Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Ноябр, 2026   |   30 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:05
Пешин
12:12
Аср
15:27
Шом
17:11
Хуфтон
18:27
Bismillah
10 Ноябр, 2026, 30 Жумадул аввал, 1448
Мақолалар

Қурайш обиди

19.10.2026   45297   3 min.
Қурайш обиди

“Қурайш обиди” унвонига сазовор бўлган Абу Бакр ибн Абдураҳмон мадиналик етти фақиҳдан бири эди. У кўзи ожиз бўлса-да, илмли ва тақводор эди. Ҳаёти давомида суннатга қаттиқ амал қилиб, ҳатто мустаҳаб амални ҳам мукаммал адо этишга интилди. Укаларидан бири: “Акам узлуксиз рўза тутган”, дея таъкидлаган. У зарурат пайтида ижтиҳодига суяниб, фатволар берган.


Абу Бакр ибн Абдураҳмон Умар ибн Хаттобнинг халифалик замонида ҳижрий 22 йилда дунёга келган. Отаси Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом катта тобеин, ўз қавмининг шарафли кишиси эди. У Аммор ибн Ёсир, Абу Масъуд Ансорий, Ойша бинти Абу Бакр, Умму Салама, Абу Ҳурайра, Асмо бинти Умайс ва бошқа кўплаб катта саҳобалардан ҳадис ривоят қилган.


Унинг ўзидан эса мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа ровийлар ривоят қилган. Абу Бакр ибн Абдураҳмон нақл қилган ривоятларнинг аксарияти Абу Ҳурайрага боғланади. Абу Бакр ибн Абдураҳмоннинг машҳур ривоятлари орасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мана бу ҳадислари ҳам бор. Буни Ибн Шиҳоб Абу Бакр ибн Абдураҳмондан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилган:


«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мен бир кунда етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтаман”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояти).


Абу Бакр ибн Абдураҳмон кучли ва мустаҳкам хотира соҳиби эди. У ривоят қилган ҳадисларни шогирдлари синчковлик билан ёзиб боришган. Чунки ўша даврдаги фиқҳий мажлисларда ҳадисни ёзиб бориш амалиёти кенг қўлланар эди. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ва унинг ака-укалари бу борада ҳақиқий ибрат намунаси бўлишди.


Абу Бакр ибн Абдураҳмоннинг тақводорлиги ва илми учун мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвон уни қаттиқ ҳурмат қилган. Халифа ўғилларига ҳам фақиҳнинг ҳурматини ўрнига қўйишни тайинлаган. Бироқ Мадинада умравийларни ёқтирмаган тоифалар ҳам бор эди. Буни билган Абдулмалик ибн Марвон бундай деган эди:


“Аллоҳга қасам, Мадина аҳлидан бизнинг шаънимизга ёмон гаплар айтадиганларни жазоламоқчи бўламан-у, Абу Бакр ибн Абдураҳмон эсимга тушиб, бу ниятимдан қайтаман. Ундан уялганим учун бу ишни қилмайман”.


Мўминлар амири ҳадис ва фиқҳ соҳиби ҳурмати учун ўзига қарши сўзловчиларни жазоламаган.


Бир куни у Масжиди Набавийда жамоатга пешин намозини ўқиб берди. Сўнгра уйига қайтиб ҳушидан кетди. Шом намозидан олдин масжид муаззини Мадина аҳлига бундай деди:


«“Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтгувчимиз”. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу вафот этди».

Шу куни унинг шогирдлари шом намозини қайғуга ботган ҳолда шайхсиз адо этдилар. У Бақиъ қабристонига қўйилди. Ҳижрий 94 йилда кўплаб фақиҳлар қатори Абу Бакр ибн Абдураҳмон ҳам вафот этди. Кейинчалик ўша йилга “Фақиҳлар йили” деб ном берилди. 


Бобомурод Эрали
тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди

10.11.2026   9574   3 min.
Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди

Бугун, 10 ноябрь куни Бухоро шаҳридаги қадимий ва табаррук илм маскани – Мир Араб олий мадрасасида “Глобаллашув даврида соф ақида ва тасаввуф масалалари” мавзусида халқаро даражадаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.


Мазкур йирик анжуманда маҳаллий ва хорижлик етакчи уламолар, исломшунос олимлар ҳамда диний соҳа мутахассислари жам бўлиб, бугунги куннинг энг долзарб муаммолари ва уларнинг илмий-амалий ечимларини муҳокама қилдилар.


Конференция аввалида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, профессор Даврон Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Татаристон муфтийси ўринбосари, Россия ислом институти ректори Рафик Мухаметшин ва Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Эловлар сўзга чиқди. Нотиқлар бугунги ахборот хуружлари авж олган мураккаб даврда бундай илмий анжуманларнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлаб, анжуман ишига ривож тиладилар.


Шундан сўнг конференция ўз ишини иккита асосий шўбага бўлинган ҳолда қизғин баҳс-мунозаралар билан давом эттирди. 
 

1-шўба: "Глобаллашув даврида соф ақида: муаммолар ва ечимлар"
 

Ушбу йўналишда Ибн Халдун университети (Туркия) вице-президенти, профессор Özcan Erkan Akgun ҳамда Қозон ислом институти доктори Рашид Сибгатулин каби хорижлик меҳмонлар билан бир қаторда, юртимиз олимларининг муҳим маърузалари тингланди.

Хусусан:

  • Соатмурод Примов (Тошкент ислом институти кафедра мудири) Имом Абу Ҳанифанинг адашган оқимларга қарши курашдаги бебаҳо қарашларини таҳлил қилиб берди; 
     

  • Дилсора Болтаева (Жўйбори калон мадрасаси вакили)нинг "Сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта диний контент: таҳдидлар ва ҳимояланиш стратегиялари" мавзусидаги чиқиши бугунги рақамли оламдаги янги хавфлардан огоҳлантириши билан барчада катта қизиқиш уйғотди;
     

  • Асрорхон Маҳмудов (Мир Араб олий мадрасаси) ва Др. Аҳмед Саад (Имом Мотуридий маркази)ларнинг мотуридийлик таълимотида васатийлик тамойиллари ҳамда тасаввуф уйғунлигига оид маърузалари тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.
     

2-шўба: "Глобаллашув даврида тасаввуф: маънавий мерос ва замонавийлик"


Мазкур шўбада тасаввуфнинг жамият маънавиятидаги ўрни ва бугунги кундаги аҳамияти кенг очиб берилди. 
 

  • Аҳмад Муҳаммад Али Мисрий (Мир Араб олий мадрасаси) Абу Ҳафс Насафий мисолида Қуръони каримнинг тасаввуфий тафсирига тўхталди;
     

  • Шукурилло Умаров (Имом Бухорий маркази) жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда Нажмиддин Кубро таълимотининг ўрни ҳақида сўз юритди;
     

  • Учқун Авлиёқулов (Мир Араб олий мадрасаси проректори) эса Малайзиядаги замонавий тасаввуф ташкилотлари ва маънавий дипломатия тажрибаси билан ўртоқлашди. 
     

Шунингдек, Мисрнинг Бухоро давлат университетидаги вакили Др. Айман Усмон каби олимлар ҳам ўзларининг илмий хулосаларини тақдим этди.


Умуман олганда, мазкур халқаро конференция глобаллашув шароитида ёт ғояларга қарши соф ақидани сақлаш, аждодларимизнинг бой тасаввуфий меросини ўрганиш ва мўмин-мусулмонлар онгини турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилишда муҳим илмий-амалий минбар вазифасини ўтади. 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди Бухорода ақида ва тасаввуф масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари