Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Сентябр, 2026   |   12 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:52
Қуёш
06:11
Пешин
12:15
Аср
16:31
Шом
18:23
Хуфтон
19:38
Bismillah
23 Сентябр, 2026, 12 Рабиъус сони, 1448

Бандаликнинг аломатлари

21.11.2025   8272   4 min.
Бандаликнинг аломатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бандалик бу ҳар қандай чора тадбирлардан воз кечиб Аллоҳнинг белгилаб қўйган тақдирини кузатишликда ҳамда бу тақдирнинг ўзидаги ихтиёрдан кўра яхши ва хайрли эканлиги ҳақиқатқини англаб етишликда намоён бўлади.

Нақл этишларича, Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу қул сотиб олгач, ундан сўради:

– Одатда сен нима тановул этасан?

– Нима берсангиз шуни..., – деди қул.

– Қандай ишни бажара оласан?

– Мендан нимани талаб қилсангиз ўшани.

– Қандай истагинг бор?

– Хожасининг хоҳиши олдида қулнинг истаги қандай аҳамиятли бўлиши мумкин?!

Буни кўрган Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу ўзларининг нафсларига мурожаат этиб шундай дедилар:

– Эй бечора! Сен Аллоҳга бутун ҳаётинг давомида бир соатча бўлса ҳам мана шу қул ҳозир сенга итоат этолганичалик итоат этганинг йўқ!

Имом Али ибн ал-Хаввос қуддиса сирруҳу ўзларининг муридлари бўлган имом Шаъроний қуддиса сирруҳуга насиҳат қилдилар:

Аллоҳнинг берганларидан фақат эҳтиёжингга етарли бўлган миқдордагина фойдалансанг кифоя қилади, ортиқча харж қилмагин, қолганини Аллоҳ хоҳлаган кишиларга тарқатиб юбор. Ишларингни юргизиш учун беҳуда уриниб юрма, яхшиси, Аллоҳнинг ўзидан уларни чиройли тартибда йўлга солиб беришини астойдил сўрагин.

Шунда Шаъроний қуддиса сирруҳу сўрадилар:

– Яратгандан ҳалол ризқ сўрашлигим чиройли ишми?

– Ҳа, уни мана бу тарзда сўрагин: “Эй Аллоҳим! Менинг ризқимга баракот ато айлаб, дунё ва охиратда айбу нуқсонларимни ошкор этмагин, эй ўта Саховатли ва Карим бўлган Зот!”.

Ва яна қўшимча қилдилар:

– Сен Аллоҳнинг синовлари етган маҳал бесабрлик ва безовталик кўрсатишдан сақланмоғинг зарур! Аллоҳнинг ўзи ишларини Унга топшириб қўйган кимсага зарур бўлган илму фазилатларни бериб, албатта, пировардида, уни мўминларга имом бўлган муқтадога айлантиради. Ҳақиқатда Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир!”

Бандалик аломатларидан яна бири камбағаллик вақтида муҳтожлигини, бойлик пайтида давлатини одамлардан яшира олиш қобилиятидир. Банда учун ҳар қандай ҳолат баробар бўлишлиги лозим. Нафсининг жуганини маҳкам тутиб, уни ҳар бир ишида сўроққа тутмоғи, одамларга нисбатан саховатли бўлмоғи, лаззатларга муккасидан кетмаслиги ва уни изламаслиги банда учун лозим бўлган шартлардандир. Олимлар марҳамат этадиларки:

“Инсон ўзига хизматкор – қул изламаган муддатича Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси бўлиб қолади. Қачонки ўзига хизматкор – қул излай бошладими, Аллоҳ олдидаги бандалик сифатини йўқотади”.

Бандаликнинг ўзига хос шундай одоблари мавжудки, унинг риоясини қилишга интилган киши очлик, яланғочлик, қашшоқлик ва хўрлик каби синовлар етган маҳалларда ҳеч қачон ортиқча безовталик ва ҳаяжонга берилмаслиги керак бўлади. Ушбу одоб қоидалари бандадан Аллоҳнинг унга битган тақдиротини итоаткорона қабул қилишни ҳамда Унга нисбатан бирор нарсада исён ва эътироз этмасликни талаб этади. Яъни ҳақиқий банда фақат Аллоҳнинг меҳрибонлигига суяниши, фақат Унга таваккул этиши, заҳира учун озиқ-овқатдан ҳеч нарса йиғмаслиги, эҳтиёжи учун Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаслиги лозим.

Бандалик (убудийят) – бу банданинг ажралмас хусусиятидир, худди Ҳукмронлик (рубубият) Аллоҳнинг ажралмас ва доимий сифати бўлганидек... Шунинг учун кимки одамлар ичида ўзининг  обрў эътибори, яхши иш ва яхши амали билан кифояланиб, Яратганига муҳтожлик туйғусидан йироқлашиб қолса, бу унининг чин маънавий ҳалокатидир. Ўзининг бойлигию давлатига суянган бой – ҳақиқий қашшоқ, ўзининг жамиятдаги баланд мартабаси билан мамнуну мағрур мансабдор – ҳақиқий паст, ўзининг наслу насаби билан мақтаниб юргувчи соҳибнасаб – ҳақиқий хурдир. Кимки ишининг ривожини ўзининг донолигию тадбиркорлигидан билибдими – сингани, хонавайрон бўлгани ўшадир. Кимки доимо Аллоҳдан рози бўлиб, шукр қилгувчи бўлса, Унинг ёрдамига муҳтожлигини бутун борлиғи билан идрок этиб, Ундан тилагувчи фақир бўлса ҳамда ҳар қандай ишида унга таваккул этишликка одатланган бўлса – асл, ҳақиқий бадавлат киши ўшадир.

 

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзияда хайрия соҳасида илғор тажрибалар ўрганилмоқда

23.09.2026   7823   1 min.
Малайзияда хайрия соҳасида илғор тажрибалар ўрганилмоқда

Малайзияда ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон  вакиллари таълим, илм-фан, вақф, хайрия ва зиёрат туризми йўналишларида халқаро тажриба алмашмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, «Вақф» фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган «Исломий иқтисодиёт ҳафталиги»да иштирок этди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлат вакиллари қатнашди.

Шунингдек, Жаҳон вақф форумининг навбатдаги онлайн мажлисида иштирок этилиб, унда юртимиздаги «Вақф» фонди фаолияти, соҳани рақамлаштириш ҳамда хайрия маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Бундан ташқари, Малайзия Вақф бош бошқармаси раҳбарияти билан мулоқот ўтказилиб, вақф ва хайрия соҳасида самарали иш механизмларини жорий этиш, хайрия маблағларини манзилли йўналтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари ҳақида сўз юритилди.

Ўз навбатида, мазкур йўналишларда Ўзбекистонда йўлга қўйилган тажриба анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, Кедаҳ штати соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маблағларни йиғиш ва уларни манзилли тарзда ўз ўрнига етказиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, электрон тизимлар бўйича замонавий тажрибани жорий этиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратилди. 

Сафар давомида Ал-Бухорий халқаро университети раҳбарияти билан ҳам илмий алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, мазкур олийгоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларга замонавий илмларни пухта эгаллаб, келгусида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича илиқ тилаклар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари