Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Декабр, 2024   |   07 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:11
Қуёш
07:36
Пешин
12:20
Аср
15:13
Шом
16:57
Хуфтон
18:16
Bismillah
08 Декабр, 2024, 07 Жумадул сони, 1446

Закот

ЗАКОТ НИМА?

«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.

Шаръий истилоҳда «Закот – махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир».

«Махсус мол» – нисобга етган мол демакдир. «Махсус жуз» – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдордир. Мисол учун, бир кишига «Ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди. «Махсус шахс» деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган. «Аллоҳнинг розилиги учун» жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади. «Шариат тайин қилган» деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилади. Озгина садақа бериб, «шу закот» деб бўлмайди. «Мулк қилиб бериш» деган жумладан эса «ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди» деган маъно англанади.

Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир.

Закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир. У исломий ибодат бўлиб, ақийданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир бўлади, бордию уни адо этмаса, осий бўлади. 

Фиқҳ китобларимизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, закот ибодатлар қисмида келган. Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам мавжуд. Унда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топган. Закотда уни берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.

Закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиёридаги мол-дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини, бу мол-дунёга вақтинчалик эга бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги мол-дунёни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга интилади. Бу ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳим ва зарур омилдир. 

Закот ибодати нафақат закот берувчи ва закот олувчига, балки жамиятга ҳам улкан фойда келтиради. Шунинг учун закот ибодати татбиқ қилинган жамиятларда кўп мушкулот ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.

ЗАКОТНИНГ ФИҚҲИЙ ҲУКМЛАРИ

I. Закотберувчида бўлиши лозим шартлар:

1. Мусулмон бўлиш.

2. Балоғатга етган бўлиш.

3. Оқил бўлиш. 

4. Ҳур бўлиш.

II. Закотфарз бўлиши учун молда бўлиши лозим шартлар:

1. Нисобгаетиши.

2. Тўлиқмулк бўлиши.

3. Феъланёки тақдиран ўсувчи мол бўлиши.

4. Ҳожатиаслиядан ортиқча бўлиши.

5. Қарзданхоли бўлиши.

6. Бир йил тўлган бўлиши керак.

III. Закотнинг тўғри бўлиши шартлари:

1. Ният.

2. Ҳақдорга мулк қилиб берилиши.

1. Ният. 

Закотни адо этиш вақтида ёки уни ажратиш вақтида ният қилиш шартдир. Молнинг ҳаммасини садақа қилиб юборса, ният қилиш шарт эмас.

Закотнинг тўғри бўлиб, ўрнига ўтиши учун энг муҳим шарт закот беришни ният қилишдир. Чунки Исломда ҳеч бир ибодат ниятсиз бўлмайди. 

2. Ҳақдорга мулк қилиб берилиши. 

Закот тўғри бўлиши учун ажратилган мол закот берувчи томонидан ҳақдорларга мулк қилиб берилиши керак. Фойдаланиб туришга берилган буюмлар закот бўлмайди, шунингдек, кишиларни таомлантириб, «мана шу менинг закотим» дейиш ҳам жоиз эмас. Лекин таом сотиб олиб, закот деб ният қилиб берса бўлади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, ақли заиф ёки ёш болага закот бериб бўлмайди. 

«Садақа қилинди» дегани «бировга бир нарса мулк қилиб берилди» деганидир. «Фақирларгадир» деганда ҳам араб тили қоидасида уларга мулк қилиб бериш тушунилади.

ЧОРВА ҲАЙВОНЛАРИНИНГ ЗАКОТИ

Чорва ҳайвонлари закотининг шартлари:

1. Яйловдаўтлайдиган бўлиши.

2. Ишчи ҳайвонбўлмаслиги.

Яйловда ўтлайдиган бўлиши, яъни йилнингкўп қисмида оммавий яйловда ўтлаб, семириб, болалабюриши. Йилнинг баъзи вақтида қўлдан ем еса ҳам бўлаверади. Йилнинг кўп қисмидақўлда боқилган ҳайвонлардан закот берилмайди. Чунки уларнибоқишга шахсий меҳнат ва сарф-харажат кўп кетганбўлади.

Йилнинг кўп қисмида яйловда боқилган ҳайвонларга эса меҳнат ҳам, сарф-харажатҳам жуда оз кетади. Асосан кўпчиликнинг ҳаққи бўлмиш яйловдан фойдаланилади. Шунинг учун кўпчилик ичидаги камбағал-мискинларга закотбериш керак бўлади.

Ишчи ҳайвон бўлмаслиги. Чорваҳайвонларининг ишчисидан, яъни аравага, омочга қўшиладиган, юк ташишгаишлатиладиган, миниладиган, жувозда, сув чиқаришда ёки шунга ўхшаш ишларда фойдаланиб туриладиганидан закот олинмайди, чунки бундайҳайвонлар ҳожати аслия ва иш воситаси ҳисобланади, ўсувчи мол эмас. Қолаверса, уларни ишга солибтопилган нарсалардан закот чиқарилади. Ана ўша закотйўлида хизмат қилганлари учун ҳам уларнинг ўзларидан закот олинмайди.

Туядан олинадиган закот миқдори

Туянинг нисоби бештадир. Тўртта туяси бор кишига закот фарз бўлмайди. Лекин эгаси ўзи хоҳлаб, берса, ихтиёрига ҳавола. 

Ҳанафий мазҳабида туянинг сони бир юз йигирма битта бўлгандан бошлаб бунинг закотига туяга закот бериш бошланган вақтдаги закот қўшилиб, худди аввалгидек ортиб бораверади. Туялар икки юзга етганда қўшимча қўшиш яна қайтадан бошланади.

Қорамолнинг закоти

Қорамолдан закот бериш тартиби:

Ўттизта қорамолдан бир ёшли эркак ёки урғочи бузоқ; 

Қирқта қорамолдан икки ёшли эркак ёки урғочи бузоқ, 

Қирқтадан ошганда то олтмиштагача икки ёшли эркак ёки урғочи бузоқ ҳамда қирқтадан ошган ҳар бир бош учун ана шундай сифатли бузоқ қийматининг қирқдан бири бериб борилади. 

Олтмиштадан ошганда ҳар ўттизта қорамол учун бир ёшли эркак бузоқ, ҳар қирқта қорамол учун икки ёшли урғочи бузоқ закот қилиб берилади.

Масалан, қорамоллар сони 41 та бўлганда икки ёшли эркак ёки урғочи бузоқ ҳамда шундай бузоқ қийматининг қирқдан бири берилади. 42 та бўлса, икки ёшли эркак ёки урғочи бузоқ ҳамда шундай бузоқ қийматининг қирқдан иккиси берилади ва ҳоказо.

Қўй-эчкиларнинг закоти

40 та қўй ёки эчкидан битта, 121 дан иккита, 201 тадан учта, 400 тадан тўртта, сўнг ҳар юзтадан битта қўй закот берилади.

Қўйларнинг сони қирқтага етганда нисобга етган бўлади ва улардан бир дона қўй закотга чиқарилади. Қўйларнинг умумий сони ўттиз тўққизта бўлса ҳам, закот фарз бўлмайди. Бунда закот бериш-бермасликни эгасининг ўзи билади. Бераман деса, беради, бермаса, гуноҳкор бўлмайди. 

Қирқтадан то бир юз ўн тўққизтагача бўлган қўйлардан бир дона қўй закотга берилади. Бир юз йигирматага етгандан сўнг то икки юзга етгунча иккита қўй берилаверади. Икки юздан ўтганидан кейин эса учта қўй берилади. 

Уч юздан ошгандан кейин эса ҳар юзтасидан битта қўй закотга чиқарилади. Бунда қўй боқишни кўпайтириш мақсадида улар қанча кўп бўлса, шунча оз закот олиш йўлга қўйилган.

Эчки ҳам қўй ҳисобида бўлишини унутмаслик керак.

Отнинг закоти

Қуйидаги отлардан закот олинмайди:

1. Миниладиган, ишлатиладиган ва ҳарбий хизматга тайёрланган отлар.

2. Ем бериб боқиладиган отлар.

Демак, тижорат учун боқиладиган от, хачир ва эшаклардан закот олинади.

ТИЛЛА ВА КУМУШНИНГ ЗАКОТИ

Тилланинг нисоби йигирма мисқол, кумушники икки юз дирҳам. Ўнта дирҳамнинг вазни етти мисқолдир. Хоҳ ишланган бўлсин, хоҳ ёмби бўлсин, қирқдан бирини бериш фарздир. Нисобга зиёда бўлган ҳар бешдан бирдан ҳисоби ила чиқарилади. (Тилланинг аралашган нарсадан) ғолиблиги эътиборга олинади. Агар аралаштирилган нарса ғолиб бўлса, (тилланинг) қиймати аниқланади (ва закоти чиқарилади).

Айтиб ўтилган нарсалардан бошқада закот фарз бўлмайди. Агар тижорат ниятида бўлса, фарз бўлади. Мерос йўлидан бошқа йўл билан уларга молик бўлган вақтда унинг (тижорат молининг) қиймати икки пул бирлиги(тилла ва кумуш)дан фақирларга манфаатлироқ бўлган нисобга етса, фарз бўлади («Кифоя»дан)

Кумуш танга пулдан фарз бўладиган закот миқдори ўндан бирнинг тўртдан бири, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда икки ярим фоизи экан. Жумладаги «қирқдан бири» ибораси матнда «ўндан бирининг тўртдан бири» деб айтилган, чунки араб тилида «қирқдан бир» деган ифода йўқ. Демак, кимнинг кумуш тангалари нисобга етса, икки ярим фоизини закот қилиб чиқариши керак бўлади.

Бир юз тўқсон танга кумуш пулга закот фарз бўлмайди. Аммо эгаси ўз ихтиёри билан закот бермоқчи бўлса, жоиз.

Кумуш танга пулнинг нисоби беш увқия. Бир увқия қирқ дирҳамга тенг. Уни бешга кўпайтирсак, икки юз дирҳам бўлади. Икки юз дирҳам кумуш пул нисобга етган бўлади.

Тилла пулнинг йигирма динордан озида закот фарз бўлмайди, чунки тилла пулнинг нисоби йигирма динордир.

Тилла пул ҳам нисобга етганидан кейин бир йил ўтсагина, закот фарз бўлади. Бир йилдан оз миқдорда нисобдан кам бўлиб қолса, закот фарз бўлмайди.

Йигирма динор тилла пулдан ярим динор закот берилади.

Нисобдан ортиқ пулдан нисбатига қараб икки ярим фоизи закотга чиқарилаверади.

НАҚД ПУЛДАН ОЛИНАДИГАН ЗАКОТ

Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади? Унинг шартлари қандай?

Нақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:

1. Пул нисобга етган бўлиши.

2. Бир йил тўлиши.

3. Қарздан холи бўлиши.

4. Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши.

Пул нисобга етган бўлиши. Тилла пул бўлса, йигирма динор, кумуш пул бўлса, икки юз дирҳам нисоб эканини яхши билиб олдик. Аммо ҳозир тилла ҳам, кумуш ҳам пул сифатида ишлатилмайди. Қоғоз пулдан қандай қилиб закот чиқарилади? Унинг нисоби қанча?

Кумуш халқаро миқёсда пул ўрнида умуман қабул қилинмай қўйди. Тилла эса пул ўлчови сифатида дунё бўйича мақбул бўлиб турибди. Шунинг учун уламолар қоғоз пулни тилланинг қиймати билан ўлчаш керак, деган фикрга келганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида йигирма динор пулнинг оғирлиги йигирма мисқол бўларди. Йигирма мисқол эса саксон беш граммга тенг.

Демак, 85 грамм тилланинг баҳоси қоғоз пулнинг нисоби бўлади. Кимда 85 грамм тилланинг қийматига тенг ёки ундан кўп қоғоз пул бўлса, закот бериши фарз бўлади. У одам пулини ҳисоблаб туриб, икки ярим фоизини, яъни қирқдан бир бўлагини закотга бериши керак.

Бир йил тўлиши керак. Нақд пуллардан ёки уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалардан закот фарз бўлиши учун лозим бўлган шартлардан бири – ўша пул нисобга етган ҳолида тўлиқ бир йил туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича, йилнинг ўртасида пул нисобдан кам бўлса ҳам, йилнинг бошида ва охирида тўлиқ бўлса, закот фарз бўлаверади.

Фойдага келган моллардан: ойлик маош, иш ҳаққи, мукофотлар, ҳунар қилиб топилган пуллар, ижарага қўйилган иморатлар, меҳмонхона, завод ёки фабрика ва машиналардан тушган фойдаларни ҳам асл сармояга қўшиб туриб закот чиқарилади.

Қарздан холи бўлиши керак. Пулдан закот фарз бўлиши учун у қайтариб берилиши зарур бўлган қарз бўлмаслиги керак. Айтайлик, бировнинг қўлида нисобга етган пули бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. У аввал қарзини бериши керак. Уни берганидан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди.

Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши керак.  Дейлик, бир кишининг қўлида нисобга етган пули бор. Аммо у ўзига ва қарамоғидаги кишиларга қишлик ёки ёзлик кийим олиши керак. Ёки бир йиллик озиқ-овқатининг сарф-харажати ҳам бор. Уй сотиб олиши, уйига керакли анжомлар, касб-ҳунари учун асбоблар, мингани, зарурат учун улов ёки ўқигани китоб олиши керак. Ушбу нарсаларни ёки улардан баъзиларини сотиб олганидан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди. Сотиб олишидан олдин эса пули нисобга етган бўлса, фарз бўлади. Чунки закот ўзига тўқ, ўз эҳтиёжларидан ортиқча пули бор бой одамларга фарздир.

ТИЖОРАТ МОЛИДАН ҚИЙМАТИНИ ЗАКОТГА ЧИҚАРИШ

Сотиб олинган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди, чунки уларнинг орасида шахсий ва оилавий фойдаланиш учун нарсалар ҳам бўлади. Фақатгина сотиш, фойда олиш ниятида харид қилинган нарсагина тижорат моли ҳисобланади.

Уламоларимиз: «Тижоратда иккита асосий унсур: ният ва амал бор», дейишади. Ният – фойда кўриш мақсади бўлса, амал – олди-сотдидир. Ушбу икки унсур бир бўлгандагина, тижорат бўлади. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса, тижорат бўлмайди.

Шунга кўра, биров ўзи учун бирор нарса олиб, уни ишлатиб юрса-ю, яхшироқ фойда чиқса сотиб ҳам юбориш мақсади бўлса, у нарса тижорат моли бўлмайди. Чунки уни аслида ўзи учун олган. Аксинча, сотиб, фойда кўриш ниятида олган нарсасидан ўзи вақтинча, яхшироқ харидор чиққунча фойдаланиб турса ҳам, у нарса тижорат моли ҳисобланади. Аммо ушбу нарсани «Сотмайман, ўзим фойдаланаман», деб ният қилса-ю, фойдаланиб юрса, ўша мол тижорат моли бўлмайди ва ундан закот ҳам бермайди.

Тижорат молларидан закот фарз бўлишининг шартлари ҳам худди пулдаги шартларга ўхшайди, яъни бунинг учун мол нисобга етиши, бир йил тўлиши, қарздан холи бўлиши ва ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши лозим.

Закот бериш вақти келганда тожир қўлидаги ва ҳисоб рақамидаги пулларини, савдога қўйилган молларидан бир йил тўлганини ва одамларга берган қарзларидан қайтиб келишига кўзи етганларини жамлаб ҳисоблайди, сўнгра бунинг икки ярим фоизини закотга чиқаради.

Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, бинонинг асбоб-анжомлари, тижорат моллари қўйиладиган жойлар, пештахта ва шунга ўхшаш сотувга қўйилмаган нарсалар ҳисобга олинмайди. Тижорат молларининг қиймати закот чиқарилаётган кундаги баҳосида ўлчанади. Закотни тижорат молларининг ўзидан ёки қийматидан чиқарса ҳам бўлади. Аммо камбағалларга фойдалироқ бўлгани учун қийматидан чиқарилса, яхши бўлади.

Закот, садақаи фитр, каффорат, ушр ва назрларда уларнинг қийматини бериш ҳам жоиз. Бир йил тўлгандан кейин камайса, закотнинг ўша камайган миқдордаги улуши соқит бўлади. Закот нисобдадир, афв қилинган нарсада эмас. 

Агар қирқта туяга бир йил тўлгандан кейин ўн бештаси ҳалок бўлса, бинти махоз бериш вожиб бўлади.

Йилнинг ўртасида кўрилган фойда ўз жинсидан бўлган нисобга қўшилади. 

Нисобни мукаммал қилиш учун тилла кумушга ва тижорат моллари қиймати ила иккисига қўшилади. 

Нисобнинг йил давомида ноқис бўлгани (камайгани) ҳисоб эмас. Закотни бир йил ва ундан ҳам аввалроқ бериш жоиз.

Шунингдек, бир нисобга соҳиб бўлган киши бир неча нисобнинг закотини олдиндан берса бўлади («Кифоя»дан).

Бу ерда закотга оид бир неча масала муолажа қилинмоқда. Аввало, закот ва унга ўхшаш молиявий ибодатда бериладиган нарсаларнинг ўзини бермай, қийматини берса ҳам бўлиши ҳақида сўз бормоқда.

Закот, садақаи фитр, каффорат, ушр ва назрларнинг қийматини бериш ҳам жоизлиги ҳақида ҳанафий мазҳабининг уламолари: «Қийматини чиқарса яхши бўлади, баъзи вақтларда қийматини бериш мискин ва фақирлар учун манфаатлироқ бўлади», дейишади. Замондош уламоларимиз бу борадаги барча маълумотларни тўлиқ ва атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳанафий мазҳабининг тутган йўли ҳозирги замон учун муносиб, деган фикрга келишган.

Закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қийматини берса бўладими? Ҳанафий мазҳабида: «Закотга бериладиган ҳайвон ўрнига унинг қиймати берилса бўлади», дейилади. Қиймат ҳар юртнинг ўз нархида ва закот берилаётган куннинг баҳосига қараб бўлади.

ТИЛЛА-КУМУШ БУЮМЛАР, ИДИШЛАР ВА ТАҚИНЧОҚЛАРНИНГ ЗАКОТИ

Ушбу масалада фиқҳий мазҳаблар иккига бўлинишган:

1. Ҳанафий мазҳаби: «Аёлларнинг тақинчоқларидан закот чиқарилади», деган.

2. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари: «Аёлларнинг одатдаги тилла ва кумуш тақинчоқларидан закот чиқариш фарз эмас», деган.

Ҳанафий уламоларимиз тилла-кумуш буюмлар, идишлар ва тақинчоқлардан закот бериш борасида қуйидаги фикрларни айтишган:

1. Тилла ва кумушдан ясалган турли буюмлар, идишлар учун закот бериш фарздир. Аввало, Ислом бу нарсаларни исрофгарчилик, манманлик ҳамда камбағалларнинг кўнгли чўкишига сабаб бўлгани учун ҳаром қилган. Мусулмон одам мазкур нарсаларни уйида сақламагани маъқул. Аммо ким ушбу қоидага риоя қилмай, уларни ўзига мулк қилиб олган бўлса, ўша нарсаларнинг ўзи ёки бошқа мулк билан қўшилганда нисобга етса, закот бериши фарз бўлади.

Уламоларимиздан баъзилари: «Бундай идиш ва буюмларнинг нисобга етганини аниқлаш учун уларнинг оғирлиги эътиборга олинади, агар 85 граммга етса, нисобга етган бўлади», деганлар. Баъзилари эса: «Қиймати эътиборга олинади, чунки бу нарсалар санъат асари сифатида баҳоси яна ҳам ортган бўлади», дейишади.

