Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Август, 2026   |   18 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:25
Қуёш
05:48
Пешин
12:23
Аср
17:03
Шом
19:02
Хуфтон
20:21
Bismillah
31 Август, 2026, 18 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Халқ саодати, Ватан равнақи ва дин ривожи йўлидаги хизматлар эътирофи

11.09.2025   13050   4 min.
Халқ саодати, Ватан равнақи ва дин ривожи йўлидаги хизматлар эътирофи

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом динининг ўрни беқиёс аҳамият касб этмоқда.
 

Дарҳақиқат, бугунги кунда кўп миллатли мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг дин ва виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, бу юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили асосида амалга оширилаётган улуғвор ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳангдир.


Шу ўринда эътироф этиш даркор, муқаддас Ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этиш давлатимиз раҳбариятининг аҳамиятидаги масалалардан бири бўлиб турибди.


Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётганлиги, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.


Қолаверса, пойтахтимизда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин  тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланиши, шубҳасиз.


Ватанимиз истиқлолининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида янграган қувончли хабар, яъни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини Ислом дини таълимотини кенг ёйиш, халқимизни дину диёнатли, ҳалол-пок, элу юртига муҳаббатли қилиб тарбиялаш, ёшларни рушду ҳидоятга бошлаш йўлидаги хизматлари учун Президентимиз фармонига мувофиқ “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани барча диний соҳа вакилларини бирдек мамнун этди.


Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий номидаги ушбу мукофотнинг муфтий ҳазратларига тақдим этилгани энг аввало мамлакатимизда диний қадриятларга бўлган юксак эҳтиром ва улкан шараф ифодасидир. Бинобарин, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг жонажон Ватанимиз равнақи, муқаддас динимиз ривожи ва меҳнатсевар халқ саодати йўлидаги 35 йиллик фидокорона меҳнатларининг самарасидир.


Шайх Нуриддин Ҳолиқназар ҳазратлари томонларидан охирги йилларда одамларнинг диний маърифатини ўстириш, масжидлар очиш, уларни обод этиш ва имом-хатибларни қўллаб-қувватлаш, Қуръон ва тажвидни ўргатиш, мусулмон олами ҳамкорлик борасида салмоқли ишлар амалга оширилганини фахр ила айтиш жоиз.


Биргина жорий йилнинг ўзида Ҳаж мавсумида 15 минг нафар ватандошимиз Ислом динидаги бешинчи муқаддас арконни эмин-эркин адо этишди. Эътиборлиси шундаки, икки йилдан буён мамлакатимиз раҳбари зиёрат вақтида муфтий ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожилар ҳолидан хабар олиши анъана тусига кирди. Ушбу давр мобайнида ҳожиларимиз, шу жумладан Наманган вилоятидан муқаддас зиёратни бажарган тўрт мингдан ортиқ ҳамюртимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчиларига айланамиз” ташаббусини ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатиб келишмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Ҳолиқназар ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан муҳтарам ҳожи ота-оналаримиз жамиятда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясини кучайтириш, ўғил-қизларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна бўлишмоқда.

Мусохон домла АББОСИДДИНОВ,

Наманган вилояти бош

имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

31.08.2026   6388   1 min.
13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.

Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.

Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари