади.
Ақидадаги илоҳиёт бобининг исм ва сифатлар мавзусида, нубувват бобининг мўъжиза ва унинг турлари баҳсида ҳамда самъийёт бобларида оҳод хабарлар ҳужжат қилинганига гувоҳ бўламиз. Шунингдек баъзи масалаларда тафсилотларни баён қилувчи далил бошқаларида эса, иккиламчи далил бўлиб келган.
Росулуллоҳнинг кўплаб мўъжизалари оҳод йўл билан ривоят қилинган. Бу ривоятларнинг далолати қатъий, бироқ субути зонний бўлган. Мўъжизага замондош бўлиб яшаган кишиларга нисбатан мўъжизанинг далолати ҳам, субути ҳам қатъий бўлади. Сабаби улар ўзлари мўъжизага гувоҳ бўлишган. Зеро бирор бир хабар Росулуллоҳ билан замондош бўлиб яшаган кишига мутавотир йўл билан етиб борган бўлса далолати ҳам, субути ҳам қатъий бўлади. Лекин саҳобалардан кейингиларнинг даврига келиб далилнинг собит бўлишида камчилик пайдо бўлгани учун[12] уларнинг субути қатъий бўлмай қолган. Аммо турли ривоят йўллари билан ривоят қилинган оҳод хабарлар йиғиндиси мутавотир бўлади. Буни Росулуллоҳнинг бир қанча мўъжизаларида кўриш мумкин. Тошларнинг Пайғамбар (а.с.)га салом бергани ҳақидаги хабар, Набий (а.с.)нинг бармоқлари орасидан сув чиққани ҳақидаги хабар, Набий (а.с.)га қўлларидаги майда тошларнинг тасбеҳ айтганлиги ҳақидаги хабар, туянинг Росулуллоҳ (а.с.)га гапирганлиги ҳақидаги хабар, Яҳудийлар тарафидан заҳарланганлиги ҳақида хабар берган қўй гўштининг хабари буларнинг барчаси оҳод хабарлардир. Ушбу оҳод хабарларнинг жамланмаси Набий (а.с.)да умумий «ҳиссий мўъжизалар» бўлгани ҳақидаги маънони мутавотир даражада собит қилади. Бу тарзда оҳод хабарлар жамланмаси билан собит бўлган маънавий мутавотир хабар устига Муҳаммад алайҳиссаломда нубувват мавжуд эканлигини бино қилса бўлади. Яъни нубувват мўъжиза билан қувватланган экан бу турдаги мўъжизани кўрсатган кишида нубувватни собит қилиш мумкин ҳисобланади.
Лекин оҳодлар жамланмаси билан собит бўлган хабарларни чуқур ўрганиш, фикр юритиш лозим. Ривоят йўллари, ривоят турлари, шарҳларда келган ривоят йўллари изланилиши керак. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларини Қуръондаги далиллардан тушунмаётган кишига оҳод ҳадислар йиғиндиси билан маънавий мутавотирликка етган мўъжизаларни баён қилиб бериш билан нубувватларини исбот қилиш мумкин бўлади. Исломнинг ҳужжати лақаби билан танилган Абу Ҳомид Ғаззолий "الإقتصاد في الإعتقاد" китобини ғайб масалалари-самъиёт бобини баён қилиш билан бошлаган. Асарда имом шундай деган:
ثم كلما ورد السمع به ينظر، فإن كان العقل مجوزا له وجب التصديق به قطعا إن كانت الأدلة السمعية قاطعة في متنها ومستندها لا يتطرق إليها احتمال، وجب التصديق بها ظنا إن كانت ظنية
"Эшитиш йўлига кўра ворид бўлган (яъни ақл билан топиб бўлмайдиган) ҳар бир хабар ҳақида тафаккур қилиб кўрилади[13]. Агар ақл у (хабар)ни жоиз деб билса ва самъий далилларнинг матни ва санади шубҳага ўрин қолдирмайдиган даражада қатъий[14] бўлса, уни қатъий тасдиқлаш вожиб бўлади. Агар (самъий далиллар)зонний[15] йўл билан ворид бўлган бўлса, уни зонний тасдиқлаш вожиб бўлади”[16].
Имомнинг ушбу гапи юқоридаги Камол ибни Ҳумомнинг ақидага берган таърифини қувватлайди.
Ақоидда жазм ва қатъийлик талаб қилинадиган ўринларда оҳод хабарлар олинмайди. Чунки, бу хабарнинг даражаси жазм ва қатъиятга салоҳиятли эмас. Бундай ўринларда оҳод хабарнинг далил бўлолмаслиги у хабарни Росулуллоҳга мансуб эмаслигини келтириб чиқармайди балки, унинг Росулуллоҳга нисбат берилиши қатъий йўл билан собит бўлмаганини билдиради холос. Шунга кўра агар оҳод хабар ўрганилиб Росулуллоҳга нисбати ҳақиқий эканига ишонч ҳосил қилинса, у ҳужжатликка ярайди. Олимлар «оҳод хабар ҳужжат бўлишга ярамайди» дейишган бўлса, қатъий ва зоннийнинг мартабаларига риоя қилган ҳолда шундай дейишган бўлади. Масала қатъий бўлиб, далилнинг даражаси ундан пастроқ яъни, зонний бўлса, қатъийни зонний билан собит қилиб бўлмайди. Бу илм фалсафасига тўғри келмайди. Ақидавий ҳукмлардан келиб чиққан зонний масалаларда оҳод хабарлардан ҳужжат сифатида фойдаланилган. Сирот, мезон, жаннат ва дўзахнинг васфлари, жаннатдаги дарахтнинг васфлари шулар жумласига киради.
Оҳод хабар инкор қилинмайди ҳам, ёлғонга ҳам чиқарилмайди. Муҳаддислар оҳод ҳадисни саҳиҳ деб топишган. Имом Бухорий, Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида оҳод хабарларни кўплаб учратишимиз мумкин. Ҳадисни ривоят қилувчининг сони оз бўлса ҳам, ровийси ишончли бўлса хабар ёлғонга чиқарилмайди.
«Оҳод ҳадис саҳиҳ бўлишининг маъноси нима?» дейилса, хабарни ишончли ровийлар ривоят қилишган бўлиши уни саҳиҳ эканлигини билдиради. Энди буни инкор қилиш ёки, ёлғонга чиқариш ўша ишончли ровийни инкор қилиш ёки ёлғонга чиқариш бўлади ва бунинг учун ҳам далил талаб қилинади.
Ҳадислар Ислом динининг асосий масдарларидан бири ва у илоҳий китоб Қуръонни баён қилувчидир. Саҳобалар Росул (а.с.)дан эшитган, кўрган, билган ҳар бир нарсаларига омонат сифатида қараб кейингиларга етказишга қаттиқ интилишган. Ҳадисларнинг шарҳида зоҳиран бир-бирига зид келиб қолганларини мувофиқлашитириш асносида саҳобийнинг Набий алайҳиссаломнинг қайсидир гапларини узоқда турганлиги ёки кеч келганлиги ва бошқа сабабларга кўра тўлиқ ҳолда хабардор бўлмай қоган бўлиш эҳтимолини баён қилишади. Ёки мавжуд ҳолатга биргина саҳобий гувоҳ бўлган бўлиши мумкин. Бу каби қатъиятга нуқсон етқизадиган омиллар бўлишига қарамай ўзларидан кейингиларга етказишга ҳарис бўлишган. Тобеинлар ва уларга эргашганлар ҳам шундай бўлганлар. Яъни оҳод ҳадис ҳадис ўлароқ Росул алайҳис солату вассаламга нисбат берилади ва нисбати ўлароқ унга амал қилинади. Шаръий ҳукмлар борасида оҳод ҳадисга амал қилишда кенгчилик бор. Ақидавий ҳукмларда ҳужжат қилинишида ихтилофлар кўплаб учаган. Бироқ бу фикрлар яхшилаб ўрганилишга муҳтождир. Оҳод хабарнинг ҳужжат бўлишини бутунлай инкор қилишганми ёки аслий ҳукмларда ҳужжат бўлишини инкор қилишганми ёки қатъий ва зонний масалаларнинг даражаси ўлароқ оҳод хабарнинг ҳужжат бўлишини инкор қилишганми?