2. Эркак кишиларнинг тилла ва кумуш тақинчоқларидан ҳам закот олинади. Эркак кишига шариатимизда битта кумуш узук тақишга рухсат берилган. Лекин шундай бўлса ҳам, ўша нарсалардан тақинчоғи бўлса, уни тақиш ёки тақмаслигидан қатъи назар, ўзига мулк бўлиб тургани учун закот беради. Уни бошқа мулкларга қўшиб нисоб ҳисобига киритади. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ўсиши керак бўлган молни ўлик мол қилиб қўйиш ҳисобланади ва Исломда қораланади. Зарурат учун, кишининг соғлиғи учун қилинган тилла ва кумуш нарсалар, масалан, тиш, бурун ва шунга ўхшашлардан закот берилмайди.

3. Маржон, лаъл, зумрад, олмос, ёқут каби нарсалардан закот берилмайди. Чунки бу нарсалар ўсмайдиган мол ҳисобланади. Фақат аёлларнинг зебу-зийнати шаклида ишлатилади.

4. Тилла ва кумуш тақинчоқлар тақиш учун эмас, пулни банд қилиш учун, жамғарма қилиш учун, сотиб-фойда кўриш учун олиб қўйилган бўлса, улардан закот бериш вожиб бўлади. Агар шундай қилинмаса, одамлар закот беришдан қочиб, пулига тилла ва кумуш тақинчоқлар олиб қўйишга ўтади. Қолаверса, бундай тақинчоқлар аёлларнинг ҳожати учун эмас, пулни ушлаб ва унинг фойдасини олиш учун жамғарилган бўлади.

ҚИММАТБАҲО ТОШЛАРНИНГ ЗАКОТИ

Тоғдан топилган ферузадан закот берилмайди, чунки бунга ўхшаш нарсалар туз каби ернинг бир бўлаги ҳисобланади.

Шунингдек, марварид, лаъл, зумрад, олмос, ёқут каби нарсалардан закот берилмайди, чунки бу нарсалар ўсмайдиган мол ҳисобланиб, фақат аёлларнинг зебу зийнати сифатида ишлатилади.

Одамлар томонидан ерга кўмилган нарса топилса ва унда калимаи шаҳодат ёки шунга ўхшаш исломий аломатлар бўлса, унинг ҳукми тушиб қолгандан кейин топиб олинган нарсанинг ҳукми каби бўлади. Албатта, бу каби нарсалар мусулмонларнинг мулки ҳисобланади. Бу ҳолда худди топиб олинган нарса каби мазкур дафинанинг ҳам эгасини топиб, унга қайтариб бериш учун шариатда қабул қилинган чоралар кўрилади. Эгаси топилмаса, топилманинг ҳукмида бўлади.

Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари: «Дафинанинг закоти давлат мулкига қўшилади», дейишган. Шофеъий мазҳабида эса: «Дафинанинг закоти бошқа закотлар бериладиган ҳақдорларга берилади», дейилган. Нима бўлганда ҳам, дафинанинг закотини бериш керак.

ЗАКОТ ОЛИШИ МУМКИН БЎЛМАГАНЛАР

Закот олиши ҳаром бўлганлар қуйидагилардир:

Орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борлар.

Бу тоифага кишининг туққанлари, яъни ота-онаси, бобо-момолари неча поғона юқори бўлса ҳам киради. Мазкур киши ана ўшаларга закотини бериши мумкин эмас.

Ўзининг қулига, бир қисмини озод қилган қулига закот берилмайди.

Қул хожанинг мулки бўлади. Ўзининг мулкига закот бериш дуруст эмас.

Зиммийга эмас. Унга (зиммийга) закотдан бошқасини берса бўлади.

Зиммийга закотдан бошқасини берса бўлади. Ислом давлати соясида яшаётган «аҳли зимма» деб аталувчи бошқа дин вакилларига закотдан бериб бўлмайди. Чунки закот мусулмонлардан олиниб, мусулмонларга берилиши шарт. Аммо аҳли зиммага нафл садақалардан, садақаи фитрдан берса бўлади. Чунки аввал айтилганидек, закот молиявий ибодат бўлиб, уни бериш учун ҳам, олиш учун ҳам мусулмон бўлиш керак.

Фосиқ кишига закот берса бўладими?

«Фосиқ» деб баъзи гуноҳ ишларни қилиб номи чиққан одамга айтилади. Ўзи мусулмон одам-у, лекин гуноҳ ишлар ҳам қилган бўлади. Қадимги уламоларимиз бундай одамларга закот бериш мумкин, дейишган ва закотни олгандан кейин уни фисқ ва гуноҳ ишларга сарфламаслиги аниқ бўлиши керак, деган шартни қўйишган.

Куч-қуввати етарли, бирор касбга қодир кишиларга закотдан берилмайди.

Касб-корга қодир бўлган, соғлом кишига закотдан улуш берилмаслиги учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:

1) Ўз касбига яраша иши мавжуд бўлиши;

2) Бу иш ҳалол иш бўлиши;

3) Мазкур иш тоқатидан ташқари, чидаб бўлмайдиган даражада бўлмаслиги;

4) Бу иш унга муносиб, ўзига ўхшаш кишиларнинг обрўсини тўкмайдиган иш бўлиши;

5) Ўзида ва қарамоғидагиларда етарли касб қилиш имкони бўлиши.

Таркидунё қилиб, ибодатга берилган одамга закотдан улуш берилмайди.

ЗАКОТ БЕРУВЧИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Закотни адо қилувчи банданинг зиммасида бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор:

1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак. У уч нарсадан иборат: Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилувчини ўзи муҳаббат қўйган нарсасини чиқариши билан синаш; ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш; мол-мулк неъматига шукр қилиш.

2. Риёкорликдан холи бўлиш учун закотни сир тутиш. Уни изҳор қилишда фақирни хорлаш бор. Агар «закотни бермади» деган туҳматдан қўрқса, фақирларга жамоат ичида очиқчасига беради. Бошқаларга пинҳона равишда беради.

3. Закотини миннат ва озор билан бузмайди. Инсон фақирга эҳсон қилаётганида  миннат ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса, унинг закотини олган фақир киши Аллоҳ таолонинг унга буюрган ҳаққини қабул қилиб, унга яхшилик қилаётган, унинг молини бировнинг ҳаққидан поклаётган бўлади. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чиқариши у билан фақир ўртасидаги муомала эмас, балки мол неъматига шукрдир. Шунинг учун фақир одам фақирлиги учун ҳақоратланмаслиги керак, чунки фазл мол-мулкнинг борлиги ёки йўқлигида эмас.

4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим, чунки ишни катта санаган одам у билан фахрланади. Яхши иш уч нарса билан: уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади.

5. Закот берувчи молидан энг ҳалолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин.

6. Садақасини беришга лойиқ одам топиш. Уларда қуйидаги сифатлар бўлиши керак:

Биринчи сифат: тақво.

Иккинчи сифат: илмли бўлиш.

Учинчи сифат: «Неъмат бериш ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан бўлади», деб эътиқоддаги одам бўлиши.

Тўртинчи сифат: фақирлигини яширадиган, ҳожатмандлигини бекитадиган ва ошкора шикоят қилмайдиган бўлиш.

Бешинчи сифат: аёлманд, қарзга дучор бўлган, оғир касалликка чалинган кишилар бўлсин.

Олтинчи сифат: қариндош-уруғлардан бўлсин, чунки уларга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир. Кимда ушбу сифатлардан иккитаси ёки кўпроғи жам бўлса, закотни ана шундай одамга бериш афзалдир.

Закот олувчининг вазифалари

Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор:

1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани бартараф қилиш учун закотни унга беришни буюрганини фаҳмласин ва барча ғамини йиғиб, битта ғамга – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга айлантирсин.

2. Берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Лекин бу дуоси сабабнинг шукри миқдорида бўлсин.

3. Ўзига берилган нарсага эътибор берсин, ҳалол бўлмаган нарсани мутлақо олмасин, чунки бир киши бировнинг молидан закот чиқарса, бу нарса закот бўлмайди. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолгандагина ҳожатига ярашасини олсин.

4. Ўзига мубоҳ бўлган миқдорда олсин, ҳожатидан кўпини олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин.