Инсон хилқатан бир неча нарсаларга мубталодир. Ақли қусурли одам бу ҳолни унутиб, кибрланади. Инсон мубтало бўлган нарсалардан бири унинг ҳар куни бир неча бор ҳожатга чиқишга мажбурлигидир.
Динимизда инсон ҳаётининг барча ҳолатларининг, жумладан, таҳорат ушатишнинг ҳам одоб ва ҳукмлари баён этилган. Қандай жойларда таҳорат ушатиб бўлмайди?
Қабристон, йўлларда, дарахтлар ости, ҳовуз, қудуқ, булоқ, ариқ ва дарё қирғоқлари, таҳорат олинадиган жойда; ер ва девор ёриқ-ковакларига, жониворлар инлари, шунингдек, шамолга қараб ҳожат чиқариб бўлмайди.
Халожойга кириш ва покланиш тартиби
Халожойга ҳожат танглиги кучаймасидан аввалроқ бориш лозим. Халога оят, ҳадис, Аллоҳ таолонинг ва пайғамбарларнинг номлари ёзилган нарсаларни олиб кириш мумкин эмас. Уларни ташқарида қолдириш керак. Халога бошяланг кириш макруҳ.
Хало эшигига етгач, “Бисмиллаҳ, Аллоҳим, мени ифлослардан ва озор берувчилардан асра”, дейилади. Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқилади. Ҳожат жойига етмай, пастки кийим ечилмайди. Халода чап елкани қибла тарафга қилиб, аврат ва ифлос жойларга назар қилмай, оёқлар орасини кенг тутиб ўтирилади.
Ҳожатни тик туриб, узрсиз яланғочланиб (ёпиқ жойда бўлса ҳам), қиблага юзланиб ёки қиблага орқа қилиб чиқариш, ёш болаларни ҳам мазкур ҳолатларда тўсиш таҳримий макруҳдир. Халода ёзиб-чизиш, атрофга аланглаш ва баданни ўйнаш мумкин эмас. Халода фиқҳ ва ўзга илмлар ҳақида фикр юритилмайди, саломга ва азонга жавоб қайтарилмайди. Бурун қоқилмайди. Йўталмасликка, тезроқ бўшанишга ҳаракат қилиш зарур.
Ҳожат ушатилгач, эркаклар турмасларидан, сийдик йўлини орқадан учига қараб сиқишлари керак. Орқа йўл чап қўл билан тоза кесак, тош, қиймати йўқ эски латта ёки эски пахта ёки махсус ҳожат қоғози билан артиб тозаланади.
Истибро нима ва у қандай қилинади?
Истибро – сийдик йўлида бир томчи ҳам қолдирмай тозаланиш бўлиб, эркаклар учун вожиб. Бунинг учун кийимни кўтариб ҳожат ўрнидан тургач, пешоб йўлига кесак тутиб юриш ё силкиниш ё йўталиш керак. Сийдик йўлида ҳеч нарса қолмаганига тўла ишонч ҳосил бўлгач, сув билан тозаланишга ўтилади.
(Давоми кейинги сонда)
Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондида Малайзия Республикасининг исломий молия соҳасида ихтисослашган INCEIF университети делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда университет вакиллари Шазмир Мухтар, Моҳд Ҳаснол Моҳд Юнус ҳамда Фотима хоним иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўртасида исломий молия ва вақф соҳаларини ривожлантириш, халқаро тажриба алмашиш, илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, ўзбекистонлик ёшларни INCEIF университетида исломий молия йўналиши бўйича магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиш учун юбориш, уларнинг халқаро таълим дастурларида иштирокини таъминлаш ҳамда келгусида малакали кадрлар салоҳиятини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, вақф соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, мазкур йўналишда қўшма тадқиқотлар олиб бориш, илмий семинар ва конференциялар ташкил этиш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида ўзбекистонлик ёшларнинг Малайзиядаги мазкур нуфузли таълим муассасасида таҳсил олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда вақф ва исломий молия соҳаларида ўзаро илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро келишувга эришилди.
Мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, соҳа учун халқаро тажрибага эга малакали мутахассислар тайёрлаш ва вақф институтининг илмий-амалий асосларини янада такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
"VAQF" XAYRIYA JAMOAT FONDI ijtimoiy tarmoqlari