Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Апрел, 2026   |   25 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:28
Аср
17:05
Шом
19:06
Хуфтон
20:22
Bismillah
14 Апрел, 2026, 25 Шаввол, 1447
Видеолар

Имом Бухорий мероси ва мажмуасида маънавият мужассам (+видео)

31.03.2026   6706   4 min.

Президент ташрифидан сўнг...

Ҳадисшунослик илмида улуғ даражага кўтарилган аждодларимиз мероси ислом оламида ҳамиша қадрли саналади. Ал-Бухорий, Имом Муслим, Исо ат-Термизий ва шу каби бошқа илм аҳлларининг маънавий ва мантиқий қарашлари замонлар ошса-да, янги-янги тадқиқотларга асос бўлиб келмоқда. Шулар ичидан “Ҳадис илмида амир ал-мўминийн” деган шарафли номга сазовор бўлган Имом ал-Бухорий алоҳида эътиборга молик олимдир.


Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида буюк муҳаддис бобомизнинг мажмуаси у кишининг ислом оламида тутган юксак мавқеи, салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди. 


Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Дарҳақиқат, мазкур мажмуа чин маънода нафақат Самарқанднинг, балки янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлиб қад ростлади.


– Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга, – деди Имом Бухорий мажмуаси директори Шаҳобиддин Арзиқулов. – Майдони 45 гектарни ташкил этувчи мажмуада 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди. Шунингдек, тўрт юлдузли, уч юлдузли меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ҳамда автотураргоҳ барпо этилди. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.


Мажмуа таркибида энг илғор ахборот технологиялари асосида 9 павильондан иборат ноёб инновацион музей барпо этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади.


Дарҳақиқат, ислом тарихини, маърифатини юртимиздан етишиб чиққан буюк олиму уламоларнинг номларисиз тасаввур этиб бўлмайди. 


– Ҳадис илми ҳақида гап кетса, аввало заминимиздан етишиб чиққан уламолар мероси ёдимизга келади, – деди Имом Бухорий жоме масжиди имом ноиби Муҳаммадшокир Насриддинов. – Ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни зўр қизиқиш билан эгаллаган Имом Бухорий ҳазратлари ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ривоятчилардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Доҳилий билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган. 825 йили ўн олти яшар ал-Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга йўл олади. Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшайди. Ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан ҳам таълим олади, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашади ва дарс ҳам беради. Имом ал-Бухорий ҳаётининг кўп қисми хорижий элларда, мусофирчиликда ўтади. 


У зотнинг “Саҳиҳи Бухорий” китоби дунёда тан олинган энг мўътабар олтита ҳадис китобининг биридир. Аллома бобомиз 20 дан ортиқ асар ёзганлар. Улар то ҳануз дину диёнатимизни мустаҳкамлаш йўлида ислом умматига хизмат қилиб келмоқда. Имом Бухорий маънавий мероси эътиқодда улкан маънони акс эттиради.  Ул зотнинг буюк изланишлари, билими, камолоти зиёратчилар, жумладан, ёшлар учун намуна бўлиб келмоқда. 


Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бу даргоҳни зиёрат қилиб, унинг маънавий муҳитидан баҳраманд бўлган инсон, айниқса, ёшлар ислом динининг асл маъносини англаб етади, тўғри йўлдан адашмайди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, 

Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео),

 ЎзА

Видеолавҳалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

"Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн"ни нима деб тафсир қилдинг?

03.12.2025   8875   1 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ ҳақида қизиқ ривоят бор:
"Байзовий ўзининг "Анворут танзил ва асрорут таъвил" номли тафсирини ёзиб битиргач, уни султонга кўрсатиш учун Бағдодга йўл олди. Мақсади султондан тирикчилик ва замон ташвишларига асқотадиган бирор нарса олиш эди.
Йўлда бир қишлоқда тўхтади. Шайхлардан бирининг уйида меҳмон бўлди. Шайх уни меҳмон қилди. Зиёфатдан сўнг шайх ундан сўради:
- Қаерга кетаяпсан?
- Бағдодга!
- Нега?
- Мен бир тафсир ёздим. Кўп меҳнат қилдим. Қизларим бор. Уларнинг бўйи етиб қолган. Уларни турмушга беришим керак!
   Шайх сўради:
- "Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн"ни нима деб тафсир қилдинг?
- Биз бу оятни "Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз, Сендан Ўзгадан ёрдам сўрамаймиз" деб тафсир қилдик!
- Нега унақада ўзгадан ёрдам сўрагани бораяпсан?!

Шайхнинг гапи Байзовийга таъсир қилди. Бағдодга бормади. Орқасига қайтди.
Айтишларича, унинг тафсирига ана шундан сўнг қабулият берилди. Тириклигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам олимлар унга мурожаат қилишди ва қилишаяпти.
Унинг тафсирига уч мингдан ортиқ тафсир, ҳошия ва таълиқлар битилди. Жуда кўп инсон ундан фойда олди ва олмоқда!

"Ар-риҳлатул Айёшийя" асаридан Абдулазим АКРОМ  

Мақолалар