«Оҳод хабар илмни ифодалайди» деганлар зоннийнинг юқори даражасини назарда тутишган. Эҳтимол улар бу гаплари билан мутлақ оҳод хабарни қасд қилишмаган балки, бошқа ишора ва далилар билан қувватланган оҳод хабарни назарда тутган бўлишлари ҳам мумкин. Зеро, агар оҳод хабар “қариналар” (бошқа ишора ва далилар) билан қувватланса, қатъий ишонч даражасига кўтарилади ва илмни ифодалайди. Юқоридаги гапни айтганлар катта эҳтимол билан шу маънони назарда тутган бўлишлари мумкин. Олимларнинг бу борадаги ихтилофлари сабабларини ўрганмай туриб юзаки баҳо беришга асло шошилмаслик керак. Ақидада оҳод хабарлар билан ҳужжатланган зонний масалаларни инкор қилган кишини куфрда айблаш тўғри бўлмайди. Бу борада ақидадаги қатъий масалалар ва зонний масалалар ўртасидаги фарқларни ажрата билиш албатта, зарурдир. Буларни фарқлаш жуда кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради.
Мухлиса НАРЗУЛЛАЕВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. –Т.: Шарқ, 2011.- Б. 257.
[2] Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. –Т.: Ҳилол нашр, 2014. - Б. 10.
[3] Ибн Манзур. Лисон ул араб. – Қоҳира: Дар ал маъариф, 2016. - Б. 779.
[4] Зафар Аҳмад ал Усмоний ал Таҳонавий. Қоваъид фи улумил ҳадис./ Муҳаққиқ: Абдулфаттоҳ Абу Ғудда. – Қоҳира: Дар ал салом, 1972. - Б. 31.
[5] Доктор Килоний Муҳаммад Халифа. Манҳаж ал ҳанафийя фи нақдил ҳадис. – Қоҳира: Дар ал салом, 2010. – Б. 96.
[6] Доктор Салоҳ Абул Ҳож. Таҳзибу масарил вусул ила илмил усул. – Уммон: Марказ анвар ал улама лил диросат, 2020. - Б. 66.
[7] Мўъжам ал васит. Мўъжам ал луғотул арабийя. -Мактабат ал шуруқ ал давлийя, 2008. - Б. 215.
[8] Муҳаммад Ёсир ибн Азизурроҳман ал-Ҳанафий. Таҳзибул арвоҳ ан-нафсийя фи тайсири шарҳул ақоидин Насафийя. –Британия: (нашриёт кўрсатилмаган), 2010. - Б. 31.
[9] Изоҳ: бу ерда Исломнинг рукнлари ва шиорлари кўзда тутилган.
[10] Катта эҳтимол билан билиши
[11] Камолиддин Муҳаммад Абу Шариф Мақдисий. Ал мусамароту би шарҳ ал мусаяро. - Дамашқ: Дар ал Байрутий, 2024. - Б.54.
[12] Ровийдаги шубҳа, таъна-камчилик ва хотиранинг ёмонлиги ва ривоят қилувчисининг камлиги сабаб хабарда пайдо бўлган камчилик
[14] Кучли ишончга эга
[15] Кучли эҳтимолга эга
[16] Муҳаммад Абу Ҳомид ал Ғаззолий. Китаб ал иқтисод фил эътиқод. – Байрут: Дар ал кутуб ал илмийя, 2021. - Б. 115.