Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Сентябр, 2026   |   12 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:52
Қуёш
06:11
Пешин
12:15
Аср
16:31
Шом
18:23
Хуфтон
19:38
Bismillah
23 Сентябр, 2026, 12 Рабиъус сони, 1448

“Мусулмонлигингиз кифоя”

26.11.2025   9170   2 min.
“Мусулмонлигингиз кифоя”

Кўча чеккасида ул-бул сотиб турган аёлнинг олдига бир отахон келиб, жуда зарур бўлиб қолганини айтиб, аёлдан пул сўради. Аёл уни танимаслиги ва ишонолмаслигини айтди. Отахон: “Сиз Худога ишонасизми?” деди. Аёлнинг ранги оқарди: “Бу қандай савол бўлди? Алҳамдулиллаҳ, албатта, ишонаман”, деди. Отахон: “Унда менга ҳам ишонинг. Чунки мен ҳам мусулмонман. Сизга шу кифоя қилмайдими?” деди. Аёл: “Кифоя қилади”, деди ва чўнтагида бор пулини бериб юборди. Отахон кета туриб: “Бу пулни тушликдан сўнг қайтараман”, деди. Аёл унинг ортидан синиқ жилмайиб қолди. Сўнг ўйланди: “Ҳа, бу менинг бор пулим эди. Лекин шундай қўрқиб кетдимки, агар пулимни бермасам иймоним хавфда қоладигандек бўлди. Энди болаларимга нима овқат қилиб бераман?..”
Отахон ундан пул сўрашдан олдин ўғлини бирга олиб келиб, яқинроқ жойда ўтириб туришини сўраган эди. Отахон ўғлининг ёнига етгач, ўғли отасига: “Нега бундай қилдингиз? Ахир ўзимиз закотимизни лойиқ кишига бериш учун чиқмаганмидик?” деб сўради. 
Отахон ўғлига бир куни шу кўчадан ўтаётиб аёлнинг ким биландир телефонда гаплашгани, у ўғлини даволатиши кераклиги ҳақида гапиргани, закотни унга беришдан олдин бир синаб кўрганини айтди. Сўнг кўзларида ёш айланиб: “Менга энг таъсир қилгани нима, биласанми, ўғлим?” деди. Ўғли унга савол назари билан боқди. Шунда отахон: “Аёл ўзи муҳтож бўлатуриб, ўзи танимаган бир одамга “Мусулмонлигингиз кифоя” дея бор пулини бериб юборди. Бунинг нақадар катта ишонч эканини англаяпсанми? Бугунги замонда ана шундай улуғ номга, ишончга хиёнат қилаётганлар учраяпти. Болам, ҳеч қачон ёдингдан чиқарма – мусулмонлик номига муносиб яша. Мусулмонлар шаънига асло доғ туширма!” деди.
Сўнг ота ва ўғил аёлга пулларини қайтариб, ниятларини билдириб, ўша закот учун атаган пулларини ҳам бериб, раҳмат айтиб кетишди. Аёл Аллоҳга ҳамдлар айтиб, энди ўғлининг шифо топиши мумкинлигидан қувониб, тезда уйига йўл олди. 
Акбаршоҳ Расулов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзияда хайрия соҳасида илғор тажрибалар ўрганилмоқда

23.09.2026   1429   1 min.
Малайзияда хайрия соҳасида илғор тажрибалар ўрганилмоқда

Малайзияда ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон  вакиллари таълим, илм-фан, вақф, хайрия ва зиёрат туризми йўналишларида халқаро тажриба алмашмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, «Вақф» фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган «Исломий иқтисодиёт ҳафталиги»да иштирок этди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлат вакиллари қатнашди.

Шунингдек, Жаҳон вақф форумининг навбатдаги онлайн мажлисида иштирок этилиб, унда юртимиздаги «Вақф» фонди фаолияти, соҳани рақамлаштириш ҳамда хайрия маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

Бундан ташқари, Малайзия Вақф бош бошқармаси раҳбарияти билан мулоқот ўтказилиб, вақф ва хайрия соҳасида самарали иш механизмларини жорий этиш, хайрия маблағларини манзилли йўналтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари ҳақида сўз юритилди.

Ўз навбатида, мазкур йўналишларда Ўзбекистонда йўлга қўйилган тажриба анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, Кедаҳ штати соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маблағларни йиғиш ва уларни манзилли тарзда ўз ўрнига етказиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, электрон тизимлар бўйича замонавий тажрибани жорий этиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратилди. 

Сафар давомида Ал-Бухорий халқаро университети раҳбарияти билан ҳам илмий алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Шу билан бирга, мазкур олийгоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларга замонавий илмларни пухта эгаллаб, келгусида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича илиқ тилаклар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари