Бугун, 26 ноябрь куни Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Андижондаги “Саййид Муҳйиддин Махдум” ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, мазкур масканда таҳсил олаётган талабалар билан самимий ва мазмунли давра суҳбати ўтказди.
Убайдуллоҳ домлага билим юрти раҳбари Рустамжон домла Маҳмудов ҳамроҳлик қилди. Учрашув аввалида таълим муассасаси фаолияти, ўқув жараёни ва ёшлар учун яратилган имкониятлар батафсил таништирилди. Таъкидланишича, бугун таълим сифати босқичма-босқич такомиллашиб, янги ўқув дастурлари жорий этилмоқда, замонавий ўқув хоналари, электрон ресурслар ва бой кутубхона ёшлар ихтиёрига тақдим этилган. Бу ўз навбатида илму маърифатни чуқур ўрганишга интилаётган талабалар учун муҳим мадад бўлаётгани қайд этилди.
Давра суҳбати давомида Убайдуллоҳ домла талабаларни илмни пухта эгаллашга, ҳар бир дарсни масъулият билан ўрганишга, келажакда эл-юртга хизмат қиладиган етук уламолар сафидан ўрин эгаллашга чақирар экан, юртимиз уламолари ҳаётидан ибратли мисоллар келтирилди.
— "Илм талаб қилиш йўлидаги машаққат одамни камолга етказади. Илмни фақат ўрганибгина қолмасдан, уни ҳаётда қўллаш, амал қилиш инсоннинг энг гўзал зийнати ҳисобланади” — дея таъкидланди.
Талабаларга вақтни қадрлаш, устозларнинг дуоси ва розилигига эришиш, китоб мутолаасини кундалик одатга айлантириш каби муҳим маслаҳатлар берилди. Убайдуллоҳ домла ёш авлодга бўлган юксак ишончини изҳор этиб, ҳар бир талаба илмда ўз олдига буюк бир мақсад қўйиши кераклиги ҳамда шу мақсадга эришиш йўлида доимо интилиб бориш кераклиги айтилди.
Ҳозирда “Саййид Муҳйиддин Махдум” ўрта махсус ислом билим юртида 47 нафар фарғоналик ёшлар таҳсил олмоқда. Уларнинг 15 нафари 4-курсда таҳсил олиб, мустақил ҳаёт остонасида турибди. Улар барча илмларни пухта эгаллаб, келгусида вилоятимиздаги масжидларда халқимиз маънавияти ва маърифати ҳамда дин хизматида камарбаста бўлишларига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Малайзияда ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон вакиллари таълим, илм-фан, вақф, хайрия ва зиёрат туризми йўналишларида халқаро тажриба алмашмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, «Вақф» фонди раҳбари Зайниддин домла Эшонқулов Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган «Исломий иқтисодиёт ҳафталиги»да иштирок этди. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 та давлат вакиллари қатнашди.
Шунингдек, Жаҳон вақф форумининг навбатдаги онлайн мажлисида иштирок этилиб, унда юртимиздаги «Вақф» фонди фаолияти, соҳани рақамлаштириш ҳамда хайрия маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Бундан ташқари, Малайзия Вақф бош бошқармаси раҳбарияти билан мулоқот ўтказилиб, вақф ва хайрия соҳасида самарали иш механизмларини жорий этиш, хайрия маблағларини манзилли йўналтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, беморларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда кенг кўламли хайрия тадбирлари ҳақида сўз юритилди.
Ўз навбатида, мазкур йўналишларда Ўзбекистонда йўлга қўйилган тажриба анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Кедаҳ штати соҳа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маблағларни йиғиш ва уларни манзилли тарзда ўз ўрнига етказиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, электрон тизимлар бўйича замонавий тажрибани жорий этиш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга эътибор қаратилди.
Сафар давомида Ал-Бухорий халқаро университети раҳбарияти билан ҳам илмий алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, мазкур олийгоҳда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларга замонавий илмларни пухта эгаллаб, келгусида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича илиқ тилаклар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати